Янгиобод туманида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида бош ҳисобчи бўлиб ишлаётган Хуршиднинг аввалдан тўқимачилик саноатига қизиқиши бор эди. Шу ишга қўл уришни ўйлаб юрар, аммо бу борада ўз фаолиятини бошлаш ва иш юритиш учун етарлича тажрибаси йўқлиги боис журъат қила олмаётган эди.
Охири қизиқишлари устун келиб, шу йўналишда тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлди. Сўраб-суриштириб Тошкент шаҳрида тўқимачилик соҳасида иш юритаётган бир корхонада иш ўрганиш мумкинлигини билди. У бир ой давомида тиришқоқлик ва қунт билан иш ўрганди, тажриба орттирди.
2021 йилда тумандаги Сайдон маҳалласида бўш турган бинони лизинг асосида 2 млрд.га сўмга сотиб олди. Ўша йилнинг январь ойида турк ҳамкорлари билан бирга тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
—Ҳозир тикув цехимизда Хитой давлатидан келтирилган тикув машиналарининг сони 100 тани ташкил этади, — дейди ёш тадбиркор Хуршид Муҳаммаджонов. — Дастлаб иш бошлаганимизда 25 та иш ўрни яратганмиз. Ҳозир 80-85 та иш ўрни бор. Асосан кам таъминланган оилалар аъзоларини иш га жалб қилганмиз. Корхонамизда 100 хилдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ҳар ойда 60-70 минг дона маҳсулот тайёрланади. Ҳар бир ходимимизнинг зиммасига режа юклатилган, вақтини ҳам шунга кўра ходимнинг ўзи белгилайди. Бажарган иш ҳажмига қараб маош тўланади. Агар режани муддатидан илгари сифатли бажарса, ишини тугатиб уйига кетиши мумкин. Ишчиларга ойлигидан ташқари, йўл кира, овқат пули берилади, узоқ йўлдан қатновчиларга машина ажратилган. Цехимизда 2022 йилнинг ҳисобот даврига келиб 14 млн. дона маҳсулот ишлаб чиқилди. Бу йил ҳозирга даврга қадар 8 млн. донадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқардик. Ўтган йилда Тожикистон Республикаси билан 12 минг АҚШ долларлик шартнома тузиб, маҳсулотларимизни экспорт қилдик. Асосий маблағимиз кредитга кетиб қолишини инобатга олиб, энди 2024 йилдан яна экспорт қилишни бошлаймиз. Чунки келгуси йилда бу ҳамкорларимизнинг ҳудудларида цехлар қуриш бошланади, биз уларга маҳсулот етказиб берамиз.
Шалола Каримжонова ишсизлиги боис “Ёшлар дафтари”да турарди. Иш сўраб мурожаат қилганида унга шу ерни тавсия қилишди. Цехга келиб устозлардан билмаган нарсаларини ўрганди, дугоналар орттирди.
—Аввалига бошида тикишни яхши билмасдим, кейин бичиш-тикишни билиб олдим, энди ўзим мустақил тика оламан. Бу ерда ишлаш менга жуда ёқади. Ўзим ишлаб пул топаётганимдан, рўзғоримизга ҳарна фойдам тегаётганидан хурсандман.
Лайло Раҳмонбердиева ҳамкасблари тиккан либосларни дазмол қилади. Унга тикувчиликни, машинада ўтириб либос тикишни ҳам таклиф қилишган, аммо у иши ўзига ёққанлиги сабабли уни давом эттираяпти.
—Бу ерда меҳнат қилаётганимга 2 йилдан ошди. Ишим ўзимга ёқади. Тикув машинасида ишлашни ҳам ўрганиб олдим. Ойлик маошларимизни вақтида оламиз. Илгари ишсиз эдим, эндиликда рўзғорим учун пул топаяпман. Бунинг учун аввало ҳукуматимизга, цех бошлиғи Хуршид акага миннатдорлик билдирамиз. Фабрикамизга кўплаб ўқувчи ёшлар келиб шогирд тушишади, ҳунар ўрганишади,— дейди аёл.
Ёш тадбиркор Хуршид Муҳаммаджоновнинг келажак режалари кўп. У Янгиобод туманида текстиль соҳасини янада ривожлантириш, ўз тадбиркорлигини кенгайтириш, иш ҳажмини ошириш, ишсиз юрган ёшлар, аёлларни иш билан банд этишни ният қилган.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.