ЧИҚИНДИ ТАРКИБИ — ҚАЙТА ИШЛАШ САМАРАДОРЛИГИ

Бугун чиқиндилар ҳажмининг ортиши экологик хавфсизликка жиддий таҳдид солмоқда. Шу билан бирга иқлим ўзгариши, табиий ресурсларнинг камайиши ва атроф-муҳит ифлосланишида ҳам асосий омиллардан бирига айланди.

Жаҳонда ҳар йили 2,24 миллиард тоннадан ортиқ қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлади. Уларнинг қарийб 55 фоизи утилизация қилинади ёки қайта ишланади. Прогнозларга кўра, 2050 йилга бориб чиқиндилар ҳажми 3,88 миллиард тоннага етиши мумкин.

Шу билан бирга, ҳар йили тахминан 931 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндига айланади, сув экотизимларига эса 14 миллион тоннагача пластик чиқиндилар ташланади. Натижада чиқиндилар иқлим ўзгариши, табиий ресурсларнинг камайиши ва атроф-муҳит ифлосланишининг асосий омилларидан бирига айланмоқда.

Ўзбекистонда ҳам муаммо долзарб. Мамлакатда йилига 14–14,5 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Бир фуқарога кунига ўртача 0,6–0,8 килограмм чиқинди тўғри келади.

Бундай катта ҳажмдаги чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва зарарсизлантириш катта моддий маблағ, техника ҳамда меҳнат ресурсларини талаб этади. Шу сабабли чиқиндиларни самарали бошқариш учун уларнинг таркибини илмий асосда ўрганиш ва таҳлил қилиш муҳим.

Маиший чиқиндилар қимматли иккиламчи хомашё манбаи ҳисобланади. Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, маиший чиқиндиларнинг 70–80 фоизигача қисмини қайта ишлаш мумкин. Айниқса, қоғоз, пластмасса, шиша, металл ва бошқа материалларни алоҳида йиғиш орқали уларни қайта ишлаб, иқтисодиёт тармоқларида иккиламчи хомашё сифатида фойдаланиш имконияти яратилади.

Шунинг учун чиқиндиларни самарали бошқаришда уларнинг морфологик таркибини аниқлаш муҳим. Бу чиқинди таркибида қайси материал қанча миқдорда эканини белгилаш имконини беради.

Морфологик таркибни билиш орқали чиқиндиларни саралаш технологиясини тўғри танлаш, қайта ишлаш корхоналари учун зарур хомашё ҳажмини ҳисоблаш ва утилизация усулларини белгилаш мумкин.

Шу мақсадда Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти томонидан 2019–2028 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси доирасида тадқиқотлар олиб борилган. Натижада қаттиқ маиший чиқиндиларнинг морфологик таркибини аниқлаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқилган.

Қаттиқ маиший чиқиндилар таркибига озиқ-овқат ва ўсимлик қолдиқлари, қоғоз-картон, пластмасса, шиша, металл, резина, ёғоч, тўқимачилик, қадоқлаш материаллари, маиший буюмлар, супуринди, кул ва шлак киради.

Услубий тавсиялар чиқиндиларни ўрганиш ва саралашни санитария қоидалари, гигиена меъёрлари ҳамда қонунчилик талаблари асосида ташкил этишни назарда тутади.

Энг муҳими, аниқ таркибий маълумотлар қайта ишлаш тизимини тўғри режалаштиришга ёрдам беради. Бу иккиламчи хомашёдан самарали фойдаланиш, табиий ресурсларни тежаш ва чиқиндилар ҳажмини камайтириш имконини оширади.

Демак, чиқинди таркибини аниқлаш — оддий ҳисоб-китоб эмас. Бу экологик хавфсизликни таъминлаш, қайта ишлаш саноатини ривожлантириш ва табиий ресурсларни асрашнинг муҳим шартидир.

Шахриддин ҚУДРАТОВ,

Ўзбекистон Экологик партияси Янгиобод тумани Кенгаши раиси ўринбосари.
Жавоҳир ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Ўзбекистон Экологик партияси Зарбдор тумани Кенгаши раиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *