Эътиборингизга жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ички ишлар органлари фаолиятида эришилган натижалар, қўлга киритилган ютуқлар ҳамда тизимда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига оид маълумотларни ҳавола этамиз. Хизмат самарадорлигининг ортиб бораётгани, замонавий талаблар асосида барпо этилаётган ва таъмирланаётган бинолар, моддий-техник базанинг мустаҳкамланаётгани соҳадаги ислоҳотларнинг амалий самарасини кўрсатади. Бу ўзгаришлар ички ишлар органларининг салоҳиятини ошириш, аҳоли осойишталигини таъминлаш ва жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида вилоят ҳудудида қайд этилган жами жиноятларнинг 90,9 фоизи “иссиқ изидан” фош этилди.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойида вилоят ички ишлар органлари ходимларининг ташаббуси билан 1 068 та – ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 267 та кўп жиноят аниқланди.
Гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 307 та жиноий ҳолатга чек қўйилди. Натижада 97 кг 67 гр ноқонуний гиёҳвандлик моддалари, 15 минг 795 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳужжатлаштириб олинди.
Жиззах вилояти республика даражасидаги тадбирларни ўтказишда муҳим стратегик марказга айланиб бормоқда. Жорий йилда ички ишлар тизими бўйича 4 маротаба республика даражасидаги йирик тадбирларга вилоятимиз мезбонлик қилди.
Ички ишлар органларининг патрул-пост хизмати ходимлари ўртасида “Намунали патрул-пост хизмати ходими” ва “Намунали патрул-пост хизмати қисм командири” кўрик-танловининг республика босқичида жамоавий йўналишда Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ патрул-пост хизмати батальони жамоаси ғолиб бўлди. “Намунали патрул-пост хизмати қисм командири” ҳамда “Намунали патрул-пост хизмати ходими” йўналишларида ҳам жиззахлик соҳа ходимлари – Парвез Султонов ва Нурҳаёт Алижонов биринчиликни қўлга киритдилар. Бу натижалар вилоятимиз вакилларининг республика миқёсидаги энг юқори рейтингини мустаҳкамлади.
«Энг яхши эксперт-криминалист» ва «Энг намунали эксперт-криминалистика жамоаси» республика кўрик-танловида Жиззах вилояти жамоаси фахрли 2-ўринни эгаллади.
ИИВ тизимида ўтказилган «Йилнинг энг яхши мураббийи» танловининг республика босқичида Жиззах шаҳар ИИБ ҳузуридаги Жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси тергов бўлими бошлиғи, подполковник Шаҳноза Каримова фахрли 2-ўринни эгаллади.
“Хизмат кўпкураши” бўйича Ички ишлар вазири кубоги учун мусобақанинг республика босқичида Жиззах вилояти жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.
“Касб олимпиадаси-2026” республика танловида Жиззах вилояти ИИО жамоаси энг кўп совринли ўринларни қўлга киритган жамоа сифатида қайд этилди.
Йил бошидан буён ёш ходимлар қўл жангги, аралаш жанг санъати ва бошқа спорт турлари бўйича мамлакат, жаҳон миқёсидаги мусобақаларда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумадан, 12 нафар ходим республика ва халқаро беллашувларда кучли учлик таркибидан жой олди.
Хизмат инфратузилмасини ривожлантириш изчил давом этмоқда. Дўстлик, Пахтакор, Ғаллаорол, Зомин ва бошқа ҳудудларда хизмат бинолари таъмирланди, Зомин, Янгиобод ва Ш. Рашидов туманларида ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилди. Айни пайтда Янгиобод туман ички ишлар бошқармасининг янги биноси ҳамда вилоят ИИБ тиббиёт бўлимининг қўшимча тўрт қаватли биноси қурилмоқда. Хизмат сафари билан келувчи ходимлар учун 31 ўринли замонавий меҳмонхона барпо этилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида 9 та йирик объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бунёдкорлик кўлами жиҳатидан Жиззах вилояти ИИО республикада пешқадам ҳисобланади.
Ижтимоий ҳимоя йўналишида 2021-2026 йилларда 205 нафар ходимга уй-жойни таъмирлаш ва маиший шароитларни яхшилаш учун фоизсиз ссудалар ажратилди. 2022-2026 йилларда 76 нафар ходимга автотранспорт воситаси харид қилиш учун имтиёзли шартларда кредит маблағлари берилди. Бу чоралар ходимлар ва унинг оиласи учун барқарор шароит яратади.
Хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган бир нафар марҳум ходимнинг оиласига уй харид қилиниб, замонавий таъмирлаб берилди. Шунингдек, оғир шароитда яшовчи бир нафар ИИО ходимининг уй-жойи янгидан қуриб берилди.
Вилоят ИИБ бошлиғи томонидан Президент Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида 104 марта, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда 16 марта оммавий сайёр қабуллар ташкил этилди. 39 маротаба ўтказилган шахсий қабулларда жами 15 773 та мурожаат қабул қилинди.
Ҳудудлардаги «Ички ишлар боғи» ҳамда вилоятнинг қатор ҳудудларида жорий йил баҳорги мавсумда 10 604 туп кўчат ўтқазилди. Уларнинг қарийб 9000 таси мевали, 1700 таси манзарали дарахт кўчатларидир.
Ички ишлар идоралари масъул этиб белгиланган волейбол ва аралаш жанг санъати спорт турлари бўйича турли ёш тоифаларидаги чемпионатларни Жиззахда ўтказиш анъанага айланиб бормоқда. U-15 ёш тоифасида волейбол бўйича Ўзбекистон чемпионати, “ИИБ бошлиғи кубоги” учун 5 марта вилоят мусобақаси ва 2 марта ташкил этилган ММА бўйича вилоят чемпионати бунга мисол.
С.ЮСУПОВ.