Болалар манфаати, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаш, ҳар бир боланинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш жамият тараққиётининг муҳим мезонларидан биридир.
20 ноябрь –Халқаро болалар куни муносабати билан Жиззах шаҳридаги «Ёшлар инновацион маркази»да «Болалик формуласи» номли тадбир ва очиқ мулоқот ўтказилди. Вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон болалар ташкилоти вилоят бўлими ва Болалар Омбудсмани ҳамкорликда ташкил этилган тадбир болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Тадбирни шаҳар ҳокимининг ўринбосари Суюн Силлиев очиб берди. Мазкур тадбирнинг кўтаринки руҳда бошланиши, иштирокчиларда Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва фахр туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бугун болаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик эртанги кун тараққиётига қўйилган мустаҳкам пойдевордир,– деди Ўзбекистон болалар ташкилоти вилоят бўлими бошлиғи Дилшод Шарофов. –Шу боис, уларнинг ҳар томонлама камол топиши, билим олиши, ижодий ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантириши учун зарур имкониятларни кенгайтириш барчамизнинг умумий вазифамиздир.
Шубҳасиз, «Болалик формуласи» каби ташаббуслар болаларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларнинг овози ва фикрини жамият ҳаётида кенгроқ намоён этишга хизмат қилади. Очиқ мулоқот жараёнида илғор лойиҳалари ва креатив ғоялари билан фаол иштирок этган ёшлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.