Инсоннинг ҳақиқий қадри унинг эл-юртга келтирган нафида, ўзгалар дардига шерик бўла олишида намоён бўлади. Айниқса, ҳаёт синовлари қаршисида қолган инсонларга ёрдам қўлини чўзиш, ёш авлод тақдирига бефарқ бўлмаслик — нафақат инсонийлик, балки келажак олдидаги масъулиятдир.
Ҳаётим давомида бунга кўп бор амин бўлганман. Шундай воқеалардан бири ҳамон ёдимда…
Туманимиздаги хонадонларнинг бирида икки нафар чин етим бола 75 ёшли бувисининг қарамоғида қолганди. Болаларнинг отаси вафот этган, онаси эса тирикчилик илинжида хорижга кетган эди. Бир куни маҳалла фаоли сифатида ушбу хонадонга бориб, уларнинг яшаш шароити билан танишдим. Онахон икки набирани вояга етказиш, уларнинг таълим-тарбияси ва кундалик эҳтиёжларини таъминлашда жуда қийналаётганини айтди.
Унинг дардини эшитиб, масалани ҳал этиш мақсадида Президентимизнинг Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. Мурожаат тегишли ташкилотлар томонидан атрофлича ўрганилди. Шароитни эътиборга олиб, оилам билан келишган ҳолда болаларни ўз қарамоғимизга олишга қарор қилдик. Маҳалла кўмаги билан уларнинг яшаш шароитларини яхшиладик, таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратдик.
Шукурки, бугунги кунда болалар мактабни муваффақиятли тамомлаб, олий таълим муассасасига ўқишга киришди, муайян касб эгалари бўлишди.
Мен истиқомат қиладиган маҳаллада бу каби хайрли вазиятларни кўплаб келтириш мумкин. Муҳими, маҳалламизда ҳеч ким бир-бирига бегона эмас. Ҳар бир хонадондаги вазиятдан нуронийларимиз, фаолларимиз доимо огоҳ. Улар ўзларининг бой ҳаётий тажрибаси, панд-насиҳатлари ва тўғри йўл-йўриқлари билан кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан ўз вақтида хабар олишга, муаммоларни барвақт аниқлаб, ечим топишга яқиндан ёрдам беришмоқда. Айниқса, ёшлар қалбига эзгулик уруғини экиш ва оилавий қадриятларни улуғлашда нуронийларимизнинг ўрни беқиёс.
Амирбек АБДУЛЛАЕВ,
Зомин туманидаги “Нурликент” МФЙ фаоли.