МИРЗАЧЎЛДА МЎЪЖИЗА ЯРАТИБ

Қайд этилишича, Ўзбекистонда 1 кг ип-калаванинг таннархи ўртача 2,4 долларни ташкил этади. Бу жаҳон нархларидан 28 фоизга арзон. Boston Consulting Group консалтинг компанияси таҳлилига кўра, толадан калава ип ишлаб чиқариш маҳсулотнинг қўшилган қийматини 17 фоизга—тоннасига 2100 долларгача оширади. Агар ипдан мато тайёрланса, таннархи икки баробар—бир тонна учун 5 минг долларгача ошади. Матодан тайёр маҳсулотлар яратишда қўшилган қиймат 6 баробар (10 минг доллар), бренд билан бирга камида 15 баробар ( 27 минг доллар) ошиши мумкин. Мамлакатнинг хом ашё базаси камида 15 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 500 мингта  янги иш ўрни яратиш имконини бермоқда.

Вилоятимизда фаолият юритадиган тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари сони 145 тани ташкил этади.

2025 йилда 3 минг тонна калава ип, 1,1 млн жуфт пайпоқ, 4,4 млн дона тикув-трикотаж, 5 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқарилди. 2026-2027 йилларда лойиҳа қуввати 81 минг тонна тола,  81,7 минг тонна калава ип, 42,6 минг тонна трикотаж мато, 17 млн кв метр газлама, 11,9 млн жуфт пайпоқ, 57 млн дона тикув-трикотаж, 277,7 минг дона тикув маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

 Бугун тўқимачилик саноати нафақат иқтисодий ўсиш, балки янги иш ўринлари, экспорт салоҳияти ва “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида миллий маҳсулотлар брендининг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланмоқда. Бу борада пахтани чуқур қайта ишлашга ихтисослашган кластер тизими эса қўшилган қиймат яратиш, маҳсулот сифатини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш, ўз навбатида, ҳудудлар  иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга хизмат қилаяпти.

“Мирзачўл агрокластери” мисолида кластер тизимининг иқтисодий самараси, ижтимоий аҳамияти ва стратегик истиқболлари яққол кўзга ташланади.

Мамлакатимизда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати барқарор ўсиш суръатларини намоён қилмоқда. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтириш орқали янги иш ўринлари яратилмоқда. Бу ўз навбатида, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилишда илғор кластер моделини жорий этишда самарали натижаларни бермоқда. Вилоятимизда Президентимизнинг “Тўқимачилик, тикув-трикотаж саноатини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва унинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида аниқ, мақсадли режалар асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти.

“Тўқимачилик, тикув-трикотаж соҳасида ягона тўғри йўлимиз—мавжуд хомашёни тўлиқ қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қиймат яратиш ва анъанавий арзон бозорлардан, янги қимматроқ бозорларга кириб бориш”. Шавкат Мирзиёев ( цитата учун ўртага қўй)

2025 йил якунига кўра, вилоятимизда 300 минг тоннадан ортиқ пахта хом ашёси етиштирилди. Бу эса ҳудудда фаолият юритадиган 12 та пахта-тўқимачилик кластерларининг жадал ишлашини таъминламоқда. Хусусан, “Мирзачўл агрокластери” 508 та фермер хўжалиги билан тузилган шартномаларга кўра, 55000 тоннадан зиёд қиймати 305 млрд сўмдан ортиқ пахта захирасини шакллантиришга эришди. Мавсумда юқори ҳосилдор хорижий чигит навининг экилиши ҳосил салмоғини кескин оширди. Айни пайтда кластер томонидан 2025 йилга киритилган 26 млн долларлик инвестиция ҳисобидан қайта ишлаш тармоғи тўлиқ йўлга қўйилди. Натижада пахта, ип-калава, мато, тайёр кийим занжири тўлақонли ўзлаштирилди. Бугун ушбу тизимда 1200 нафардан ортиқ аёллар ва ёшлар доимий иш ўрни билан таъминланган.

—Тикув ва тўқув бўлимларимизга янги жиҳозлар келтирилди,—дейди агрокластер бош ҳосилоти Музаффар Зайниддинов. — Янги ҳайдов тракторлари, пахта териш машиналари сотиб олдик. Қўшимчасига янги очиладиган корхоналаримизга туманимиздаги ёш кадрларни ишга жалб этиб, бандлигини таъминлашни режалаштирганмиз.

“Мирзачўл агрокластери”да чўл шароитида ўтган йили пахтачилик бўйича эришилган юксак натижалар эндиликда бутун мамлакат фермерлари учун ўқув амалиётига айланади. Ўтган йили кластер ҳудудида пахтадан 50-55 центнер, унга бириктирилган 27 нафар фермер эса тажрибали устозлар кўмагида 85 центнергача  ҳосил олишга эришдилар. Айнан шу тажрибани республикага кенг оммалаштириш мақсадида Юртбошимиз ташаббуси билан “Мирзачўл инновацион қишлоқ хўжалиги азамат мактаби” ташкил этилди. Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросига кўра, жорий йилда республика бўйича 1000 нафар фермер ушбу мактабда ўқитилади.

Жорий йилда агрокластерда чигитни қайта ишлаб, ундан ёғ оладиган завод, матони бўяш цехи ишга туширилади. Натижада яна қўшимча 300 та, жами эса 1500 та доимий  иш ўрни яратилади. Кийим сифати матога, мато сифати ипга, ипнинг пишиқлиги эса пахта толасига боғлиқ. Шу боис Хитой ва Германиядан 31,5 млрд сўмлик замонавий ускуналар, 170 та агрегатлар келтирилди. Ип-калавасини ягона технологик жараёнда бирлаштирилиши пишиқ, майин ва экспортбоп матолар ишлаб чиқариш имконини бермоқда.

—Қирқ беш йилдан бери текстиль соҳасида фаолият олиб бораман,—дейди агрокластер мутахассиси Карим Насриддинов. —Илгари олайлик пахтани бир сўмга сотган бўлсак, ҳозир қайта ишлаб, ўн сўмга сотаяпмиз. Энг асосийси, тизимдаги ислоҳотлар самараси ўлароқ “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остида маҳсулотларимиз дунё бозорига чиқаётгани барчамизда юксак фахр-ифтихор ҳиссини уйғотади.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *