ЧЕКИШНИНГ ЗАРАРИНИ БИЛАМИЗ, АММО…

Тамакининг зарари ҳақида қадим замонлардан бери гапириб келинади,  унинг одам организмига зарари ҳақида узоқ вақтларгача ҳеч ким тузукроқ ўйлаб кўргани йўқ.

Хавфли ўсмалар, хусусан ўпка раки айниқса, индустриал мамлакатларда кейинги ўн йилларда жуда тез кўпайди. Мунтазам тамаки чекиш туфайли тана ором олаётгандек бўлади. Аслида эса аста-секин киши саломатлиги емирилиб бораверади. Никотиннинг заҳарли хусусияти шундаки, ҳатто кашанданинг терисига зулук қўйилса, у жонивор тиришиб ҳалок бўлади. Сигарета тутунини биринчи бор ичига тортган ўсмир танасида никотин тезда қонга сўрилиб, бутун организмга тарқалади. Бир неча дақиқадан сўнг бош мияга етиб боради. Марказий асаб тизими фаолиятини издан чиқариб, нерв ҳужайраларига ўтади. Сўнгра эндокрин безларига таъсир қилади, сўлак оқади, кўнгил айнийди, томир уриши тезлашади, қулоқлар шанғиллайди. Одам бўшашади, боши айланади, қўллари қалтирайди, ҳиқилдоқ, қизилўнгач, меъда спазмга учрайди. Баъзилар фильтрли сигаретлар никотинни ўтказмайди деб ҳисоблашади. Бу борада узоқ йиллар  изланиш олиб борган олимлар хулосасига кўра, фильтрлар тахминан 40 фоиз никотини ютар, бироқ улар организмга ис гази тушишини 25 фоизга оширар экан.

 

Мунтазам тамаки чекиш эркакларни жинсий заифликка олиб келади. Жинсий безларда ўзгаришлар ривожланиши натижасида жинсий қобилият сусаяди, шу сабабли, кашандаларнинг 12 фоизи мижоз сустлигидан шикоят қилади. Чекиш пайтида ҳосил бўлган никотин ва бошқа кимёвий моддалар таъсирида сперматозоидлар ишлаб чиқилиши ёмонлашади, бу эса бепуштликка олиб келади. Чекувчи аёлларда тамаки тутуни таъсирида кўпинча ҳайз цикли бузилиши кузатилади, аксарият ҳолларда танадаги аъзоларда ўсмалар пайдо бўлади.

 

Ҳомиладорликнинг илк ҳафталарида қориндаги боланинг никотин билан заҳарланиши жуда хавфли. Чунки унда ҳар-хил туғма нуқсонлар — лаблар ва танглай тиртиқлиги, қўл ва оёқларда нуқсонлар пайдо бўлиши мумкин. Чекадиган аёлларнинг фарзандлари  атросклерозга мойил бўлишади. Бу туғилган чақалоқларнинг 40 фоизида томир тортиши, ота-онаси чекадиган болалар ўртасида тутқаноқ каби касалликлар бошқаларга нисбатан кўпроқ учрайди.

 

Эркакларнинг чекиши катта фалокат, аёлларнинг чекиши эса бундан ҳам ёмон — чекувчи аёл икки кишининг умрига зомин бўлади. Аллоҳ яратган жонзотлар ичида фақат инсонга ақл-фаросат ато этган, шундай экан, нафақат кашандалик, балки бошқа иллатлардан ҳам қутилиш мумкин. 

Низом Жамолов,

                                                                                                                                                                                                                                                          вилоят  ОИТС га қарши курашиш маркази  мутахассиси.

 

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *