Сўнгги вақтларда, айниқса, ўрта ёш ва ундан юқори ёшли аҳоли ўртасида тонгги бадантарбия ва юриш оммалашмоқда. Жиззах шаҳридаги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси олдидаги хиёбон саломатликни сақлашда спортни танлаган кишилар билан ҳар тонгда гавжум. Кейинги йилларда аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш мақсадида давлат томонидан рағбатлантирувчи механизмлар ишга туширилаяпти.
Жумладан, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида 11 та ёш тоифаси бўйича «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовлари ўтказилаяпти. Спорт синовларининг ихтиёрий ва махсус талабларини бажариш учун маҳалла ва мактабларда спорт иншоотлари танлаб олинган бўлиб, иштирокчилар узоқ ва қисқа масофага югуриш, юриш, баскетбол саватчасига тўп киритиш, узун ва қисқа масофага сакраш, граната улоқтириш каби спорт машғулотларини бажаради.
Жорий ҳафтада республика бўйлаб 30–70 ёш ва ундан катта ёшдаги аҳолидан “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини қабул қилиш бўйича рамзий старт бериш тадбири бўлиб ўтди. Жиззах шаҳридаги ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида жиззахлик соғлом турмуш тарафдорлари мазкур тадбирда иштирок этишди.
-Октябрь-ноябрь ойларида 30 ёшдан 70 ёшгача ва ундан катта ёшдаги шахслардан ҳамда давлат органлари, ташкилотларда фаолият юритаётган ходимлардан мураккаблик даражасини ҳисобга олган ҳолда ихтиёрий ва махсус талаблар асосида спорт синовлари олинади. Жисмоний тайёргарлик меъёрларини бажарган фуқароларнинг таҳлилий маълумотларини ягона электрон базада юритиш амалиёти жорий этилган бўлиб, my.sport.uz платформасида “Sport sinovlari” ахборот тизимига жойлаштириб борилади, – дейди вилоят спорт бошқармасининг матбуот хизмати раҳбари Акмал Абдураҳмонов.
Ушбу спорт синовларининг махсус талабларини бажарган иштирокчилар “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Шунингдек, ғолибларга ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган амалий машғулотларда устунлик берадиган сертификатлар берилади.
Муқаддас САПАРОВА.