ЎЗБЕКИСТОН — БАҒРИКЕНГ ДИЁР!

Бугунги глобаллашув даврида инсоният олдида турган энг муҳим вазифалардан бири — турли миллат, элат, дин ва маданият вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдир. Зеро, дунё қайси давлатида яшашимиздан, теримизнинг ранги, қайси миллат ёки элатга мансублигимиздан қатъи назар, барчамизни бирлаштириб турадиган умуминсоний қадриятлар бор. Ана шундай эзгу қадриятларнинг энг муҳимларидан бири бағрикенгликдир.

Ҳар йили 16 ноябрь санасида дунё мамлакатларида Халқаро бағрикенглик куни кенг нишонланади. Бу сана шунчаки тақвимдаги муҳим кун эмас, балки ҳар бир инсонни ўз муносабатлари, қарашлари ва атрофдагиларга бўлган ҳурмати ҳақида ўйлашга ундайдиган маънавий даъватдир.

Мазкур сана тарихига назар ташласак, 1995 йил 16 ноябрь куни ЮНЕСКОга аъзо давлатлар томонидан Бағрикенглик тамойиллари декларацияси қабул қилинган. Унда инсонлар ташқи кўриниши, ирқи, ижтимоий мавқеи, қадриятлари ва хатти-ҳаракатларидан қатъи назар, тенг экани алоҳида таъкидланган. Шу тариқа 16 ноябрь Халқаро бағрикенглик куни сифатида эътироф этилган.

Ушбу сана муносабати билан юртимизда ҳам «Бағрикенглик ҳафталиги» эълон қилиниб, ҳудудларда турли маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ва маданий дастурлар ташкил этилди. Вилоятимизда ҳам мазкур сана алоҳида кўтаринки руҳда нишонланди. Унда турли миллат вакиллари, жамоатчилик фаоллари, миллий маданий марказлар раҳбарлари, соҳа вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбирлар аввалида иштирокчилар Хотира хиёбонидаги «Мотамсаро она» ҳайкали пойига гул қўйиб, тинчлик ва осойишталик йўлида жон фидо қилган инсонлар хотирасини ёд этдилар. Бу самимий маросим юрт тинчлиги, халқлар ўртасидаги дўстлик ва бирдамликнинг қадрини яна бир бор чуқур англашга чорлади.

Шундан сўнг вилоят мусиқали драма театрида «Ўзбекистон — бағрикенг диёр» шиори остида асосий тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Саҳобиддин Болиев сўзга чиқиб, юртимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни таъминлаш доимо муҳим қадриятлардан бири бўлиб келганини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ўз фикрларини билдирди. Тадбир давомида йил давомида жонбозлик кўрсатиб, миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарининг боғланишига, ўзаро ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган соҳа вакиллари тақдирланди. Бу эса эзгу ишлари билан жамиятда бирдамликни қарор топтиришга хизмат қилаётган инсонларга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ифодаси бўлди.

Юртимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни таъминлаш доимо муҳим қадриятлардан бири бўлиб келган,– деди вилоят қозоқ миллий маданий маркази раҳбари Ўтеп Сейдаманов. Бугун мамлакатимизда турли миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаб, Ватан равнақи йўлида меҳнат қилмоқда. Уларнинг тили, маданияти, урф-одатлари ва миллий анъаналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш учун имкониятлар яратилган. Айниқса, кўп миллатли халқимизга хос бўлган меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик фазилатлари жамиятимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг ўзига хос бойлиги ҳам ана шу бағрикенглик муҳити, турли миллат вакилларининг бир мақсад йўлида бирлашиб, аҳил-иноқ ҳаёт кечираётганида намоён бўлади. Бир дастурхон атрофида жам бўлиш, қувонч ва ташвишларни баҳам кўриш, миллий байрам ва анъаналарни ўзаро ҳурмат асосида нишонлаш халқимизга хос эзгу фазилатларнинг ёрқин ифодасидир.

Тадбирнинг бадиий қисмида намойиш этилган «Бағрикенг оҳанглар» номли дастур эса йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади. Унда санъат ва мусиқанинг миллатларни бирлаштирувчи, қалбларни яқинлаштирувчи сеҳрли кучи яна бир бор намоён бўлди. Зеро, санъатнинг тили ҳам, чегараси ҳам йўқ. У турли халқларнинг маданияти, урф-одатлари ва маънавий оламини бир-бирига яқинлаштиради. Бугунги тадбир ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Унда илгари сурилган фикрлар, билдирилган самимий мулоҳазалар ва намойиш этилган бадиий чиқишлар бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади: тинчлик ва тотувлик бор жойда тараққиёт, ўзаро ҳурмат ҳукм сурган жамиятда эса барқарор келажак бўлади.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган суратлар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *