ЭКОЛОГИЯ ВА ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИ МИЛЛИЙ ҚЎМИТАСИ РАИСИ ЖИЗЗАХДА ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ

Экологик хавфсизликни таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратиш ва бу икки йўналиш ўртасида мувозанатни сақлаш бугун давлат сиёсатининг муҳим устувор вазифаларидан бирига айланмоқда. Жиззах вилоятида ўтказилган очиқ мулоқот ана шу мақсадга хизмат қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Жиззах вилоятига ташрифи доирасида вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашувда мамлакатнинг барча ҳудудларидан уч юзга яқин тадбиркорлар ZOOM платформаси орқали иштирок этиб, соҳадаги долзарб масалаларни бевосита муҳокама қилиш имконига эга бўлди.

Мулоқот давомида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги талаблар, экологик рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби, ишлаб чиқариш жараёнида юзага келаётган амалий муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари атрофлича кўриб чиқилди. Энг муҳими, тадбиркорлар ўзларини қийнаётган масалаларни тўғридан-тўғри масъулларга етказиб, жавоб ва амалий ечимлар олиш имкониятига эга бўлдилар.

Мурожаатларнинг аксарияти жойида кўриб чиқилиб, қўшимча ўрганиш талаб этадиган ҳолатлар бўйича масъулларга тадбиркорлар ҳузурига чиқиб, муаммони жойида ҳал этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Учрашувда экологик ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида дастлабки босқичларда учраган айрим ташкилий камчиликлар ҳам очиқ тан олинди. Таъкидланганидек, эндиликда ҳар қандай янги талаб ёки тартиб амалиётга жорий этилишидан олдин тадбиркорларга атрофлича тушунтирилади, бу эса тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

– Табиатни муҳофаза қилишни фақат давлат идоралари зиммасига юклаб бўлмайди. Бу жараёнда давлат органлари, тадбиркорлар ва жамият бирдек масъул. Қисқа муддатли иқтисодий манфаат келажак авлодлар саломатлиги ҳисобига таъминланмаслиги керак. Шунинг учун ишлаб чиқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш, чиқиндиларни камайтириш, энергия тежовчи ечимларни жорий этиш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларига босқичма-босқич ўтиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир, — деди Азиз Абдухакимов.

Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар ва соҳа мутахассислари иштирокида амалдаги тартиб-таомиллар ҳам таҳлил қилинди. Муҳокамалар натижасида тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий юкламаларни қисқартиришга қаратилган бир қатор таклифлар илгари сурилди. Жумладан, такрорий рухсат бериш жараёнларини соддалаштириш, ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш, давлат хизматларини рақамлаштиришни кенгайтириш, экологик хавфи паст объектлар учун енгиллаштирилган тартибларни жорий этиш ҳамда асосий назоратни юқори хавфли объектларга қаратиш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мазкур ўзгаришлар экологик назоратни сусайтириш эмас, аксинча, уни янада самарали, манзилли ва шаффоф ташкил этишга хизмат қилади.

Йиғилишда экологик назоратнинг замонавий механизмларини жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, автоматик мониторинг станцияларини босқичма-босқич ўрнатиш ишлари муҳокама қилинди. Ушбу тизим инсон омилини камайтириб, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган чиқиндиларни узлуксиз кузатиш, баҳсли ҳолатларда аниқ рақамли маълумотларга таяниш ҳамда экологик назоратнинг очиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш имконини беради.

Шунингдек, мониторинг ускуналарини ўрнатиш ва уларни давлат ахборот тизимларига интеграция қилиш жараёнида тадбиркорларга амалий кўмак кўрсатиш, техник талабларни имкони қадар соддалаштириш ҳамда янги тизимга мослашиш жараёнини енгиллаштириш чоралари белгиланди.
Жиззахда ўтказилган мазкур очиқ мулоқот давлат ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, экологик талабларни амалиётга самарали татбиқ этиш ҳамда “яшил иқтисодиёт” тамойилларини ҳаётга изчил жорий этиш мақсадига хизмат қилди.

Шаҳноза МАНСУРОВА.
Ботир ҚУДРАТОВ олган сурат.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *