3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб шароит ва имкониятлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Юртимизда 45 минг 350 нафардан зиёд ногиронлиги бўлган фуқаролар рўйхатда турса, уларнинг 18 минг 230 нафари спортга тавсия этилган. Шулар орасида 2 минг нафарга яқини адаптив спорт турлари билан шуғулланмоқда.
Ижтимоий ҳимоя ва бандлик йўналишида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Масалан, жорий йилда фақатгина Жиззах вилоятининг ўзида 6 722 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро ишга жойлаштирилди. Олий таълимни тамомлаганлар орасидаги 200 нафарга яқин ногиронлиги бўлган ёшлардан 170 нафари ишга қабул қилингани уларнинг ҳаётда фаол ўрин эгаллашини таъминлашига катта қадамдир. Қолганлари таълимни давом эттирмоқда, айримлари эса соғлиги ёки оилавий шароитлари туфайли иш фаолияти билан шуғуллана олмаяпти.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан 50 миллион сўмгача субсидия ажратилаётир. Бу маблағ сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматларини ташкил этиш харажатларини қоплашга ҳам йўналтирилади.
Давлат сиёсатининг самараси аввало инсон тақдирида намоён бўлади. Шу маънода ушбу мақоламизни яхлит бир инсон ҳаёти давомида юз берган юксалиш тарихи билан боғлашни лозим топдик.

Ўзбекхон Ҳасанов болалигидан саломатлик билан боғлиқ қатор қийинчиликларга учраган бўлса-да, руҳи синмаган, орзу ва мақсадларидан чекинмаган йигит. Унинг ҳаётидаги бурилиш нуқтаси шахматга бўлган қизиқиши бўлди. Ушбу қизиқиш уни фақат интеллектуал ривожлантириб қолмай, янги йўлларга етаклади.
Дўстлик тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази раҳбари унинг иқтидорини кўриб, Ўзбекхонни параспортга таклиф қилди. Шундан сўнг ижтимоий ходимлар томонидан унга махсус ижтимоий кейс очилиб, зарур ёрдамлар кўрсатила бошланди. Ўзбекхон бундан нафақат руҳий, балки амалий қўллаб-қувватлашни ҳам ҳис қилди.
Унинг қатъияти, масъулиятли муносабати ва ишга чанқоқлиги эътибордан четда қолмади. Унга “Инсон” марказида иш таклиф қилинди ва Ўзбекхон бир йилдирки, ушбу масканда котиб сифатида фаолият юритмоқда. У нафақат ижтимоий хизматчилар жамоасининг фаол аъзоси, балки ўзини топган, ўз йўлини белгилаб олган инсон сифатида юксалиб бормоқда.
– Ростини айтсам, ҳаётимда оғир кунлар жуда кўп бўлган, – дейди Ўзбекхон. – Бир пайтлар ўзимга бўлган ишончим деярли йўқ эди. Лекин оилам, яқинларим ва менга ёрдам қўлини чўзган мутахассисларнинг қўллаб-қувватлаши мени қайтадан тиклади. Инсон умидни йўқотмаслиги керак экан. Шахмат менга сабрни, ўйлашни, вазиятни баҳолаб, кейин қарор қабул қилишни ўргатди. Бу спорт, балки ҳаёт учун ҳам муҳим фазилат. Спорт орқали ўзимни қайта топдим десам адашмайман. Энг катта орзуим – ўзим каби қийинчиликка учраган ёшларга руҳий намуна бўлиш.
Ўзбекхон каби инсонлар ҳаёт синовлари қанчалик оғир бўлишидан қатъи назар, инсон иродаси ва жамият қўллаб-қувватлаши бирлашса, ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтиш мумкинлигини исботлайди.
Шаҳноза МАНСУРОВА.