БЕМОРДАН ХАБАР ОЛИШ ОДОБИ

Меҳр-оқибатли халқимизнинг яхши одатларидан бири бетоб яқинларидан хабар олишдир. Қариндош, қўшни ёки бирор қадрдонимизнинг оғриб қолганини эшитсак, дарҳол ёнига ошиқамиз. Кўришиб, тотли таомлар улашишни, ширин сўзлар айтишни, қўлимиздан келганча ёрдам беришни истаймиз. Ниятимиз яхшилик қилиш бўлади-ю, аммо баъзида озгина эътиборсизлик туфайли толиққан кўнгилни яна безовталаб қўямиз. Шундай экан, бемордан хабар олиш одобига риоя этиб, ўзимиз ва яқинларимизни ноқулай ҳолатларга солишликдан асрамоғимиз зарур.

Бемор уй шароитида даволанаётганда, уни кўргани борганлар меҳмондорчиликка келгандек, узоқ ўтириб қолиши маъыул эмас. Хонадон эгаларини уринтирмаслик, кўп гапирмаслик, айниқса, турли касалликлар ва аҳволи оғир ётган танишлар ҳақида сўзламаслик жоиз. Шифохонда даволанаётган яқинингиздан аҳвол сўрамоқчи бўлганда ҳам вақт маданиятига амал қилинг. Бунда хамшираларни ишидан чалғитмасликка, даволанувчининг ўз вақтида дам олишига ҳамда муолажаларига ҳалал қилмасликка эътиборли бўлинг. Айнан шунинг учун ҳам саломатлик марказларида қабул соатлари белгиланган. Шунга қарамай, кўпчилик тартибга риоя этмайди. Фалончи касалхонага тушиб қолибди, дея фақат ўзларига мос-маъқул вақтда, ҳатто тун маҳал бўлса ҳам, безовта қилишга ботинаверади.

Бу борада юқумли касалликлар шифохонасига алоҳида тўхталиш ўринли. Бундай жойда ҳаво томчи йўли орқали юқадиган касалликларга чалинганлар даволаниши боис ниҳоятда эҳтиёт бўлиш шартлиги ҳаммага маълум. Лекин билиб туриб ҳам амал қилинмаслигининг гувоҳи бўламиз. Баъзан ёш боласини етаклаган ёки ҳомиладор аёллар бемордан хабар олгани келишади. Ноҳотки андишасини ўзи ва туғилажак фарзандининг саломатлигидан устун қўяди?

Туғруқхоналарда тартиб бирмунча кучайтирилгани боис она ва болани кўргани келганларни ичкарига киритиш мумкин эмас. Бироқ “мен боланинг отасиман!” ёки “набирамни кўрмай кетаманми?”, деб хархаша қиладиганлар бор. Ахир, гўдак териси юпқа ва жуда нозик бўлади. Ташқаридан тушган инфекция бола саломатлигига дарров таъсир қилади. Шу боисдан она ва болани қатъий гигиена талабларига мос равишда парвариш қилиш лозим.

Бемор учун олиб келинадиган таомлар-чи!? Сомса, кабоблар, сок ва ширинликлар… Айрим кишилар касалхона овқатини ёқтирмаслигини очиқ айтишади. Бироқ ҳар қандай беморга парҳез таом фойдалидир. Шифохона ошхонасида тиббий ва табиий мезонлар ҳисобга олиниб таом тайёрланади. Зеро,  тўғри овқатланиш саломатликни тиклашда муҳим аҳамиятга эга.

Азизлар, дард чекмаган тана бўлмаганидек, ҳар биримиз юқоридаги тартибсизликка йўл қўйган, қачонлардир бундан азият ҳам чеккан бўлишимиз мумкин. Бундай маданиятсизликдан воз кечиш эса ўз қўлимизда. Шундай экан, яхшилик илиниш учун қилаётган ҳаракатларимизни қалбимиздаги асл ниятимизга монанд, одобу-ибрати билан амалга оширайлик.     

 

Холида АБДУРАУПОВА,

РШТЁИМ Жиззах филиали гинекология

бўлимининг олий тоифали ҳамшираси.     

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *