Инсон ҳаётида шундай касб эгалари борки, уларнинг ҳар бир иш куни кимнингдир умиди, кимнингдир қувончи, яна кимнингдир ҳаёти билан боғлиқ. Тиббиёт ходимлари ана шундай масъулиятли ва шарафли вазифани елкасида кўтариб келаётган инсонлардир. Уларнинг меҳнати кўпинча кўзга ташланмаслиги мумкин, аммо ҳар бир соғлом инсон, ҳар бир шодумон оила ортида ана шу фидойи инсонларнинг заҳмати мужассам.
Шу маънода, Шароф Рашидов тумани тиббиёт бирлашмасининг Равот бўлими мудири Саҳиба Мустафақулованинг ҳаёт ва меҳнат йўли эътиборга молик. У қарийб ўттиз йиллик фаолияти давомида ўз касбига садоқат, беморларга меҳр ва раҳбарлик масъулиятини уйғунлаштириб келаётган малакали мутахассислардан биридир.
Саҳиба Мустафақулова 1974 йил 14 февраль куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ёшлигидан шифокорлик касбига меҳр қўйган қаҳрамонимиз 1997 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини муваффақиятли тамомлаб, олий маълумотли шифокор мутахассислигига эга бўлди. Ўз устида тинимсиз ишлаши, билимга интилиши ва бир неча тилни билиши касбий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилди. Унинг меҳнат фаолияти 1997 йилда Жиззах (ҳозирги Шароф Рашидов) туманидаги “Олмачи” қишлоқ врачлик пунктида акушер-гинеколог сифатида бошланган. Бу йиллар давомида у кўплаб беморлар дардига қулоқ тутди, аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш, оналик ва болаликни асраш йўлида сидқидилдан меҳнат қилди. 2007-2011 йилларда “Ардахшон” қишлоқ врачлик пункти мудири, 2011-2017 йилларда яна “Олмачи” ҚВП мудири, 2017-2021 йилларда эса “Хайрабод” оилавий поликлиникаси мудири лавозимларида фаолият юритди. 2021 йил декабрь ойидан буён Шароф Рашидов тумани тиббиёт бирлашмасининг Равот бўлимига раҳбарлик қилиб келмоқда. Албатта, шифокор сифатида орттирилган тажриба билан раҳбарлик масъулиятини бирдек олиб бориш осон эмас. Бунинг учун нафақат тиббий билим ва амалий кўникма, балки одамлар билан ишлаш, жамоани бир мақсад сари бирлаштириш, муаммоларни ўз вақтида англаш ва уларга ечим топиш қобилияти ҳам зарур.
Бугун Саҳиба Мустафақулова раҳбарлик қилаётган Равот бўлимида 129 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг 12 нафари шифокор, 80 нафари ҳамшира, 30 нафари кичик тиббий ходимлардир. Бу рақамлар ортида катта жамоа, бир-бирига елкадош бўлган инсонлар ва аҳоли саломатлиги йўлидаги муштарак мақсад мужассам. Саҳиба Евгашевна раҳбар сифатида ҳар бир ходимнинг меҳнати ва масъулиятига алоҳида эътибор қаратади. Чунки тиббиёт муассасасида хизмат сифати фақат битта мутасадди раҳбарнинг маҳорати билан белгиланмайди. Унда шифокорнинг билими, ҳамширанинг ҳушёрлиги, кичик тиббий ходимнинг меҳнати ва бутун жамоанинг ҳамжиҳатлиги муҳим ўрин тутади.
– Шифокорлик нафақат билим, балки юрак қўрини талаб этадиган касб,– дейди Саҳиба Мустафақулова. –Шифокор, биринчи навбатда, самимий, меҳрибон, эътиборли бўлиши, одамларнинг муаммоларини эшитиши ва ҳал этишга интилиши керак. Энг муҳими, у кимнингдир эмас, беморнинг манфаатига хизмат қилиши лозим. Чунки баъзан беморга дори-дармондан ҳам аввал илиқ сўз, самимий муносабат ва ишонч керак бўлади. Шифокорнинг бир оғиз тасаллиси, эътибор билан тинглаши ҳам инсон қалбида умид уйғотиши мумкин.
Дарҳақиқат, бу фикрлар шифокорлик касбининг асл моҳиятини ифода этади.
Жамоа кучи — халқ саломатлиги йўлида
Равот бўлимида Саҳиба Мустафақулова билан бир сафда меҳнат қилаётган, касбига садоқатли, эл саломатлигини ўз вазифасининг энг муҳим мезони деб биладиган мутахассислар талайгина. Абдуҳаким Авезов, Янглиш Маҳмудова, Шерали Жўраев, Ҳамроқул Норбеков каби фидойи шифокорлар ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, беморлар саломатлигини тиклаш ва инсонлар дардига малҳам бўлиш йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқдалар. Уларнинг ҳар бири ўз вазифаси, тажрибаси ва касбий масъулияти билан умумий мақсадга ҳисса қўшади. Зеро, тиббиётда эришиладиган ҳар қандай натижа ортида кўпчиликнинг меҳнати, ўзаро ҳамкорлиги ва бир-бирига бўлган ишончи туради. Бундай жамоани бошқариш эса раҳбардан алоҳида масъулият талаб қилади. Саҳиба Мустафақулова буни яхши англайди. Унинг раҳбарлик фаолиятида ходимлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, касбий масъулиятни ошириш, аҳоли мурожаатларига эътиборли бўлиш каби вазифалар муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, касалликларнинг олдини олиш, профилактик кўриклар самарадорлигини ошириш ва одамларда соғлом турмуш тарзига нисбатан тўғри муносабатни шакллантириш тиббиёт ходимлари олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бу борада жамоанинг ҳар бир аъзоси ўз ўрни ва масъулиятини чуқур ҳис этиши зарур.
Касбга садоқат– эъзоз ва эътирофга муносиб
Саҳиба Мустафақулованинг кўп йиллик ҳалол ва самарали меҳнати кўп маротаба муносиб тақдирланган. Жумладан, 2023 йилда “Тиббиёт аълочиси” унвонига сазовор бўлди. Шунингдек, жорий йилда тиббиёт ходимлари байрами куни муносабати билан Президентимиз томонидан II даражали “Саломатлик” ордени билан тақдирланди. Бироқ ҳар қандай мукофот ва эътирофдан ҳам улуғроқ бир қадрият бор. Бу –беморнинг соғайиб, оиласи бағрига қайтиши, шифокорга билдирган миннатдорчилиги ва инсонлар дуосидир. Чунки шифокор меҳнатининг ҳақиқий баҳоси кўпинча ана шу самимий миннатдорликда намоён бўлади. Албатта, унинг ҳаёти фақат ишхона ва тиббиёт билан чекланмайди. Масъулиятли раҳбарлик вазифасини оилавий ҳаёт билан уйғунлаштира олган Саҳиба Евгашевна икки фарзанднинг меҳрибон онаси, Муҳаммадумар исмли неварасининг суюкли бувижониси ҳамдир. Оиладаги меҳр ва меҳнатдаги масъулият унинг ҳаёт тарзини белгилаб турган муҳим фазилатлардир.
Инсон умрининг мазмуни, аввало, у ортда қолдираётган эзгу ишлари ва одамлар қалбида сақланиб қоладиган яхши хотиралари билан ўлчанади. Саҳиба Мустафақулованинг қарийб ўттиз йиллик тиббий фаолияти, раҳбарлик тажрибаси ва халқ саломатлиги йўлидаги хизматлари ана шу ҳақиқатнинг ёрқин ифодасидир. Бугун Равот бўлимида фаолият юритаётган ҳар бир тиббиёт ходимининг меҳнатида бир мақсад –инсон саломатлигини асраш, беморга ёрдам бериш ва халқ ишончини оқлашдек улуғ вазифа мужассам. Зеро, оқ халат кийган инсоннинг зиммасида нафақат касбий бурч, балки юксак инсоний масъулият ҳам бор. Бу масъулиятни юракдан ҳис этиб, бутун умрини одамлар хизматига бағишлаган шифокорлар эса ҳар қандай эъзоз ва эҳтиромга муносибдир.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА,
Ботир Қудратов олган сурат.