“КАРЬЕРА КУНИ – КАСБ, ИМКОНИЯТ”

Шароф Рашидов тумани 2-сон техникумида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий салоҳияти ва қобилиятини рўёбга чиқариш, меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш мақсадида “Карьера куни –касб, имконият” деб номланган меҳнат ярмаркаси ва касбга йўналтириш тадбири ташкил этилди. Тадбирда Касбий таълим бошқармаси, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, иш берувчи корхоналар раҳбарлари, педагоглар ҳамда ёшлар иштирок этди. Меҳнат ярмаркасида ўндан ортиқ саноат корхоналари бўш иш ўринлари билан қатнашди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят Касбий таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Самандар Музаффаров меҳнат ярмаркасининг аҳамияти, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги вазифалар хусусида фикр билдирди. Шунингдек, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси мутахассиси Акбар Файзиев, вилоят миграция агентлиги раҳбари Шерзод Амановлар сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёш авлоднинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз қобилияти ва имкониятларини намоён этиши учун яратилаётган шароитлар хусусида сўз юритишди.

Бугун бизни бир эзгу мақсад бирлаштириб турибди. Бу –ёшларимизнинг келажагига бефарқ бўлмаслик, уларнинг қобилияти ва имкониятларини рўёбга чиқариш, муносиб касб эгаси бўлишларига кўмаклашиш ҳамда меҳнат бозорида ўз ўринларини топишларига йўл очишдир, –деди мазкур техникум директори Шерзод Бекамов. –Касб танлаш шунчаки бир йўналишни белгилаш эмас. Бу инсоннинг қизиқиши, интилиши, билими ва келажакдаги мақсадларини бир нуқтада жамлайдиган муҳим ҳаётий қадам. Меҳнат ярмаркасида ўндан ортиқ техникумлардаги йўналишлар ҳақида ўқувчиларга маълумот берилди. Шунингдек, вилоятимиз саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан таништирилди.

Меҳнат ярмаркаси давомида иштирокчиларнинг касбий йўналишлар бўйича тушунчаларини кенгайтириш, уларни муносиб иш ўринлари ва мавжуд имкониятлар билан таништиришга алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, бугунги ёшлар эртанги куннинг малакали мутахассислари, бунёдкорлари ва жамият тараққиётини таъминловчи кучидир. Уларнинг ҳар бирига ўз истеъдоди ва салоҳиятини намоён эта олиши учун зарур шароит яратиш эса барчамизнинг умумий вазифамиздир.

“Карьера куни –касб, имконият” тадбири ҳам ана шу йўлдаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Чунки ёшларга берилган имконият, уларга кўрсатилган эътибор ва тўғри йўналтириш келажакда ўз самарасини беради.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган суратлар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *