МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ЙЎЛИДАГИ ИЗЧИЛ ФАОЛИЯТ

Жиззах шаҳридаги “Дўстлик” уйида вилоят қозоқ миллий маданий марказининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Анжуманда марказнинг сўнгги беш йиллик фаолияти атрофлича таҳлил қилиниб, эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда Республика қозоқ миллий маданий маркази раиси Серикбай Усенов, вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибияти мудири Нурали Раимов, шунингдек, турли миллий маданий марказлар раҳбарлари, фаоллар ва ёшлар иштирок этди.

Дастлаб вилоят қозоқ миллий маданий маркази раиси Утеп Сейдамановнинг ҳисоботи тингланди. У ўз маърузасида марказ томонидан ўтган беш йил давомида амалга оширилган маънавий-маърифий тадбирлар, миллий анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш, ёшлар ўртасида дўстлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишларга тўхталди. Шунингдек, марказ қошидаги ижодий жамоалар фаолияти, байрам тадбирлари, хайрия акциялари ва ҳамкор ташкилотлар билан олиб борилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Музокараларда вилоятдаги тожик, қирғиз, рус миллий маданий марказлари раислари сўзга чиқиб, қозоқ миллий маданий маркази томонидан амалга оширилган ишларга юқори баҳо бердилар. Улар марказ фаолияти – миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаб, унинг номзодини кейинги беш йиллик муддатга раисликка тавсия этдилар. Овоз бериш натижаларига кўра, Утеп Сейдаманов яна бир бор вилоят қозоқ миллий маданий маркази раиси этиб сайланди.

Шунингдек, тадбир давомида тафтиш комиссиясининг ҳисоботи эшитилди. Бошқарув кенгаши ҳамда тафтиш комиссиясининг янги таркиби овоз бериш йўли билан тасдиқланди.

Анжуман якунида “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да миллий маданий марказлар олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Қайд этилганидек, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш бундан буён ҳам марказ фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *