Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутатлари ўзларининг 2023 йилдаги охирги – 50 сессиясига тўпланишди. Кенгаш раиси Эргаш Салиев сессия кун тартибига қўйилган масалалар билан таништириб, сессия регламентини тасдиқлатиб олди. Сессия кун тартибидаги “Жиззах вилоятининг 2024 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида”ги масала юзасидан вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармаси раҳбари Акбар Раҳматуллаев маърузаси тингланди. Маърузачи депутатларни вилоятнинг 2024 йилги маҳаллий бюджетининг даромад ва харажатлар қисми асосий параметрлари билан таништириб, соҳаларга ажратилаётган маблағлар ҳақида изоҳлар бериб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Отабек Фозилкаримов бевосита 2024 йилда бюджетнинг даромад ва харажатлар қисмида бўлган ўзгаришлар ҳақида сессияга тушунтиришлар берди.
Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Шухрат Умаров “Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлар ижросини ўрганиш якунлари тўғрисида” маъруза қилди. Шу масала юзасидан вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Ҳамид Ҳасанов ахборот берди.

2023 йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган ПҚ-208-сонли қарори ижросини таъминлаш учун 184 та объектда 453,1 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари олиб борилди. 311,5 км автомобил йўллари таъмирланди. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш учун 80 та объектда 428,5 км сув қувурлари тортилди ва 47 та иншоотлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Электр энергияси таъминотидаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида 8 та объектда 27,6 км янги тармоқлар тортилди, 8 дона янги трансформатор пункти ўрнатилди. Шу билан бирга 6 та объектда 21,5 км табиий газ тармоқлари монтаж қилинди.

Вилоятдаги иккита мактабда 150 ўринли ўқувчи ўрнига эга қўшимча бино қурилди ва битта боғчанинг ичимлик суви билан таъминланиши яхшиланди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ПҚ-465-сонли, ПҚ-146-сонли қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 346-F-сонли фармойишларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция қилиш натижасида 34 та мактаб, 12 та МТТ, 7 та соғлиқни сақлаш муассасалари реконструкция қилинди. Шундан ишлар самараси ўлароқ 10990 та ўқувчи ўрни яратилди, 1850 нафар тарбияланувчиларнинг шароити яхшиланди. 2500 нафар беморларга даволанишлари учун қулайликлар яратилди.
Ҳозирги пайтда 16 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Шундан 7 та объект қурилиши 2024 йилга ўтади. 9 та объектда ишлар якунланиб, фойдаланишга топширилади.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати – Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси Адҳам Шодмонов иштирок этди ва “Жиззах вилоятида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш якунлари юзасидан” маъруза қилди.

Сессия якунида йил давомида Кенгаш ишида фаоллик кўрсатган ва бошқаларга ўрнак бўлган депутатлар Сабоҳат Абдураҳмонова, Фарҳод Одилов, Сабоҳат Азимова, Шухрат Умаровлар тўртта йўналиш бўйича ғолиб деб топилди ва уларга халқ депутатлари вилоят Кенгашининг дипломлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Шунинг билан бирга депутат сифатида аҳоли ўртасида фаол иш олиб борган бир қатор депутатлар ҳам элдалик совғалари билан тақдирланди.

Барчага маълумки, Жиззах шаҳридаги 26-умумтаълим мактабининг бошланғич синфи ўқитувчиси Рўзигул Орзиқулова “Энг фаол аёл” республика танловида иштирок этиб, олий мукофотни олишга сазавор бўлган эди. Сессияда вилоят раҳбари Эргаш Салиев уни эришган ютуқлари билан қутлаб, вилоят ҳокимининг “Фахрий ёрлиғи” ва совғаларини топширди. Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Асад МУСТАФОЕВ.