“…Андижон чойхоналарида қошиқ берилмайди. Қайноққина ошни қўлда еганга нима етсин. Лекин Лери билан Аблда қўлда эплай олишмади. Улар ҳар замонда ошдан қошиқда олиб ер экан, ўзбекларнинг қўлда “гувалача” ясаб, оғизларига ташлашларини ҳайрат ва мароқ билан томоша қилишарди…”
Ушбу парчани тажрибали журналист, истеъдодли ёзувчи Асад Мустафоенинг “Гунг дарвеш” китобида ўқир экансиз, турли образлар орқали халқимизнинг меҳр оқибатида намоён бўладиган ўзига хос урф-одатларини шундай завқли ва ҳаётий тасвирлаганидан мароқ оласиз. Қолаверса, асар қаҳрамони Отабекнинг уддабурон, қатъиятли, ориятли ватанпарвар фазилатлари таъсирли воқеликлар билан очиб берилган. Китобнинг дастлабки саҳифаларидан ўрин олган “Кечиккан қасос” қиссасида Отабекнинг Светага айтган шундай сўзлари бор:
“…Пул, бойлик илинжида ҳеч нарсадан қайтмадиларинг. Ҳозир ҳам фақат шу пул учун мени отмоқчи бўлдинг. Гўдакларнинг ҳар томчи ёши, зор қақшаган аёлларнинг фарёди, топталган муқаддас жойларимиз учун кеч бўлса ҳам қасос олдим, холос. Токи бор эканман қасос олавераман. Мени йўқ қилишга ҳам муваффақ бўлишларинг мумкин. Бироқ яна юзлаб, минглаб Отабеклар дунёга келади…”
Муаллифнинг деярли барча асарларини берилиб, мириқиб ўқигингиз келади. Яқинда унинг “Форишликнинг Париждаги саргузаштлари” номли китоби ҳам босмадан чиқди. Асарда комикликнинг устуворлиги, юмор фақат беғубор кулгинигина вужудга келтирмайди. Зукко ўқувчи бу кулгу ортида жамият ва инсон камолоти билан боғлиқ жиддий масалалар ётганини яхши англайди. Умуман, қиссанинг ифода йўсинида эсдалик, насрий баён, драма усуллари ўрни билан қўлланган ҳолда, лирик-романтик, тарихий, публицистик талқинлар, шеърий парчалар кўзга ташаланади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Асад Мустафоевнинг “Йўлда учраган одамлар”, “Бахт излаган одамлар” каби новеллар тўпламлари ҳам китобхонлар қалбидан жой олган. Шундай экан, юртимиздаги барча ижодкор журналистлар, китобхонлар ҳамда насиҳатлари билан юксак ютуқларга эришаётган бир қатор шогирдлари номидан устозни самимий қутлаб, ижодий фаолиятларида омадлар тилаб қоламиз.
Гулчеҳра ХИДИРОВА.