Туманнинг Тошкент маҳалласида истиқомат қилувчи қаҳрамонимизнинг хонадонини топиш унчалик ҳам қийин бўлмади. Туман марказида жойлашган маҳаллага кираверишда шундоққина йўл ёқасида жойлашган ҳовли дид билан таъмирланган, хонадоннинг асосий қисмида икки қаватлик иморат қад ростлаган, ўртада гулхона. Ўзимизнинг райхондан тортиб четдан келтирилган номи алламбало гулгача ҳовлига кўрк бериб турибди. Бу манзарадан аввалига ишлаб чиқариш цехи қаерда бўлса, деб қолдим.
Жуда ҳам хоналар кўп экан, дея кўнглимдан ўтиб турган эди ҳамки, “8 сотихлик ҳовлимизнинг бир томонини цех, яна бир томонини уй боғчасига мослаб қурганмиз. Ўзимиз шаҳарда домда яшаймиз”, деб қолди опа. Кун кечроқ бўлиб қолганлиги сабабли “Мунира Умид” МЧЖда бугунги буюртма аллақачон бажарилиб, манзилларига юборилган, МЧЖ раҳбари Мунира Холиқова ишчиларининг ортиқча вақтини олиб ўтирмай уларга кетишларига рухсат берган экан. Хонадоннинг бир томонидаги эшикдан кирар эканмиз кенг хоналарда сутни қайта ишловчи ускуналар жойлаштирилган. Бир бурчакда опанинг кичиккина иш хонаси.
– Қизим кичиклик вақтида соғлиғи учун шифокор тавсиясига кўра мунтазам қатиқ истеъмол қилиши керак эди. Ҳар куни бир литрдан қатиқ сотиб олардик. Кунларнинг бирида уй шароитида қатиқ тайёрладим. Ҳам мазали, ҳам ҳамёнбоп бўлди. Шу тариқа қатиқни уйда тайёрлайдиган бўлдим, – дея тадбиркорликка илк қадами ҳақида ҳикоя қилади опа.
Мунира опанинг эҳтиёж юзасидан тайёрлаган маҳсулотига кейинчалик қўшнилар ҳам қизиқиш билдира бошлайди. Хонадонда бошланган кичик юмуш аста-секин тадбиркорликка айланади.
Тадбиркорлик баъзан катта сармоя ёки мураккаб бизнес-режадан эмас, оддий ҳаётий эҳтиёждан бошланаши шу бўлса керак.
2010 йилда соатига 50 литр сутни қайта ишлаш имкониятига эга кичик сепараторда иш бошлаган Мунира Холиқова дастлаб маҳсулотларини қўшниларга, кейинчалик қандолатчилик корхоналари ва чойхоналарга етказиб берди. Харидорлар кўпайгани сари иш ҳажми ҳам ортди.
2019 йилга келиб эса тадбиркор имтиёзли кредит асосида ишлаб чиқариш цехини ташкил этиб, фаолиятини кенгайтирди. Бугунги кунда корхонадаги тўққизта ускуна соатига бир тонна сутни қайта ишлаш имконини беради.
«Мунира Умид» масъулияти чекланган жамиятида сутдан 12 хил маҳсулот тайёрланади. Улар орасида қатиқ, кефир, йогурт, творог, сметана, сузма, қаймоқ, бринза ва пишлоқ маҳсулотлари бор. Маҳсулот турлари харидорлар эҳтиёжи ва мавсумий талабдан келиб чиқиб ишлаб чиқарилади.
Корхонада сутни қабул қилиш, қайта ишлаш, совитиш ва санитария талабларига риоя этиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилади. Чунки сут тез бузиладиган маҳсулот. Уни белгиланган ҳароратда сақлаш ва ўз вақтида қайта ишлаш тайёр маҳсулот сифатига бевосита таъсир кўрсатади.
Тайёр маҳсулотлар асосан, Пахтакор тумани ва Жиззах шаҳридаги бюджет ташкилотлари, мактабгача таълим муассасалари ҳамда қандолатчилик корхоналарига етказиб берилади.
Ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилгани меҳнат унумдорлигини оширган. Айни пайтда корхонада 10 нафар доимий ишчи меҳнат қилади. Буюртмалар кўпайганида эса қўшимча 12 нафаргача мавсумий ишчи жалб этилади. Бу эса маҳаллий аҳоли, хусусан, хотин-қизлар учун даромад топиш имкониятини яратади.
Мунира Холиқова эришилган натижалар билан чекланиб қолмоқчи эмас. Унинг режалари орасида ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш, сутдан қуритилган маҳсулот олиш технологиясини ўзлаштириш ҳамда табиий қаймоқдан сариёғ тайёрлашни йўлга қўйиш бор.
Бунинг учун корхонанинг иккинчи қаватида қўшимча ишлаб чиқариш майдони ташкил этиш ва янги ускуналар ўрнатиш кўзда тутилган. Режалар амалга ошса, ишлаб чиқариш кўлами кенгайиб, янги иш ўринлари яратилади.
Тадбиркор яна бир муҳим ташаббус — чекка ҳудудларда аҳолидан сут қабул қилиш нуқталарини ташкил этиш имкониятларини ҳам ўрганмоқда. Бундай нуқталарда сутни совитиш ва лаборатория текширувидан ўтказиш орқали унинг сифатини сақлаш, аҳоли етиштирган маҳсулотни ўз вақтида харид қилиш мумкин бўлади. Мазкур ташаббусни амалга ошириш масалалари хорижий вакиллар билан учрашувларда ҳам муҳокама қилинган.
– Бу ишларнинг барчасини амалга оширишимда менга турмуш ўртоғим, ўғлим ҳамда қизим елкама елка кўмак бериб келишди. Қизим мактабгача таълим йўналишида таҳсил олиб, ўзининг таълим соҳасидаги ташаббусини ҳам бошлади, – дейди у.
Оилавий тадбиркорликни кенгайтириш мақсадида Мунира опанинг қизи Озода хонадоннинг бир томонида 25 ўринга мўлжалланган уй боғчасини ташкил этган. Келгусида боғчани кенгайтириш учун қўшимча иморат ҳам қурилиш жараёнида экан.
Ҳа, қаҳрамонимиз тинимсиз изланиш ва меҳнати билан нафақат ўзи, балки фарзандларини ҳам тадбиркорликка, ишбилармонликка бошқариб келмоқда. Бу йўналишда уларда аниқ мақсад, катта ишонч ва изчилликда йўлга қўйилган ҳаракат бор.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган сурат.