Аслида табиат ўз мувозанати ва моҳиятига кўра тўкис ҳам бекаму-кўст яратилган. Дарахтлар инсониятнинг тўлақонли яшаши учун ҳаётий аҳамиятга эга. Лекин айни куз фаслида аҳоли томонидан хазонрезги мавсумида манзарали ва мевали дарахтлардан тўкилаётган барглар ва шох-шаббаларни йиғиш, тўплаш ва ёқиб юбориш ҳолатлари бизни — эколог ва табиат жонкуярларини ташвишга солади.
Келинг, ёнаётган барг хазонларининг нечоғлик зарарли эканлигини аниқланган статистик маълумотлар орқали кўрайлик. Бир тонна хазон ёқилганда, атмосфера ҳавосига 30 кг углерод оксиди ажралиб чиқар экан. Бундан ташқари, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар етказувчи бошқа моддалар, яъни олтингугурт ангидриди, қурум, азот оксиди ва мураккаб таркибли органик бирикмалар – диоксинлар ҳам ташланади. Соҳа мутахассисларининг айтишича, зарарли моддаларга тўйинган ҳаводан нафас олган кишининг нафас йўллари, кўзи ҳамда марказий асаб тизими шикастланади. Шу билан бирга, организмда ўпка саратони, бронхиал астма каби хавфли касалликлар келиб чиқиши хавфи ортади. Хазонни ёқишдан келиб чиқадиган зарарли тутун, айниқса, болалар, юрак-қон томир, нафас олиш йўллари хасталикларига чалинган ҳамда аллергияси бор инсонларга кўпроқ салбий таъсир кўрсатар экан. Шуни унутмаслик керакки, бутун дунё яқин ўтмишда коронавирус пандемиясини ўз бошидан ўтказди. Бундай шароитда атмосферанинг турли моддалар билан ифлосланиши, ушбу касаллик билан касалланиб тузалиб чиққанлар учун ҳам ниҳоятда зарарли эканлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 88-моддасида “Дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, дея алоҳида таъкидланган. Бундан ташқари, бу ёнғин содир бўлиши оқибатларини келтириб чиқарса бундай ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик ҳам мавжуд. Шундан келиб чиқиб, фуқаролар, маҳалла фаоллари соғлом экологик вазиятни сақлаш ишларидан четда қолмасликлари лозим.
Бу борада амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар ҳам мавжуд. Бу бир неча омилларга боғлиқдир:
биринчидан, тегишли мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан хазон ёқишнинг ўз вақтида олдини олиш бўйича керакли чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим. Дарахтлардан тўкилган хазонларни йиғиб мутасадди ташкилотлар кўмагида аҳоли яшаш марказлари ташқарисига чиқарилиб, тегишли жойларга ташлаш;
иккинчидан, кесилган шох-шаббаларни қайта ишлаш натижасида турли хилдаги қурилиш материаллари ва брикетлар тайёрлашни йўлга қўйиш;
учинчидан, дарахтлардан тўкилган хазонларни алоҳида ажратилган ҳолда йиғиб олиш натижасида улардан ўғитлар тайёрлашни йўлга қўйиш;
тўртинчидан, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзор-лаштиришда, экологик талабларга қатъий риоя қилиш ва туманларнинг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва инсон саломатлиги учун мақбул бўлган ўсимлик ва дарахт турларини экишга алоҳида эътибор қаратиш;
бешинчидан, маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаш-тириш ишларида экологик ҳашарлар ўтказилиб, аввало экологик тозаликни таъминлаш, чиқиндихоналарни озода сақлаш, бунда айниқса, жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш;
олтинчидан, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали улар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш экологик қоидабузарликларни олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Яна бир эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалардан бири, соҳада қонунчиликни доимий такомиллаштириб боришдир. Бу эса фуқаролар, тадбиркорлар ва давлат органлари томонидан бу борадаги ҳуқуқбузарликларнинг камайишига хизмат қилади.
Улуғбек ҚЎЧҚОРОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси
Арнасой туман Кенгаши ижроия қўмитаси раиси.
Аббос АБДУРАХМОНОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси
Шароф Рашидов туман Кенгаши ижроия қўмитаси раиси.