МОҲИР  АВТОКРОССЧИЛАР  АНИҚЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Жиззах вилоят кенгаши ташаббуси билан Жиззах шаҳридаги “Наврўзбулоқ” пойгагоҳида автокросс бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳслари бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақада юртимизнинг турли ҳудудларидан сараланган 65 нафар спортчи ғолиблик учун кескин кураш олиб боришди. Қумли ва чангли йўллардаги мураккаб бурилишлар, юқори тезлик ва хавф омиллари ҳар бир иштирокчидан нафақат техник маҳорат, балки мустаҳкам ирода талаб қилди.

Белгиланган низомга мувофиқ, иштирокчилар “А-7”, “А-8”, “Миллий” ва “Багги” синфларидаги спорт автомобилларида ҳаракатландилар. Ҳар бир йўналишда ҳайдовчилар ўз имкониятларини тўлиқ намоён этишга интилишди. Қайд этиш керакки, автоспортда ғалаба омили юқори тезликдан ташқари ҳайдовчининг маҳорати, кучли реакцияси, тактик ёндашуви ва мураккаб йўл шароитига мослаша олиши билан белгиланади.

Икки кун давом этган шиддатли беллашувлар якунида мезбонлар устунлиги яққол сезилди. Умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритган жиззахликлар ўз ҳудудидаги спорт салоҳиятини яна бир бор намоён этишди. Жумладан, “А-7” синфида жиззахлик Темур Аҳрорқулов, “Миллий” автомобиллар йўналишида Фурқат Аҳрорқулов, “Багги” синфида Равшан Қобулов марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтишди. “А-8” синфида эса тошкентлик Фозил Қобулов ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, вилоятимиз вакилларидан Самандар Ҳусанов ва Ғайрат Одилов ҳам совриндорлар сафидан жой олишди.

Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари “Ватанпарвар” ташкилотининг медаль, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Муаллиф олган сурат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *