ЯНГИ ВА ТЕХНОЛОГИК САЙЛОВЛАРГА ТАЙЁРМИСИЗ?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатларининг ваколат муддати 2024 йилда тугашини инобатга олиб, сайловлар жорий йилнинг 27 октябрида ўтказилиши ва сайлов кампанияси 26 июлдан бошланиши ҳақида Марказий сайлов комиссиясининг қарори бугун сайловларга қизғин тайёргарлик кўраётган халқимиз учун янгилик эмас. Лекин жорий йилда ўтадиган сайловлардаги янгиликлар ҳамон баҳс ва мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилиши ана шу баҳсларга асос бўлаётган бош мавзудир. Депутатларнинг 75 нафари бевосита мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар ўзларига мақбул номзодларга овоз бериши йўли билан, қолган 75 нафари эса, пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланиши турли хил қарашлар, фикрларни келтириб чиқармоқда.

Дарҳақиқат, жорий йилда ўтадиган сайловлар ҳали кўникиб улгурмаган янгиликларга бой. Хусусан, барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, уларнинг сайлов жараёнлари иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилди. Эндиликда сайлов тартиботларидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ва ҳужжатлар ҳаракати қисқартирилди.

Сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилди. Жумладан, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилди, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланди. Бундан ташқари, депутатликка номзод сайланиши учун сайловчиларнинг нисбий кўпчилиги овозини олиши белгиланди. Унга кўра, номзод тегишли сайлов округида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз тўплаган тақдирда депутат бўлиб сайланиши мумкин бўлади ва шу орқали такрорий овоз беришни ташкил этиш талаб этилмайди.

Шунингдек, сайлов Янгиланган Конституция мустаҳкамлаган кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилган шароитда ўтади. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса 12 тадан 18 тага кўпайтирилди. Парламентнинг ижро этувчи, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кенгайтирилди. Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиши бекор қилинди. Давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида аввал ҳокимлар ваколатида бўлган 33 та ваколатлар маҳаллий Кенгашларга ўтказилди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан 27 октябрдаги сайлов “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида ўтказилиши эълон қилинди.

Демак, ушбу янгиланишларни биринчи бўлиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларни шакллантирувчи сиёсий партиялар чуқур ўзлаштиришлари, кўникмалар ҳосил қилишлари лозим бўлади.

Бу борадаги фикрларини ўрганиш мақсадида партиялар фаоллари билан суҳбатлашдик.

 

Жамшид МУТАЛОВ, ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони жамоатчилик билан алоқалар ва ОАВ билан ишлаш бўйича бош мутахассис:

— Партиямиз фаоллари бу сиёсий жараённинг қанчалар аҳамияти юқори эканлигини ҳис этган ҳолда белгиланган режага асосан ҳаракат қилишмоқда. Сайловларда иштирок этиш учун сайловчилар имзоларини тўплаш қизғин давом этмоқда. Вилоятимизда мазкур жараён партиянинг 40300 нафардан ортиқ аъзолари ташкилотларда, фуқароларнинг иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда уюшқоқлик билан ташкил қилиняпти. Ҳудудий партия ташкилотлари қошида ташкил қилинган ишчи гуруҳлар имзо тўплаш ишларига ташкилий, ҳуқуқий ва бошқа жиҳатдан кўмаклашмоқдалар. Айни пайтда партиямизга хайрихоҳ инсонлар ва ёшлар иштирокида кўнгиллилар гуруҳлари ташкил этилган ва имзо тўплашнинг юқори савияда ўтказилишига астойдил ёрдам беряптилар. Имзо тўплаш ишлари якунига етди.

 

 Пўлат ҲАМЗАЕВ, “Адолат” социал демократик партияси вилоят кенгаши раисининг мафкура ишлари бўйича ўринбосари:

—Айни пайтда партиямизни қўллаб-қувватловчи 113 мингдан ортиқ адолатчилар барча эътиборларини сайловолди тадбирларини муваффақиятли ташкил этишга қаратган. Албатта календарь режада белгиланган имзо тўплаш жараёнлари ўз маромида амалга оширилмоқда. Аммо бугунги кунда партия фаоллари, кўнгилли ёшлар томонидан “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида Мустақиллик кунига бағишланган тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

Ёшлар ўртасида “Китобхонлик соатлари”, ёш ижодкорлар ўртасида мушоиралар ўтаяпти. Бу ҳам партиямизнинг электорат билан алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Билингки, адолат бор жойда ҳақиқат бўлади. Партиямиз ана шу ғоялар билан қуролланиб, сайловларга ёруғ юз билан боради.

 

 Дилшод ТУРСУНБОЕВ, O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши бўлими мудири, O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши сайловолди штабининг котиби:

— Амалдаги қонунчиликка кўра, аралаш сайлов тизимида сайловчилар парламент депутатларининг бир қисмини партияларнинг номзодлар рўйхатига овоз бериш орқали сайлашади ва қолган мандатлар мажоритар тартибда, алоҳида номзодларга овоз бериш орқали сайланади.

Бу тизим партиянинг сиёсий маҳоратинигина эмас, балки халқ орасида тутган обрў ва мавқеини ҳам синовдан ўтказади.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Жиззах вилоят ҳудудий партия ташкилоти ҳам бўлажак сайловда иштирок этиш учун сайловчилар имзоларини тўплашга киришди. Мазкур жараён 1216 та бошланғич партия ташкилотларида, маҳаллалар, корхона, муассасаларда уюшқоқлик билан ташкил этилди. Бугунгача 4000 нафарга яқин сайловчилар сиёсий кучнинг сайловда иштирокини қўллаб-қувватлади ва розилигини билдириб, имзо қўйдилар.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, партия “Ваъда эмас, натижа, эртага эмас, бугун” шиорини фақат бугун айтаётгани йўқ. O’zLiDeP бугунгача ҳам самарали фаолияти билан халқимизнинг ишончини қозониб келмоқда.

 

Меҳринисо БОБОЕВА, Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раисининг ўринбосари:

— Партиямиз фаоллари сайловларда иштирок этиш учун юртдошларимизнинг имзоларини тўплаш ишларини якунлади. Вилоятимизда қарийб 4000 нафар фуқаролар партиямизнинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватлади. Албатта, дастлабки натижа партиямиз аъзолари қалбида катта ишонч уйғотди, десам муболаға бўлмайди.

27 октябрь куни ўтадиган сайловлардан умидимиз катта. Чунки, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган партиянинг 553 та бошланғич ташкилотлари олдига сайловчилар билан ишлаш, сайловнинг аҳамияти ва тартиби ҳақида тушунтириш, тарғибот ишлари олиб бориш вазифалари қўйилган.

Қолаверса янгиланган Конституциямизда Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат эканлиги белгилаб қўйилди. Бу Халқ демократик партияси кўп йиллардан буён бевосита амал қилиб келаётган таомили ва бош ғояси эди.

 

Муниса АБДУРАХИМОВА, Ўзбекистон экологик партияси вилоят кенгашининг экологик таълим тарғибот ташвиқот ва бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси:

— Экологик партия вилоят ташкилоти тизимида имзолар тўплаш ишлари ўз якунига етди. Эндиликда шаҳар ва туманларда партия конференциялари ўтказишга эътибор қаратганмиз. Айни пайтда 170та бошланғич партия ташкилотларида йиғилишлар ўтказилиб, шаҳар ва туманларда бўладиган конференцияларга делегатлар сайланмоқда. Партиянинг сайловолди фаолияти юзасидан таклиф ҳамда фикрлар ўрганилмоқда.

Экопартия мамлакатимиздаги энг ёш сиёсий кучлардан ҳисобланади. Шунинг учун деярли ҳар куни шаҳар, туманлар ва вилоят кенгашларига ёшлар, хотин-қизлар мурожаат билан келишмоқда. Улар партия сафида туриб, юртимизда экологияни соғломлаштириш, тоза ҳаво, мўътадил иқлим бўлиши учун ҳаракат қилишга кўнглига тугганликларини билдиришмоқда. Шу сабабли қисқа вақт ичида вилоятимизда партиямиз аъзолари 77672 нафарга етди.

Партиямизга хайрихоҳ бўлган кўнгиллилар сафи ҳам ортиб бормоқда. Бу сайловда муваффақиятли иштирокимизни таъминлайди, деб ўйлайман.

Асад МУСТАФОЕВ.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *