АБИТУРИЕНТЛАР, ТАЙЁРМИСИЗ?

2026-2027 ўқув йили учун олий таълим муассасалари бакалавриати ҳамда касбий таълим ташкилотларига қабул жараёнлари давом этмоқда. Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш 25 июнга қадар бўлиб ўтади.

Рўйхатдан ўтиш тўлиқ онлайн шаклда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайти — my.uzbmb.uz ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали амалга оширилмоқда. Тўловни амалга ошириши лозим бўлган абитуриентлар учун тўлов қилиш имконияти 25 июнь соат 23:59 гача сақлаб қолинди.

«Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент Фармонига мувофиқ, давлат олий ва касбий таълим ташкилотларига қабул имтиҳонлари «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосида бир вақтда ўтказилишидан хабарингиз бор. Бу йил ҳам  абитуриентлар дастлаб тест синовларида иштирок этади. Тўпланган баллар асосида эса аввал бакалавриат таълим йўналишлари, сўнгра касбий таълим ташкилотларига қабул танловида қатнашади. Кириш имтиҳонлари июль–август ойларида ўтказилади. Қабул икки босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда 5–25 июнь кунлари абитуриентлар тест синовларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтади. Тест синовини топширувчилар – фанлар мажмуаси, таълим тили, тест топшириш ҳудудини танлайди.

Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига ҳужжат топширувчилар эса таълим тилини, тест топшириш ҳудудини, тегишли таълим йўналишини, касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган давлат олий таълим муассасасини танлайди. Шу сабабли, мазкур босқичда абитуриентлар олий таълим муассасаси ва таълим йўналишини танламайди.

Иккинчи босқичда тест синовлари тўлиқ якунланиб, натижалар эълон қилинганидан кейин 15 кун мобайнида абитуриентлар олий таълим муассасасини, бакалавриат таълим йўналишини, таълим шаклини, танлов устуворлигини белгилайди. Танлов натижалари иккинчи босқич якунланганидан сўнг бир ҳафта ичида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

2026-2027 ўқув йили қабулидаги муҳим янгиликлардан бири — В1 даражадаги сертификат ҳам инобатга олинишидир. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарорига мувофиқ, В1 даражадаги сертификат учун максимал баллнинг 75 фоизи, В2 ва ундан юқори даражадаги сертификатлар учун эса максимал балл берилади. Жорий ўқув йилидан бошлаб АҚШнинг «College Board» ташкилоти томонидан ўтказиладиган SAT имтиҳонидан камида 1200 балл (максимал баллнинг 75 фоизи) тўплаб сертификат олган абитуриентлар математика ва чет тили асосий фан ҳисобланган таълим йўналишларига қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинади.

Имтиёздан фойдаланиш учун SAT сертификати «College Board» расмий веб-сайти орқали 35787 DI коди билан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига юборилиши лозим. Фақат DI коди орқали юборилган сертификатлар ҳақиқий деб эътироф этилади. Қўлда юкланган ҳужжатлар ёки скриншотлар қабул қилинмайди.

Аввалги йилларда таълим муассасасини тамомлаган абитуриентлар тест синовларида иштирок этиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов тўлайди. Ногиронлиги бўлган шахслар, «Меҳрибонлик» уйлари ва Болалар шаҳарчалари тарбияланувчилари, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган шахслар ва уларнинг фарзандлари, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлардан иборат абитуриентлар мазкур тўловдан озод этилади.

Қабул жараёнлари якунланганидан кейин абитуриентларнинг шахсий кабинетига тест синовида иштирок этиш санаси, вақти ва манзили кўрсатилган рухсатнома жойлаштирилади.

Абитуриентлар рухсатномада белгиланган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этиши, тест ўтказиладиган ҳудудга ўз вақтида етиб келиши, шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхаси ва рухсатномани ўзи билан олиб келиши, тақиқланган воситаларсиз келиши шарт.

Тест синовлари биринчи смена учун соат 06:30 гача, иккинчи смена учун эса соат 13:30 гача ҳудудга кириш билан бошланади. Белгиланган вақтдан кеч келган абитуриентлар тест ҳудудига киритилмайди. Шунингдек, мобил телефон, калькулятор, ақлли соат, ақлли кўзойнак, китоб, шпаргалка ва бошқа тақиқланган воситаларни олиб киришга уринган абитуриентлар тест синовларидан четлаштирилади.

2026-2027 ўқув йили қабулидаги асосий ўзгаришлар «аввал тест, сўнг танлов» тизимининг изчил қўлланилиши, В1 даражадаги чет тили сертификатларининг тан олиниши ҳамда юқори натижа кўрсатган SAT сертификати соҳиблари учун қўшимча давлат грантлари жорий этилгани билан аҳамиятлидир.

Иброҳим ҲОТАМОВ,
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Жиззах вилояти бўлими бошлиғи.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *