Ҳар гал Президентимизнинг чиқишларини жон қулоғим билан эшитаман. Жорий йилнинг 22 декабрь санасида Президент раислигида ўтказилган Маънавият ва маърифат йиғилишидан ҳам бир олам таассуротлар билан чиқдим. Чунки давлат раҳбари маънавият ҳақида гапирар экан, маънавиятнинг энг олдинги сафида борадиган байроқдорлар – шоир ва ёзувчиларни алоҳида меҳр билан тилга олдилар.
Ушбу тарихий учрашувда ҳурматли Президентимиз Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинарининг илк ташкил этилиш тарихига тўхталди. Ўн йилдан ортиқ вақт фаолият кўрсатган семинарнинг орада айнан Зоминда ўтказилишига қаршиликлар бўлгани ва ўн йил “Зомин мактаби”, деб эътироф этилган анжуманнинг тўхтатиб қўйилгани ҳақида гаплари мени ҳам олис хотираларга бошлади.
Илк бор 1997 йилда ўша пайтда Жиззах вилоят ҳокими лавозимида фаолият кўрсатган Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёш ижодкорларнинг Зомин семинари ташкил этилди. Вилоят ёш ижодкори сифатида семинарда мен ҳам иштирок этдим. Зомин тоғларининг улуғворлиги, шарқираб оқаётган зилол сувларининг тиниқлиги, жўшқинлиги мамлакатнинг ижодкор ёшлари юракларига кўчгандай бўлди. Зомин илҳомлари янгидан-янги асарлар яратилишига замин тайёрлади. Семинарда устозларнинг қимматли фикрларидан баҳраманд бўлиб, маҳорат дарсларини тинглаб, асл адабиёт нима, ижодкор ким, унинг адабиёт, эл-юрт, Ватан олдидаги бурч ва вазифалари нималардан иборат, деган саволларнинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англаш имкониятига эга бўлишди ёшлар. Ўша қутлуғ кунларда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов мени табриклаб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тавсия этди.
Афсуски, орада ўн йиллар мобайнида ушбу мактаб фаолияти тўхтатиб қўйилди. Қанча-қанча ёш ижодкорлар учун бу даргоҳ, бунда ўтадиган ёшлик ва нафосат байрами армон бўлиб қолди.
Не бахтки, 2017 йилда “Зомин семинари” илк ташкил этилганига йигирма йил тўлганда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаши билан мазкур адабиёт байрамининг яна қайтадан ташкиллаштирилгани мамлакатимиз ижод аҳлининг қувончига сабаб бўлди.
Вилоят ҳокими вазифасида ишлаган пайти бошланган хайрли ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти даъвати билан қайта старт олди.
Зеро, ҳар қандай улуғвор ишлар ўзининг давомийлиги билан хайрлидир.
Йигирма йил ўтиб, ёш ижодкорлар семинарига яна қатнашиш бахтига муяссар бўлдим. Бу гал устозлар сафида, мезбон бўлиб – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими раҳбари сифатида иштирок этдим. Мен бундан қанчалар бахтиёр бўлганимни сўз билан таърифлаб беролмайман.
Ўриклисой боғларида яна Зомин булбуллари сайради. Қарийб чорак аср олдин бошланган хайрли ташаббус яна қанча-қанча истеъдодларни кашф этиб, эзгу орзулар сари қанот беришда давом этмоқда.
Бундаги ҳар бир тошда Ўзбекистон Халқ шоирлари Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева, Энахон Сиддиқованинг излари, Собир Ўнар, Луқмон Бўри каби адибларнинг сўзлари қолди. Таниқли шоир Азим Суюннинг “Бургут менинг Ўзбегим!”, деган ҳайқириқли овози тоғ-у тошларда акс-садо бергандай бўлди.
Ижод аҳлига нима керак?..
Баланд кўнгил ва жўшқин илҳом булоғи керак.
Зоминнинг улуғвор тоғлари бағрида, ям-яшил арчазорларнинг хушбўй тароватида, Ўриклисойнинг шарқираб оқаётган зилол сувлари мавжларида ана шу манба яшириндек гўё…
Семинар иштирокчиларининг кўзларидаги ҳайрат ва сўзларидаги қудрат ёшлик шиддати-ю нафосатига ҳамоҳанг тарзда жаранглаганига гувоҳ кўнгиллардан шундай ўйлар ўтса, не ажаб.
Зеро, ҳар ўзбекнинг ичида бир шоир яшайди. Шунинг учун шоирини олқишлайди бу Ватан, бу халқ!
“СИМ КАРТА СОТАМАН. НАРХИ ЎН БЕШ МИНГ СЎМ!”, – ДЕДИ ҲАБАШ ЙИГИТ СОФ ЎЗБЕК ТИЛИДА
Отам тарих ва сиёсат илмини чуқур эгаллаган ҳақиқий педагог эди. Бир умр мактаб директори вазифасида ишласа-да, обрўси ҳокимларникидан баланд эди назаримда. Валинеъматим 1991 йил 1 августда вафот этди. Роппа-роса бир ойдан сўнг, мамлакатимиз мустақиллиги эълон қилинди. Бу улуғ кунни кўриш отамга насиб қилмади.
Сиёсат одами эмасми, телевизор орқали кўрсатилаётган сиёсий тадбирлар рус тилида олиб борилар ва бундан отам жуда хуноб бўлар эди. “Ўзбекистонда яшаб, ўзбек бўла туриб, ўзганинг тилида гапириш, иш юритиш – адолатсизлик”, деган норозиликларини тушунсам-да, бу ҳолат табиийдек туюлар эди. Араб тилини билгани ҳолда, қанчалар билими кучли бўлмасин, рус тилида эркин сўзлаша олмаса, билим ва истеъдоди юзага чиқмаслигидан ўкинар эди. Кейин газетада ўқиб чиқиб, мушоҳада қиларди. Отам туфайли дунё мамлакатлари, уларнинг ўрни, халқи ҳақидаги тушунчаларимиз теран эди. Дунё давлатларининг пойтахт шаҳарлари ва давлат раҳбарларини номма-ном санаб бера олар эдик. Уйимизда бир кутубхонани тўлдирадиган китоб ва журналлар тахлами бизнинг билимларимизни мукаммаллаштиришнинг энг мақбул воситаси бўлган, назаримда.
Мен нега отам ҳақида гапираяпман?..
Баъзан мустақиллик бизга нима берди, деган иддаоли гапларни эшитиб қолсам, отам раҳматлининг рус тилида ўтказилаётган сиёсий йиғилишларни хуноб бўлиб тинглаб ўтиргани ёдимга тушади.
Мустақиллик бизга ўз тилимизда гапириш, давлат сиёсатига молик қарорларни ўз она тилимизла қабул қилиш, дунёга ўзбек тилида юзланиш имконини, ўзлигимизни англаш саодатини берди. “Ота, мана сиз кутган кунлар ҳам келди”, деб суюнчи олгим келди падари бузрукворимдан. Миллат, халқ, Ватан манфаати, деб моли-ю жонини аямаган жадид боболар ёди юрагимни ўртади..
Нега мен хотираларга берилиб кетяпман?..
Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, ҳар бир эзгу иш давомийлиги билан хайрлидир. Чунончи, Кенгаш йиғилишида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилди:
– Она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари иш ҳақига 50 фоизгача устама қўшиб берилиши;
– Ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ўтказилиши, ғолиб ва совриндорлари пул мукофоти билан тақдирланиши;
– Ўзбек тили филологияси йўналиши бўйича талабалар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши каби долзарб вазифалар белгиланди.
Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида бу ҳақиқат янги босқичга кўтарилаётгани хабари биз каби ижод аҳлига ижодий қувват ва куч бағишлади.
Ҳа, айтгандай, ўзбекча гапирган ҳабаш йигити ҳақида изоҳ бермабман.
2023 йил ҳаётимда муҳим янгиликлар йили бўлди, десам, муболаға бўлмайди. Шу йилнинг Рамазон ойида муқаддас Умра сафарига бориш, Байтуллоҳни тавоф қилиш бахтига муяссар бўлдим. Умримда биринчи марта чет элга чиқдим. Турли миллат ва элат вакилларидан иборат мусулмонлар билан ёнма-ён Умра амалларини бажардим.
Саудия Арабистонининг Жидда шаҳри аэропортига тушганимиздан илк рўпара келган ҳабаш йигит соф ўзбек тилида бизга мурожаат қилди:
– Сим карта сотаман. Нархи ўн беш минг сўм…
Бўйи икки метр келадиган ҳабаш йигитига қувонч билан қарадик. У ҳам бизга жилмайиб қўйди.
Кейин араб миллатига мансуб сотувчи йигитлар ҳам қийналиб бўлса-да, ўзбекча гапиришга ҳаракат қилаётганининг гувоҳи бўлдим. Ана шундай сотувчи араб йигитларидан биридан савдо қилаётсам, нима деди, денг?..
– Ўзбек яхши одам, жуда яхши одам, бошқаси бўмайди,– деди у ўзбекчада қийналиб-қийналиб.
Юртдошлар! Не бахтки, дунё бугун ўзбекча гапиришга чоғланяпти…
Меҳрибон АБДУРАҲМОНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
вилоят бўлими раҳбари.