Жиззах вилояти солиқ бошқармасида ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Президентнинг жорий йил 12 августда қабул қилинган «Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳияти хусусида сўз борди.
– Қарорнинг мақсади – якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай, шаффоф ва рақобатбардош иш муҳитини яратиш, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бобур Исмаилов. – Унга кўра якка тартибдаги тадбиркорлар учун рақамли платформа яратилди. Бу орқали ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатдан ўтказиш, бухгалтерия ва солиқ ҳисоби, тўловлар, электрон ҳамёнлар орқали ҳисоб-китоблар, солиқ органлари билан ўзаро алоқа, операцияларни реал вақтда фискаллаштириш, чеклар, QR-кодлар, «tap to pay» каби нақд пулсиз тўлов воситаларини шакллантириш амалиётлари бажарилади. Рақамли платформада очилган электрон ҳамён тадбиркорлик фаолияти учун банк ҳисобвараққа тенглаштирилади. Банк ҳисобварақ очиш ихтиёрий бўлади.

2026 йилдан бошлаб қатъий белгиланган солиқ ва айланмадан озод қилиш тартиблари бекор қилинади. Йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлганлар учун солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади. Шунингдек, солиқ ҳисоботлари ва тўловлар учун жавобгарлик рақамли платформа операторлари зиммасига юклатилади.
Матбуот анжуманида рақамлаштиришнинг харидорлар учун қулай тарафларига ҳам тўхталинди. Январь ойидан бошлаб ЯТТларда харид махсус QR-код орқали амалга оширилиши, барча ўзгаришлар яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ базасини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир давомида мавзуга доир видеоролик намойиш этилди, журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото).