Бугун мактаб остонасидан кириб келаётган ҳар бир авлод ўқитувчидан янгича ёндашув, изланиш ва юксак масъулиятни талаб қилади. Чунки болага билим беришнинг ўзи етарли эмас — унинг қалбига йўл топиш, мустақил фикрлашга ундаш ва китобга меҳр уйғотиш ҳам устоз зиммасида. Арнасой туманидаги 20-мактаб она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Умида Ахматова ана шу тамойил асосида ўз устида изчил ишлаб келаётган ёш мутахассислардан.
30 ёшли Умида Ахматованинг педагогик фаолиятига олти йил бўлди. У «Ғафур Ғулом» маҳалласида истиқомат қилади, икки нафар қиз фарзандни тарбияламоқда. Турмуш ўртоғи ҳам таълим соҳасида меҳнат қилади. У танлов синовлари жараёнида рафиқасини қўллаб-қувватлади. Умида касб танлашда эса она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Феруза устознинг ибратидан таъсирланган. Гарчи болалигида шифокор бўлишни орзу қилган бўлса-да, кейинчалик ўз тақдирини педагогика билан боғлади.
Қизиғи, бугун у бир вақтлар ўзи таҳсил олган даргоҳда дарс беради. Собиқ устозлари ҳозир унинг ҳамкасбларига айланган. Кечаги шогирд бугун улар билан ёнма-ён меҳнат қилиб, тажриба ва маслаҳатлардан баҳраманд бўлмоқда. Бу муҳит унинг касбий маҳоратини оширишда муҳим ўрин тутади.
Умида Ахматова дарс жараёнида ўқувчиларнинг ёши, қизиқиши ва қобилиятини инобатга олади. Машғулотларни жонлантириш учун Wordwall, Topqir.uz, Kahoot каби воситалардан фойдаланади. Савол, топишмоқ ва мантиқий топшириқлар орқали болаларни дастлабки дақиқаларданоқ фикрлашга жалб этади. Адабиёт дарсларида сунъий интеллект имкониятларидан ҳам унумли фойдаланиб, интерактив вазифалар тайёрлайди, асар муаллифи ва қаҳрамонларини ўқувчи тасаввурида янада яқинлаштиради.
Унингча, таълимда тайёр жавобдан кўра мустақил мушоҳада муҳимроқ. Шу боис ўқувчи хато қилганида унинг фикрини рад этиш эмас, тўғри хулосага йўналтиришга ҳаракат қилади. Педагогнинг кузатишича, ҳозирги ўқувчилар бир хилликдан тез зерикади, интернетдан фаол фойдаланади ва самимий мулоқотни қадрлайди. Демак, ҳар бир боланинг ўзига хос жиҳатини англаш, қийинчилигини вақтида сезиш ва унга мос ёндашувни топиш зарур.
Касбий изланишлар самараси аттестация жараёнида ҳам намоён бўлди. Унинг якунига кўра, Умида Ахматова олий тоифа ва 70 фоизлик устамага эга бўлди. Шундан сўнг у «Йил ўқитувчиси» танлови иштирокчилари сафига киритилди. Бу таклиф Умида учун кутилмаган воқеа эди. Янги синов ундан бор билими ва маҳоратини намоён этишни талаб қилди.
Айниқса, иккинчи босқичда камералар ва ҳакамлар ҳайъати олдида дарс ўтиш катта масъулият юклади. Бу жараёнда фанни билиш даражаси, дарсни ташкил этиш маҳорати, маънавий-маърифий фаолият ҳамда китобхонлик маданиятига эътибор қаратилди. Умида учун эса танлов натижадан кўра кенгроқ маънога эга бўлди: у ўз ишидаги камчиликларни кўриб, келгуси фаолияти учун янги вазифаларни белгилаб олди.
Бугун устоз олдида турган мақсадлар аниқ: дарс бериш маҳоратини янада ошириш, замонавий усулларни чуқурроқ ўзлаштириш, сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш, бадиий адабиёт билан кўпроқ ошно бўлиш ва ўқувчилар психологиясини яхшироқ англаш. Айниқса, ёш авлодда китобга қизиқиш ва мутолаа маданиятини шакллантиришни муҳим вазифалардан бири деб билади.
Умида Ахматованинг қарашларида устозлик бир марта эгалланадиган мақом эмас, балки ҳар куни давом этадиган изланишдир. Шунинг учун у ёш ҳамкасбларига ўз устида ишлашни, янгиликдан қўрқмасликни, ҳар бир дарсга ижодий ёндашишни тавсия қилади. Зеро, болага йўл кўрсатадиган инсоннинг ўзи ҳам ўрганишдан тўхтамаса, унинг сабоғи синфхона доирасидан чиқиб, шогирд қалбида узоқ йиллар яшайди.
Шахноза ДЖАЛИЛОВА.