ЁШЛАР ОРЗУЛАРИ РЎЁБГА ЧИҚМОҚДА

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, орзуларини рўёбга ошириш, соғлом турмуш тарзига ошно қилишда йил давомида ёшларга оид давлат сиёсати қай даражада амалга оширилаётгани борасида Ўзбекистон Ёшлар bттифоқи вилоят кенгаши раиси Муродбек РАҲМОНБЕРДИЕВ билан суҳбатлашдик.

—Ёшларни маънан ва руҳан қўллаб–қувватлаш, улар онгида Ватанга садоқат ва ҳурмат туйғусини шакллантириш борасида вилоятимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

—Сўнгги йилларда ўғил-қизларимиз ва ёш ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида турли лойиҳа, тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Вилоятда 30 га яқин ҳарбий қисм ва муассасаларда бошланғич ташкилотлар очилган бўлиб, ёшларнинг ҳарбий касб борасидаги тушунчаларини тарғиб қилиш мақсадида “Қўмондон ва ёшлар учрашуви”, бир неча бор “Жасорат мактаби” ҳарбий ватанпарварлик тадбирлари уюштирилди. Чекка ҳудудларида “Ватанпарварлик карвонлари”, ёшлар фестиваллари ўтказилиб, буларда 15070 нафардан зиёд фарзандларимиз иштирок этди. Мактаб, лицей, коллеж, маҳалладаги  ҳамда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларнинг ҳарбий қисмга 20 дан ортиқ саёҳати ташкил этилди. “Ёш қутқарувчилар” ҳарбий-спорт мусобақасининг республика босқичида Жиззах шаҳар ҳамда Пахтакор тумани ёшлари фахрли 1-ўринни қўлга киритиб, вилоят ёшларига ўрнак бўлиб келмоқдалар. Вилоятимизда 5 та олий таълим ва 35 та профессионал таълим муассасалари мавжуд бўлиб, ҳар бирида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари етакчи ва координаторлари фаолият юритиб келаётир. Иттифоқ томонидан муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонининг тавсияномаси билан талаба бўлган 126 нафар ёшларга шартнома тўлови суммасининг 35 фоиз қисми тўлаб берилганлиги тўғрисида 317 млн. 152 минг 974 сўмлик сертификатлар топширилди.

—Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, бандлигини таъминлаш борасида қилинаётган ишларга тўхталсангиз.

—Жорий йил вилоятимизда 400 га яқин тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар иштирокида республикамиз бўйлаб турли илғор ҳудудлардаги ишлаб чиқариш ва саноат корхоналарига бизнес саёҳатлар ташкил этилди. Улар орасидан 30 га яқини доимий иш билан таъминланди. 300 нафардан ортиғига консалтинг хизмати кўрсатилган бўлиб, керакли тушунчалар берилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 декабрдаги 765-сон қарорига асосан вилоятимизда 24 нафар ўғил-қизларга 12 млрд. 50 млн. сўм маблағлар ажратилган бўлиб, бунинг натижасида 165 дан ортиқ иш ўринлари яратилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 ноябрдаги 936-сонли қарорига асосан Дўстлик, Шароф Рашидов ва Зомин туманларида ёшлар технопарклари очилиши белгиланган эди. Бунинг учун Шароф Рашидов туманидаги Тоқчилик МФЙ да 2 га. ер майдони ажратилиб, ҳозирги кунда технопарк фойдаланишга топширилган. Бу ерда 7 та тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилиб, 60 дан ортиқ тадбиркор ёшларнинг бандлиги таъминланди. Дўстлик туманидаги Алишер Навоий МФЙда 1,66 га. ер майдони ажратилиб, технопарк қурилиш ишлари якунланган. Ҳозирда ҳудудда тадбиркорлик қилиш истагини билдирган йигит-қизларнинг рўйхати шакллантирилмоқда. Зомин туманидаги Қўрғон МФЙда технопарк учун 1,43 га ер майдони ажратилиб,  бугунги кунда тадбиркорлик қилиш истагини билдирган ёшларнинг рўйхати тузилаяпти.

Зомин туман технопаркида 15 дан ортиқ тадбиркорлик йўналишлари, 320 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Ишсиз ёшлар, мактаб битирувчилари бандлигига кўмаклашувчи “Ёшлар бандлик дастури”га ёшларнинг, айниқса, мактаб битирувчиларининг бугунгача 22 543 нафари жалб этилган. Хориждаги ватандош йигит-қизлар ҳам эътиборимиздан четда қолаётгани йўқ, албатта. Вилоятимизнинг 309 та маҳалласида чет элга кетган ёшларнинг турмуш тарзи ўрганилиб, 7 874 нафарининг рўйхати шакллантирилди. Шунингдек, ички ишлар вилоят бошқармаси томонидан тақдим этилган 13 000 нафар ёшлар рўйхати ҳам қайта таҳлил қилинди.

—Йил давомида “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг муаммоларини ҳал этиш масаласи қандай кўриб чиқилди?

—Жорий йилда хатлов ва ўрганишлар натижасида “Ёшлар дафтари” электрон платформасига 20 274 нафар йигит-қизлар киритилди. Жорий йилнинг 10 декабрь ҳолатига 16 118 нафар ёшларга амалий ёрдам кўрсатилди. Ҳозирда 4 156 нафари дафтарда қолмоқда. 2 714 нафари ишли бўлди, 10 нафари ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси орқали бандлиги таъминланди. Уларнинг 415 нафарига тадбиркорлик фаолияти учун кредитлар ажратилди, 1 186 нафарига ер майдони берилди. 828 нафар ўғил-қизларга асбоб-ускуналар учун субсидия ажратилди, 2 780 нафарига шартнома тўлови, 453 нафар ёшларга сафарбарлик чақируви резерви хизмати, 141 нафарига ҳайдовчилик гувоҳномаси учун пул маблағлари ўтказилди. 120 нафарига турар жой ижараси, 580 нафарига илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларида ўқиш харажатларини қоплаш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилди.

—Янги йилдаги режалар тўғрисида гапириб берсангиз?

-2024  йилда вилоятдаги 5 та ОТМларда, 35 та профессионал таълим ва 32 та куч тузилмалардаги ёшлар етакчиларининг малакасини ошириш, 558 та умумтаълим мактабларидаги маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларига ҳар томонлама услубий ва амалий кўмак бериш, уларнинг фаолиятини замонавий баҳолаш механизмини жорий этиш ва шу орқали мунтазам рағбатлантириб боришни йўлга қўямиз. Янги йил давомида сардорлар кенгашини янги босқичга олиб чиқиш, Мунозара клубини ташкил этиш, ҳар бир туман, шаҳарларда “Ватанпарварлик фестиваллари”, “Меҳр карвони” лойиҳаларини ташкил этишни режалаштирганмиз. Воҳамиздаги барча ОТМларда жорий йилда алоҳида “Талабалар шахмат хонаси” ташкил этилиб, 100 дона шахмат тахтаси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан туҳфа этилди. 2024 йилдан эса барча профессионал таълим муассасаларида ҳам шахмат хоналарини ташкил этишни режалаштирганмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни, ёшларимизни кириб келаётган 2024 йил билан самимий муборакбод этаман. Янги йил бахт ва омадларга, қувончу шодликларга тўла бўлсин. Юртимиз тинч, Юртбошимиз омон, халқимиз саломат бўлсин.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА суҳбатлашди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *