ТИЛ – МИЛЛИЙ БИРЛИК ВОСИТАСИ

Бугун она тилимиз, унинг жозибали сўзлари тўғрисида кўплаб шеър битилмоқда, мақолалар ёзилмоқда, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали мустақил фикрлар баён этилмоқда. Уларнинг ҳаммалари ўзбек тилини суйиб, ардоқлаб гапиришмоқда, тилни ҳурматсиз қилмоқчи бўлганларни койиб, куйиб-ёниб гапиришмоқда. Бундай ҳолларда халқ орасида акс этаётган миллий ғурур, ўзлик қадри, ифтихорни кўрамиз. Энг муҳими, оммавий ахборот воситаларини титратиб, ижтимоий тармоқларда баланд янграётган бу овозларда МИЛЛИЙ БИРЛИК, ЯКДИЛЛИК намоён бўлмоқда. Миллат учун куюнчаклик, дунёга ўз сўзи билан юзланиш иштиёқи, завқи, шиддатида ҳиссамиз бўлишлиги қандай яхши, қанчалар соз! 

Биз бағрикенг халқмиз. Шомаҳмудовлар тимсолида динидан, тилидан айирмай, турли миллат вакилларини бағримизга босган халқмиз. Ўзгалар тилини таҳқирламаган, беҳурмат қилмаган ҳолда, ўз тилимизни эъзозлаган элмиз! Таъкидлаш жоизки, Россиялик лингвист олим М.Козлянина ўзбек тилини ўргана туриб, бу тилнинг жуда нафис, мусиқа оҳангидек жозибали эканлигини эътироф этган. Абдулла Қодирий ўз замонида “ўзбек тили кабағал тил эмас, уни камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини тилимизга тўнкамасинлар”, деган сўзларидан мана неча йиллардан буён фахрланамиз.

Дарҳақиқат, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгач, беш жилддан иборат ўзбек сўзлари изоҳли луғати тузилиб, унга саксон мингдан ортиқ сўз жамланган. Таниқли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовнинг қайд этишича, олимлар буюк ёзувчи ва шоирлар сўз бойлигини сарҳисоб қилган эканлар. Натижада, Пушкин 21197 та сўз қўллагани, Шекспирда бу рақам 20 мингга яқинлашгани маълум бўлган. Навоийнинг фақат туркийдаги сўзлари (форсий ва арабий сўзлар мустасно) 26 мингта экан! Бу тилда ҳар қандай воқеликни мукаммал ифода этиш, ҳар қандай бадиий асарни сайқаллантириш мумкин! Масалан, рус тилида  “уят” маъносини англатувчи “стыд” сўзи бор. Тўғри, “позор” сўзини ҳам бу ерда эътироф этиш мумкин, аммо у кўпроқ “шарманда” маъносини англатади. Мана шу “уят” сўзнинг ўзбек тилида қанча маънодошлари борлигини биласиз: “ор”, “номус”, “ҳаё”, “ибо”, “шарм”, “изза”, “уялиш”, “қимтиниш”, “тортиниш” ва ҳоказо. Бир қарашда улар синонимларга ўхшайди, аммо уларнинг ҳар бири уялмоқнинг қайсидир даражасини ифодалайди. Фикримизни ифодалашда қаердадир “тортиниш” сўзи мос тушса, қаердадир “қимтиниш”.

Мен бу билан рус тилини камситмоқчи эмасман, асло! Бунга ҳаққим ҳам йўқ. Шунчаки, ўзбек тили – онамнинг тили, она тилим, уни онамдай яхши кўраман. Шу боисдан гоҳида ҳайрон қоламан. Шундай бой тилимиздан сўз тополмай, айрим миллатдошларимиз фикрларини ифода этишда бошқа тилдаги сўзларни қўллайдилар. Узоққа бормай, ҳажв ёзувчимиз Ҳабиб Сиддиқнинг Америкадан ўзбек тилини билган ҳолда, энди ўзбекча урф-одатларни ҳам мукаммал ўрганиш учун келган “Америкалик қўшнилар” ҳақидаги ҳажвиясига юзланақолайлик, негаки у айнан ҳаётимиздан олинган:

“…— Биз одатда ҳув анови перекресткадан банянинг олдигача айтамиз.
Қўшним
(америкалик) ҳеч нарса тушунмади.

— Ҳаммомнинг денг, — эслатди хотиним. Дарров гапимни ўнгладим.

— Чорраҳадан ҳаммомгача.

Шундагина гапимни англаган маллавойнинг юз-кўзида табассум зоҳир бўлди.

— Участкавойниям айтиб қўйинг, — дедим.

— Кимвой, — ҳайрон бўлиб сўради у (америкалик қўшни). Яна тилимни тишладим.

— Ҳа, анови нозиримизни айтаман-да.

Бунақа ҳоллар тез-тез такрорланадиган бўп қолди. Ўз юртида соф ўзбек тилини ихлос билан ўрганган қўшниларимизга четдан кириб қолган сўзлар гуручдан чиққан тошдек ғашга тегарди. Сал ўйлаброқ гаплашмасак, бўлмайдиганга ўхшайди. Ҳар гал гапимни англатишга қийналганимда, хижолатдан тер босади. Рус мактабида ўқиган, кўп қаватли уйда ўсган хотинимни-ку асти қўяверасиз:

— Қанақа одамлар ўзи, а? “Обед” десанг тушунмаса. “Дом культура”ни билмаса”. “Оптом”и нимаси, деганига ўлайми?.. Нақ давлениям кўтарилиб кетади-да!..”

Ҳақиқатан ҳам ҳаммамизга таниш ҳолат ва таниш сўзлар. Аслида хорижий сўзларни аралаштириб гапириш – она тилимизга беҳурматликдан бошқа нарса эмас.

Энди яқиндагина бўлган ҳолатни эсланг: инглиз тилини билишини исботлайдиган “патта”си бўлмагани учун кўпгина билимли ёшлар магистратурага ҳужжат топшира олишмади. Натижада, олий таълим муассасаларида ажратилган етти мингта ўрин бўш қолиб кетди. Мантиқан олганда, бу тўғрими? Нега қайсидир соҳанинг яхши мутахассиси, билимдони ўз она тилида бийрон бўла туриб, хорижий тилни билмагани учун ўқишни давом эттира олмаслиги керак? Ё инглиз тили иккинчи давлат тили қилиб белгиланганми? Бу билан мен болаларимизнинг тил ўрганишига қаршиман, демоқчи эмасман. Ўнлаб тилни ўрганишсин, барака топгурлар. Бундан фақат қувонамиз. Лекин “хорижий тилни билмасанг, ўз она юртингда, ўз она тилингда сабоқ бериладиган ўқув юртингга кира олмайсан”, дейиш салла деса, каллани олишга ўхшамаяптими? Бошқача айтганда, мана шунинг ўзи ҳам она тилимизга беҳурматлик эмасми?

Яқинда чет элга ўқишга кетаётган ёшларни суҳбатдан ўтказдик. Инглиз тили, француз тили, рус тилини “сувдай ичиб” юборишган. Савол берсанг, масалан, “ўзбек тилига қачон давлат тили мақоми берилган”, деб сўрасанг, айримлари, “ўзбекчада қийналаман, майлими русча ё инглизча жавоб берсам”, дейишди. Шунда уларнинг миллатини сўрадим. Соф ўзбек. Рус мактабда ўқиган, инглиз тили курсига қатнаган. Бу тилларни билишдан фахрланади. Лекин ўзбек тилини яхши билмасликдан заррача ҳам уят ҳиссини сезмадим. Ҳатто, ота-онаси ўзбек бўла туриб, ўзбекча сўзларни инглизча талаффузда (р ҳарфини юмшоқ ифодалаган ҳолда) ифода этадиганлар ҳам бўлди. Хўш, ўз она тилини яхши билмайдиган, уни ҳурмат қилмайдиган ёшларни четда ўқитганда Ватан учун нима наф топиш мумкин, дегим келади.

Энди, шаҳар марказларига бориб, бир айланиб кўринг ва қурилаётган уйларга назар солинг: “Golden house”,“House near Tashkent”, “BUSINESS HOUSE RESIDЕNCE”,“Star House”, “Better Best” каби ёзувларга кўзингиз тушади. Дўконларга эса “Boutique” деб ёзиб қўйишибди. Хўш, шуларга ўзбекча ном қўйиб, ўзбек тилида ёзишса, маҳсулотлари ўтмай қоладими? Чекка қишлоқларда бирорта рус миллатига мансуб инсон яшамайдиган жойда ҳам гоҳида “дом продаётся”, деб ёзиб қўйишганига гувоҳ бўламиз. Шу гапларни ёзаяпман-у, энди бу сўзларни ўзбекчага ўгираман, деб қовун туширишмаса бўлди, деб ўйлаяпман. Масалан, “мы открылись” деган гапни ўзбекчага ўгиринглар, десак, “биз очилдик”, деб ёзиб қўйишибди. Ахир таржима сўзма-сўз амалга оширилмаслигини, бу гап маъносидан келиб чиқиб, ўзбекчага “биз иш бошладик”, деб ўгирилишини билмас экансиз, олифталик қилиб русча ёзишдан мақсад нима? Бу худди, “сени яхши кўраман (севаман маъносидаги)” деган иборани “я тебя хорошо вижу” деб таржима қилгандай гап.

Юртимиздаги хусусий телеканалларда кўрсатувдан ҳам кўпроқ бериладиган рекламалардан бирига эътибор беринг. Чолғу чалиб ўтирган йигитнинг қошига келиб ўртоғи “яна шуни ўйнаяпсанми?”, деяпти. Тўғри, рус тилида “чалмоқ” сўзи” “играть” деб ифодаланади. “Гитара чаляпсан”, демоқчи бўлсангиз, бу “играеш на гитаре?” деб айтилади. Айни дамда “играть” – “ўйнамоқ” (футбол ўйнамоқ – играть в футбол) маъносини ҳам билдиради. Рекламада эса, чолғу чалаётган йигитга “Яна шуни чаляпсанми?”, дейиш ўрнига “Яна шуни ўйнаяпсанми?”, демоқда. Тўғри, чолғуни ўйнаш ҳам мумкин, фақат ёш боланинг қўлига тушиб қолса… Аммо бу ерда таржимага мутлақо саводсизларча ёндашилган.

Э-ҳе, бунақа мисолларни айтаверсак кўп. Умуман олганда, биз қаерда ўзбекча, қаерда хорижий тилда ёзиш ёки гапириш лозимлигини яхши билиб олишимиз керак. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил, 21 октябрдаги ПФ-5850 сонли Фармонига асосан Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди. Менимча, Департамент олдида амалга ошириладиган вазифалар талайгина. Масалан, қандай ҳолатларда давлат тилига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатилаётгани мезонларини ишлаб чиқиш керак. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 42 моддасида тилга, шунингдек, фуқароларнинг тарбия ва таълим беришда тилни эркин танлашдан иборат ҳуқуқларини бузиш, тилдан фойдаланишда тўсқинлик қилиш ва чеклаш, давлат тилини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик — энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараварига жарима солишга сабаб бўлади, дейилган. Мана шу “менсимаслик” деганда қандай ҳолатлар назарда тутилишига аниқлик киритилиш лозим. Назаримда, магистратурага ўқишга кириш учун инглиз тилини билиши тўғрисидаги IELTS сертификатининг талаб этилиши ҳам мана шу моддада назарда тутилган ҳолатлар сирасига киради.

Аслида она тилига нисбатан эътиборсизлик, ҳурматсизлик бу – миллий ғурур етишмаслигининг белгиси. Миллий ғурури сўниқ миллатнинг бирлиги, келажаги бўлмайди. Бизни бугунги ёруғ кунларгача етаклаб келган, ўтмишимизни, қадриятларимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримиз, аждодларимиз меросларини асрлар силсиласидан олиб ўтган, онамиз овозида қулоғимизга аллалар қуйган Она тилимизни, Онажон тилимизни қадрлаш ҳар биримиз зиммамиздаги шарафли вазифадир!

 

Шаҳло АҲРОРОВА,

фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD),

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги

Ижтимоий маънавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *