От, чавандоз ва улоқ кўпкари. Бир-бирига боғланган, узоқ йиллардан бери миллий қадрият сифатида улуғланиб келаётган урф-одатларимиз, анъаналаримизнинг бугунги кунгача етиб келганининг ўзи аслида ота-боболаримизнинг донишмандлигидан дарак беради. Тарихдан маълумки, инсоният цивилизациясида турли ашё ва ҳайвонларнинг кўз илғамас, лекин беқиёс даражадаги ўрни бор. Aгар илмий нуқтаи назардан ёндашилса, бунга кўп мисоллар келтириш мумкин.
Тарихчиларнинг эътироф этишича, туркий халқлар томонидан узангининг кашф этилиши уларнинг ҳарбий-ижтимоий ҳаётида улкан бурилиш ясаган. Таъкидлаш керак, юқоридаги фикрлар отнинг инсоният ўтмишидаги ўрни ва аҳамияти нечоғли эканини асослаб беради. Бугунги кунда ҳам от билан боғлиқ кўп асрлик қадриятларимиз борки, таъбир жоиз бўлса, улар минг йиллардан бери туркий халқларнинг миллий камолотига хизмат қилиб келмоқда.
Шароф Рашидов туманининг Саройлик, Яхтанлик, Тараққиёт, Эски Тошкентлик маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли қонида ҳам чорвага, жумладан, отга алоҳида меҳр қўйган ҳамюртларимиз анча. Ғайрат Жабборов учинчи авлод вакили сифатида сулола анъаналарини давом эттириб келаётган замондошларимиздан.
—Жабборовлар деганда дастлаб беихтиёр раҳматли Жаббор бобо, сўнгра Мелибой қассоб яъни отангиз кўз ўнгимизда гавдаланади. Бош фарзанд сифатида улардан сизга қандай хотиралар қолган?
— Ота оиланинг посбони ва устунидир. Оилада фарзандга отадай меҳрибон ва ғамхўр киши бўлмаса керак. Фарзанднинг дунёга келиб, ҳаётда ўрнини топишида отанинг алоҳида хизмати бор. Ота фарзандларини кийим-кечак, озиқ-овқат билан таъминлайди, таълим-тарбияси билан шуғулланади, уйлаб жойлайди. Хуллас, ҳар бир оиланинг равнақи ва камоли йўлида энг кўп жон куйдирадиган киши отадир.
Оталар фарзандларини камол топишлари учун молларини, куч-ғайратларини сарфлашади. Оталарнинг бу хизматларини билиш, қадрига етиш ва уларга итоатда бўлиш оиладаги ҳар бир фарзандларнинг бурчидир. Ота-онанинг, айниқса, оталарнинг фарзанд зиммасидаги ҳақлари ўта муҳим ва эътиборга лойиқдир. Шунинг учун ҳам беш ўғил, икки қиз ҳар бир фарзанд ота-онамизни уларнинг ҳаётлик давриданоқ ҳамиша кўнгилини олишга, дуоларига муносиб бўлишга, хизматларида шай туришга, уларни хурсанд қилишга ҳаракат қилдик, деб ўйлайман. Барчаларимизга оталаримизни улар ҳаётлик даврларда иззат- ҳурматларини ўз ўрнига қўйиш насиб қилсин.
—Отга, чорвачиликка қизиқиш сулола учун қанчалик аҳамият касб этади? Аслида бу машғулотни, касб-корликнинг моҳияти тагида нима ётади?
—Дадамнинг отаси Жаббор бобом раҳматли 92 ёшда вафот этди. Ҳаётининг сўнгги кунларида ҳам отга, туяга қийналмай сакраб чиқарди. Сурув-сурув подаларни етаклаб, яйлов кезган бобомдан сўнг раҳматли дадам сулола анъанасини давом эттирди. 1994 йили “Жаббор” фермер хўжалигини дадам бошқарди. Мана беш йилдирки Ботир укам хўжаликни юргизиб келаяпти. Унинг 40-50 та қорамоли, 15-20 та йилқиси, 50-100 бош қўйи бор. Дадамдан қолган далаю боғни, фермани, деҳқончилик ва чорвачилик юмушларини сидқидилдан бажариб келаётир. Дониш укам қассобчилик қилса, оиласидаги бекалар буюртмага асосан норин, қази-қарта, яхна гўшт таомлари тайёрлашади. Жасуржон баҳордан кеч кузгача бўлган муддатда Фориш туманининг Қизилқум ҳудудидаги яйловда 300-400 бош майда шохли молларни ва йилқиларни парваришлашга масъул, кенжа укам Жамшиджон мустақил улоқ кўпкариларда Жабборовлар сулоласи шаънини ҳимоя қилади. Демакки, ота мерос касб сифатида биз буни давом эттириб келаяпмиз.
—От билан чавондознинг умумий ютуғи нималарда кўринади? Қандай фазилат, ҳислат, ҳаракат ва боғлиқ жиҳатлар борки бошқалар билмайдиган?
—Ўз вақтида улоқ кўпкариларда Жабборовларнинг “Черная акула”си (“Қора акула”) анча машҳур бўлган. Бугунги кунда бу зотдан янги насллар етишиб чиқди. “Тулпор қашқа”, “Бой қашқа”, “Қалдирғоч” каби отларимиз ҳар мавсумда воҳамиз ва қўшни вилоятларда бўлиб ўтадиган улоқ кўпкариларда соврин ва мукофотларга эга чиқмоқда. Бугун авлодимизнинг ўзидан олти нафар Жамшид, Нортой, Жаҳон, Ҳосилбек, Ғиёс ва Ғолибжон сингари ёш полвонларимиз етишиб чиқди. Саккизта улоқ учун чопадиган от тайёрладик.
От хосиятли бўлади. Эскиларнинг айтишича, у эгасининг хонадонига ризқ тилар экан. От ақлли бўлади, уларнинг аксарияти одам танлайди. Ёқтирмаган кишисини ёнига йўлатмайди. Улоқчи отларда шунақа хусусият бор. Отларнинг биз билмаган ва эътибор бермаган нозик хусусиятлари кўп. Синчиклаб кузатган, у билан ҳамнафас яшаган кишиларгина отнинг сир-синоатга бой эканлигини яхши билишади.
Одатда отларнинг айили чап томонидан тортилади. Ва шу тарафдан минилади. Яхши йилқи ўнг томонидан минишга йўл қўймайди. Эътиборли томони шундаки, айил чап томонидан тортилганидан кейин чавандоз чап оёғини узангига тираб, ўнгини оширади. От ҳам дастлаб ўнг оёқдан қадам ташлайди. Бунда ўз-ўзидан чавандоз ва отнинг ўнг томони билан ҳаракатланиши уйғунлашади. Шарқ халқларидаги “Отлиқнинг иши ўнгидан келади” деган нақл ана шу уйғунликдан келиб чиққан бўлса, ажаб эмас.
От бошқа жониворларга қараганда тоза юради. Отбозларнинг айтишича, мабодо сайисхона бирор кун тозаланмай қолиб кетса, отлар безовта бўлишар экан. Шунингдек, улар ҳар қандай жойда думаламайди. Думалаш учун жой танлайди. Илгари дадам кунда бир марта улоқчи отларини думалатгани олиб чиқарди. Уларнинг жой танлашини кўп кузатганман. Отлар ҳеч қачон эшак думалаган жойни танламайди.
Aзалдан от ва инсон ўртасида қандайдир яқинлик бор. Шу боис асрлар оша бадиий адабиётларда от ҳақида кўп ёзилган. Ҳатто ҳадиси шарифда ҳам “Фарзандларингизни от минишга ўргатинг”, дейилган. Назаримда, улар фаросатлилиги ва ўткир зеҳнлилиги билан бошқа ҳайвонлардан ажралиб турса керак. Қадимда ота-боболаримиз фарзанд тарбиясида отдан унумли фойдаланишган. Сир эмас, от устида ўтирган кишининг руҳияти соғломлашади. Баландлик одамни сергаклантиради. Уни бошқариш жараёнида ёш боланинг абжирлиги ва жасурлиги ортади. Эгар устида эшакдаги каби бепарво эмас, ҳушёрроқ бўлади. Отнинг тез чопиши одамни чиниқтиради.
Одатда отларни кўпкарида синашади. Чунки ҳар қандай отнинг оёқ олиши улоқда маълум бўлади. Йилқини бу тарзда синовдан ўтказиш аждодларимиздан қолган. Полвонлик қон қувади. Ота-боболарида чавандоз ўтган бўлса, албатта, авлодларидан бири от чопади.
Кўпкари одамни тилга туширади. От эгасининг номини элга танитади. Тулпор билан бирга эгасининг номи ҳам олам кезади. Биз буни уддалаб, қадрлаб, унга муносиб бўлишга доим ҳаракат қиламиз. Асл ҳақиқат шундаки, отамдан қолган бойлик аслида ерга, мулкка, табиатга, жониворларга, одамларга ва шу Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат ҳиссида гавдаланади. Бу қадриятни, бу ҳақиқатларни Жабборовлар авлод-аждодларига етказиб келаётганимиздан мамнунмиз.
Зоир ЭРГАШЕВ суҳбатлашди.