Жиззах вилоятида 2026 йил 1 октябрдан бошланган «Тозалик ва озодалик долзарб икки ойлиги» доирасида дастлабки 12 кунда ҳудудларни ободонлаштириш, чиқиндиларни бартараф этиш ва экологик маданиятни юксалтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Экология, ички ишлар органлари, Миллий гвардия, чиқинди бошқармаси ва бошқа идоралардан иборат ҳудудий ишчи гуруҳлар вилоятнинг 13 та туманида ўрганишлар ўтказди. Натижада чиқиндилар билан боғлиқ 141 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга жами 166 миллион 620 минг сўм маъмурий жарима қўлланилди. Шундан 5 миллион 500 минг сўми ундирилди.

Ҳудудларни тозалаш ишларига 133 та махсус техника ва 408 нафар ходим жалб қилиниб, 304 та маҳалланинг 133 таси ҳудудидан 6 707 тонна маиший ва қаттиқ чиқинди олиб чиқилди. Шунингдек, 33 та кўп қаватли уй атрофи тозаланди. Санитария хизматларига тегишли 148 та транспорт воситаси ҳар куни техник кўрикдан ўтказилиб, уларнинг фаолияти назоратга олинди.
Санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида 41 та объект ўрганилиб, аниқланган 22 та камчилик бартараф этилди. Жумладан, мактабларда 11 та, боғчаларда 4 та, шифохоналарда 2 та ва бошқа объектларда 5 та камчилик аниқланган.
Ободонлаштириш ишлари сув ҳавзалари, каналлар ва ариқларни ҳам қамраб олди. Жами 44 километр сув йўли тозаланиб, 111 тонна чиқинди олиб чиқилди. Вилоят бўйича 11 миллион 109 минг 193 дона кўчат ва буталар захираси мавжуд бўлиб, энг катта кўрсаткич Жиззах шаҳрида — 4,79 миллион, Шароф Рашидов туманида эса 2,18 миллион донани ташкил этди. Шунингдек, 4 100 метр янги суғориш тизими яратилди, мавжуд тизимларнинг 5 500 метри таъмирланди.
Тозалик ишларини тизимли ташкил этишда ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳисобот даврида юридик шахслар билан санитария хизматлари ва ободонлаштириш бўйича 52 та шартнома тузилди. Чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш масаласида аҳолидан келиб тушган 203 та мурожаатнинг 19 таси ижобий ҳал этилди, қолган 184 таси эса белгиланган муддат доирасида кўриб чиқилмоқда.
Вилоятнинг барча туманларида ички кўчалар ва маҳаллаларнинг махсус хариталари шакллантирилиб, ҳар бир ҳудуд учун масъуллар белгиланди. Тадбир доирасида аҳоли ўртасида тарғибот ишлари ҳам олиб борилиб, ижтимоий тармоқларда 13 тадан ортиқ материал, жумладан, 10 та тарғибот материали ва 3 та видеоролик ҳамда лавҳа тарқатилди.
Амалга оширилаётган ишлар ҳудудларни озода сақлаш, санитария ҳолатини яхшилаш ва яшил ҳудудларни асрашга хизмат қилади. Бироқ тозаликни таъминлаш фақат икки ойлик доирасидаги тадбирлар билан чекланмаслиги керак. Чиқиндиларни белгиланган жойга ташлаш, ариқларни ифлослантирмаслик, дарахт ва буталарни асраш ҳар биримизнинг кундалик одатимизга айланиши зарур.
Зеро, озода маҳалла ва соғлом муҳит — умумий масъулият маҳсули. Бу борада масъул идоралар, тадбиркорлар ва аҳолининг ҳамжиҳатлиги тозаликни ҳаётимизнинг ажралмас меъёрига айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.