СЎЗ ЭРКИНЛИГИ – УСТУВОР ЙЎНАЛИШ

Янги Ўзбекистон тараққиёт йўлида давлат бошқарувида очиқлик ва сўз эркинлигини таъминлаш стратегик аҳамият касб этмоқда. Президентимиз Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, очиқ ва адолатли жамият барпо этиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши экани яна бир бор таъкидлади.

Сўнгги йилларда давлат органларининг очиқ маълумотлар порталлари орқали ҳисобот бериши, соҳалар кесимида матбуот анжуманларининг йўлга қўйилиши, раҳбарларнинг халқ олдида очиқ мулоқот олиб бориши Президент Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.

Мурожаатномада жамоатчилик назоратини кенгайтиришга ҳам алоҳида урғу берилди. Фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фаол фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини ошириш очиқлик сиёсатининг муҳим шарти сифатида кўрсатилди. Чунки жамоатчилик назорати мавжуд бўлган жойда масъулият ҳам, адолат ҳам мустаҳкамланади.

Шу билан бирга, Президент ахборотдан эркин фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш масаласини ҳам ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми сифатида белгилаб берди. Фуқаролар давлат органлари фаолияти ҳақида тўлиқ ва холис ахборот олиш имкониятига эга бўлса, жамиятда ҳуқуқий онг ва фаоллик ошади. Рақамли платформалар орқали очиқ маълумотларни кенгайтириш ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Сўз ва фикр билдириш эркинлиги — демократик жамиятнинг пойдевори экани Мурожаатномада яна бир бор таъкидланди. Фуқароларнинг эркин фикр билдириши, танқидий қарашларини очиқ айтиши ислоҳотларнинг ҳаётий ва самарали бўлишига хизмат қилади. Ҳақиқий тараққиёт фақат фикрлар хилма-хиллиги ва очиқ мулоқот муҳитида рўёбга чиқади.

Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Президент Мурожаатномасида ОАВ давлат ва жамият ўртасида мустаҳкам кўприк бўлиши, жойлардаги муаммоларни очиқ кўтариши ва ечим таклиф этиши зарурлиги қайд этилди. Журналистлар ва блогерлар жамият манфаатини ҳимоя қилувчи, ислоҳотларни илгари суришга хизмат қилувчи куч сифатида фаол бўлиши лозим.

Шу билан бирга, Мурожаатномада танқид ва очиқ мулоқотга тўсиқ қўймаслик, аксинча, танқидни ривожланиш манбаи сифатида қабул қилиш ғояси илгари сурилди. Раҳбарлар ОАВ ва жамоатчилик фикрига қулоқ солиб, муаммоларга ўз вақтида муносабат билдириши очиқ давлат бошқарувининг муҳим белгиси эканлигини таъкидлади.

Айни пайтда Президентимиз сўз эркинлиги масъулият билан уйғун бўлиши кераклигини ҳам уқтирди. Эркин фикр билдириш ёлғон, бўҳтон ёки асоссиз шов-шувга айланмаслиги лозим. Ахборот тарқатишда холислик, текширилган манбаларга таяниш ва давлат ҳамда жамият манфаатларини инобатга олиш миллий ахборот макони барқарорлигининг асосий шартидир.

Хулоса қилиб айтганда, Президент Мурожаатномасида белгилаб берилган очиқлик сиёсати ва сўз эркинлиги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, коррупцияга қарши курашиш ва халқ ишончини мустаҳкамлашнинг асосий кафолати сифатида намоён бўлмоқда. Давлат идоралари фаолиятига эркин ахборот муҳити орқали баҳо бериш — тараққиётнинг муҳим мезонидир.

Ҳусан  АБДУНИЯЗОВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Жиззах вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *