“Оммавий маданият” бугун ўзининг чўққисига кўтарилаётган ва кўпгина халқлар қадриятига салбий таъсирини ўтказаётган бир пайтда, уни билиб-билмай ривожлантириб юбориш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Хусусан, миллий тил меъёрларига мос келмай, унинг талабларини қўпол равишда бузиши, нутқ маданиятига ёт ибораларнинг кириб келиши фикримизга тасдиқ бўла олади.
Маълумки, глобаллашув жараёнида оммавий ахборот воситалари, хусусан, интернетнинг роли ниҳоятда ошиб бораверади. Чунки глобаллашув ахборот майдонининг кенгайиши ва ундан чексиз фойдаланиш имкониятларини беради. Радио, телевидение бошловчилари, журналистлар нутқининг ўзбек адабий тили меъёрларига мос бўлиши ёшларнинг саводхонлиги, нутқ маданиятига ижобий таъсир қилади. Афсуски, радиоканалларда эшиттириш олиб борувчиларнинг нутқида ноўрин ишлатилаётган русча сўз ва бирикмалар, шева элементлари давлат тилининг ижтимоий нуфузи, мавқеига озми-кўпми салбий таъсир этади. Масалан, «стоп», «молодец», «конечно», «ҳазиллашепман», «ўқийди-де», «ўқишлар кетебдими», «радио тинглавопман». Бу ўзлигимиз тимсоли бўлган она тилимизга хиёнат эмасми…. Ачинарлиси, бундай ҳолатларни бадиий филмларда ҳам учратиш мумкин. “Оммавий маданият” таъсири натижасида она тилига муносабат айрим ёшларда сусайиши, уларда лоқайдлик кайфияти пайдо бўлиши мумкин. Асосий эътибор тилдан оқилона, ўрни билан фойдаланиб, уларда юқори нутқ ва муомала маданиятини тарбиялаш лозим.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни талабларини тўла бажариш асосида глобаллашув даврида давлат тилининг мавқеини янада кўтариш, ёшларнинг тил ва нутқ маданиятини ошириш мумкин. Бунинг учун ўзбек адабий тили, унинг қонун-қоидаларини мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва техникумлар, олий таълим муассасалари, малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимида пухта ўрганишни ташкил этиш зарур. Таълим-тарбия жарёнини саводхонлик, етук маданият, ёзма ва оғзаки нутқ маҳорати, нотиқликни эгаллаш тизими доирасида ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. «Она тилим –жону дилим», «Нотиқлик маҳорати», «Нутқ маданиятини эгаллаш – давр талаби», «Тилга эътибор – элга эътибор» мавзуларида суҳбат, учрашув ва семинарларни доимий уюштириш яхши натижа беради. Ўқитувчиларнинг нутқ маданияти ва маҳоратини тинмай ошириб боришларига эришиш, уларнинг тилдан фойдаланишда намуна бўладиган фазилатларни эгаллашларини таъминлаш ҳам долзарб вазифалардан саналади. Бу борада оила, мактаб қатори оммавий ахборот воситаларининг роли катта. Барчамиз яхши биламизки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча — қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади.
Мунаввара ХИДИРОВА,
ЖДПУ ўзбек адабиётини ўқитиш методикаси кафедраси доценти,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.