Сурхондарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда муҳтарам Президентимиз кенг жамоатчилик ва айниқса, биз нуронийларнинг олдимизга муҳим вазифаларни белгилаб берди.
“Сув – текин эмас”, деган ғояни аҳоли онгига чуқур сингдириш, уни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан бирга кундалик турмуш қоидасига айлантириш асосий вазифамиз бўлиши лозимлигини уқтириб, келгусида сув тақчиллиги билан юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга бугундан ечим излашга барчамиз масъул эканлигимизни эслатиб ўтдилар. Шунингдек, Юртбошимиз жорий йилнинг 29 ноябрида Қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш борасида барча масъулларга зарур топшириқ ва вазифаларни белгилаб берди. Ҳақиқатдан ҳам бу мавзу бугунги кундаги энг долзарб масаладир. Хусусан вилоятимизда ҳам сув ва электр энергия сарфи билан боғлиқ муаммолар кўплаб топилади. Шундан келиб чиқиб “Жиззах ҳақиқати” газетасининг 8 декабрь сонида “Жиззах вилояти фаолларининг қишлоқ хўжалик корхона (фермер, деҳқон хўжаликлари, кластер)лари раҳбарлари ва маҳалла раисларига Мурожаати” эълон қилинди.
Шундай экан, эндиликда ҳар биримиз бундай долзарб муаммоларни бартараф этиш йўлида Президентимизнинг ёнида камарбаста бўлишимиз зарур. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ичимлик суви таъминоти, уни тежаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга ҳаммамиз ўз ҳиссамизни қўшайлик. Бу эзгу ишга бугун ҳар бир маҳалла аҳли, ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро бирдек киришмоғи лозим.
Сув — ҳаёт манбаи эканлиги барчага аён. Инсон бир кун ҳам сувсиз яшай олмайди. Чунки сув саломатлик, озиқ-овқат, энергия ва атроф-муҳит учун энг муҳим ресурс ҳисобланади. Бугунги кунда бутун дунё жамоатчилигини ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар хавотирга солиб келмоқда. Иқлимнинг исиб кетиши ва сув ресурсларидан тежамсиз фойдаланиш ичимлик суви инқирозига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида тез тез айтилмоқда.
Марказий Осиё минтақасида экологик муаммолар билан бирга сувдан оқилона фойдаланиш ҳам кун тартибидаги долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Ушбу муаммони бартараф этишга Ўзбекистонда ҳам кенг кўламли ишлар бошланганлигини ҳам яхши биламиз.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан республикамиз сув хўжалиги соҳасини комплекс ривожлантириш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга киришилди. Жумладан, рақамли ва сувни тежовчи суғориш технологиялари кенг жорий этилмоқда, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича янги, истиқболли лойиҳалар амалга оширилаяпти. Бугина эмас, Юртбошимиз қўшни давлатлардаги сув муаммоларини ҳал этиш юзасидан ҳам амалий таклифларни илгари сурмоқда. Минтақадаги сув муаммоларини ҳал этиш учун қўшни мамлакатларни ҳам фаол ҳамкорликка чақириб, келажак режаларини тузишга ундамоқдалар.
Айниқса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Президентимизнинг сўзлаган нутқи жаҳон ҳамжамиятини, сизу бизни, барчамизни яна бир бор огоҳликка даъват этади.
Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда сув ресурслари тақчиллиги билан боғлиқ масалага алоҳида урғу берар экан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватладилар. Марказий Осиёда сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш тарафдори эканлигини таъкидладилар.
Шу билан бирга жорий йил 15 сентябрь куни Тожикистонда бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳам муҳтарам Президентимиз ўз маърузасида сув ва бошқа табиий ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланиш маданиятини шакллантириш бўйича махсус дастурни қабул қилиш, бу борада ёшлар ташаббуслари ва стартапларини қўллаб-қувватлашни минтақавий даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини илгари сурдилар.
Давлатимиз раҳбари ички сиёсатда ҳам келгусида кутилаётган сув танқислигини юмшатиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш масаласини кун тартибига қўйдилар. Келгуси 7 йилда мамлакатимизнинг асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи муҳим дастуриламал ҳужжат бўлган “Ўзбекистон–2030” стратегияси бунга яққол мисолдир. Стратегиянинг 3-йўналиши сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишлангани барчамизга улкан масъулият юклайди. Ҳар биримиз ташаббусни қўлга олиб, аҳоли ўртасида сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш учун тушунтириш ишларида фаол қатнашмоғимиз лозим. Сувдан фойдаланиш нафақат муқаддас динимизда, балки ота-боболаримизнинг маданиятида, бутун ўзбек менталитетига сингиб кетган. Ота-боболаримиз азалдан “Сувга тупурма”, “Сувни исроф қилма”, “Сув келди, нур келди”, “Сув—ҳаёт манбаи”, “Сув—неъматларнинг улуғи”, “Олдингдан оққан сувнинг қадрига ет”, “Сувнинг уволи ёмон”, “Сув келтирган элда азиз” дея ёш авлодни тарбиялаганлар. Қарияларимиз дастурхон устида дуога қўл очарканлар, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини тилаш асносида дарёларимизга мўл сув, деҳқончиликларимизга барокат тилашади. Ана шу қадриятларимизга амал қилиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг 2,3 миллиардини сув билан таъминлаш муаммо бўлиб турганлиги ҳаммага маълум. 1 миллиард аҳоли тоза ичимлик сувига эҳтиёж сезяпти. 400 миллион одам эса сувсизликдан азоб чекмоқда.
Минг афсуски, биз дунё миқёсида олганда, сувдан ўта исрофгарчилик билан фойдаланаётганлардан бири эканмиз. Демак сувни асрашни, уни тежаш кераклигини унутаяпмиз. Хонадонларда сувдан фойдаланиш, айниқса, дала ҳовлилардаги боғларда сув исрофгарчилиги жуда юқори. Ушбу хонадонлардаги очиқ сув ҳавзалари (ҳовуз, бассейнлар) ичимлик суви билан тўлдирилади, кўп ҳолларда бу сув тез-тез янгиланади. Автоуловларни тозалашда хам ичимлик сувидан фойдаланамиз. Айрим жойларда боғларимиз, экинларимизни соатлаб водопроводдаги ичимлик суви билан суғорилишини ҳам биламиз. Баъзи корхона ва ташкилотлар, овқатланиш шохобчаларидаги сув жўмракларидан тинимсиз оқаётган сувнинг ҳисоби йўқ. Бебаҳо неъматни ўз қўлимиз билан увол қиламизми? Истеъмол қилган ичимлик суви учун тўловларни ҳам ўз вақтида амалга оширмаймиз. Бу ҳолат муаммо устига муаммо бўлмайдими?! Ичган сувимизнинг пулини ўз вақтида тўлашга ўрганайлик. Аҳолини, барча истеъмолчиларни ўргатайлик. Келинглар, азиз юртдошлар! Аҳоли ўртасида сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантирайлик. Бу хайрли ишни «боғча – мактаб – олийгоҳ» тамойилида, энг муҳими, оилада доимий олиб боришни йўлга қўйиш яхши самара бериши аниқ.
Агар глобал исиш жараёни шу тарзда давом этса, яқин йигирма йилда Амударё ва Сирдарё оқими ҳозиргидан 15 фоизга қисқариши мумкин. Шундай бўлган тақдирда аҳоли жон бошига сув билан таъминланиш даражаси ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ҳозиргидан 25 фоизга камайиб кетар экан.
Вилоятимизда бошланган ҳар қандай хайрли ва савобли ишлар нуронийларимизнинг дуолари билан бошланади. Чунки, кўпни кўрган отахону онахонларимизнинг ҳаётий тажрибаси, эзгу тилаклари барчамизга куч-ғайрат бағишлайди. Шундай экан, биз нуронийлар ҳар ишда бош бўлайлик. Янги Ўзбекистонни барпо этишда, она юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишда ёшу қари ташаббус кўрсатайлик, нонни қандай эъзозласак, сувни ҳам шундай эъзозлайлик. Улуғ неъмат бўлган сувни тежашни ёш авлодга ўргатайлик. Бебаҳо бойликларимиздан келгуси авлодларимиз ҳам баҳраманд бўлиши керак. Буни унутмайлик! Ахир ҳаммамизнинг бу ёруғ оламдаги ниятимиз эзгу, фикримиз эзгу, сўзимиз эзгу, амалимиз ҳам эзгудир. Дунё тамаддунига тамал тошини қўйган аждодларимиз ана шу ғоя асосида иш тутганлар. Эзгу ишларимиз рўёбини албатта кўрамиз. Демак келгуси авлодларимиз ҳам биздан рози бўлади.
Норқул НУШАРОВ,
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий
фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний”
жамғармаси вилояти бўлими раиси.