ИККИ ТУМАНДА МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ БИРЛИК ЧЕГАРАЛАРИ БЕЛГИЛАНДИ

Республика аэрогеодезия маркази Жиззах ҳудудлараро бўлинмаси   2022 йил Кадастр агентлиги Республика аэрогеодезия маркази тасарруфида ташкил қилинган булиб асосий фаолияти Геодезия-топография ва картография ишларини бажаришдир. Бўлинма 2024 йилда Кадастр агентлиги томонидан ерларни ўлчаш учун 10 комплект планшет,  2 комплект GPS қабул қилувчи (приёмник), 1 комплект электрон тахеометр каби ўлчаш қурилмалари билан таъминланди.

2024 йилнинг 1-ярим йиллигида Геодезия ва топография ишлари бўйича корхона ва ташкилотлар билан жами 17 та шартнома тузилиб, 1562.1 гектар ер майдонида топографик съёмка ишлари амалга оширилди. Давлат геодезия пунктлари маълумотлари билан таъминлашни рақамли технологияда амалга ошириш мақсадида республикамизнинг аҳоли пунктларида 50 та доимий ишлаб турувчи GNSS кузатиш станциялари реал вақт режимида геодезия маълумотларини узатиб келмоқда. Жумладан, ушбу GNSS станцияларнинг 5 таси Зомин, Шароф Рашидов, Дўстлик, Фориш, Ғаллаорол туманларида мавжуд бўлиб, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида яна 9 та станция ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Бу хизмат тури тўлиқ ишга туширилгач, вилоятимизда геодезия ишларини бажарувчи ташкилотларнинг ўлчашга кетадиган вақт ва сарф-харажатлари бир неча баробар қисқаради. Ҳозирги кунда ушбу хизмат тури бўйича Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 34 та GPS қурилмаларидан ташкилот ва тадбиркорлар фойдаланиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган режа-графикка асосан, жорий йилнинг 6 ойи давомида 43 700 кв.км майдонда аэросуратга олиш ишлари белгиланган. Республика аэрогеодезия маркази томонидан  биринчи ярим йилликда Италиянинг TECNAM P2006T SMP махсус самолёти ва Швецариянинг LEICA DMC III рақамли аэрокамераси  ёрдамида 45 620 кв.км майдонда аэросуратга олиш ишлари амалга оширилди. Шундан Жиззах вилоятида 10 512 кв.км, Сирдарё вилоятида 4 108 кв.км майдонда аэросуратга олиш ишлари амалга оширилди.

Аэросуратлардан давлат кадастрларини юритиш,  кадастр маълумотларини шакллантириш, республикамизнинг маъмурий ҳудудий бирлик чегараларини белгилаш, ер ресурсларининг аниқ ҳисобини юритиш ва муҳандислик қидирув ишларида фойдаланиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар махкамасининг   2018 йил 23 апрелдаги “Маъмурий-ҳудудий  бирликлар чегараларини белгилаш, ер ресурсларини хатловдан ўтказиш ҳамда яйлов ва пичанзорларда геоботаник тадқиқотларни ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан бўлинма томонидан  жорий йилда Мирзачўл ва Зарбдор туманида маъмурий-ҳудудий бирликлари чегараларини белгилаш ва ер ресурсларини хатловдан ўтказиш якунланди.

Амалга оширилган ишлар натижасида жами 126 036.27 гектар, шундан Мирзачўл туманида 50 160,44 гектар, Зарбдор туманида 75 875.83 гектар ер майдони хатловдан ўтказилди ва электрон қишлоқ хўжалиги хариталари яратилди. Мирзачўл туманида 11 та, Зарбдор туманида 13 та маъмурий ҳудудий бирликлар чегаралари белгиланди.

Eрдан фойдаланиш борасида Мирзачўл туманида 12.30 гектар, Зарбдор туманида 839.69 гектар қонун бузилиш холатлари аниқланиб тегишли чора белгилаш учун Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларига тақдим қилинди.

Хатлов ишларини cамарали ва юқори аниқликда амалга ошириш мақсадида бўлинманинг ҳар бир ходими махсус GPS прёмниклари билан таъминланган. Ушбу GPS прёмниклар ёрдамида бўлинма мутахассиси жойдаги мавжуд ноаниқликларга аниқлик киритиши мумкин бўлади.

 

Д. ШОДМОНБЕКОВ,

Республика аэрогеодезия маркази Жиззах ҳудудлараро бўлинмаси директори.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *