ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН—РАҚОБАТБАРДОШ МАҲСУЛОТЛАР ЮРТИ

Мамлакатимиз иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик ривожини янги босқичга кўтариш, юртимизнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида маҳаллий тадбиркорларимизнинг муносиб улуши бор. Соҳага илғор инновацион технологияларини жорий этиш, сармоялар ҳажмини кўпайтириш, янги иш ўринларини яратаётган ва бизнесда салмоқли натижаларга эришаётган тадбиркорларимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига асосан ҳар йили “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланади.

Жумладан, жорий йилда вилоятимизнинг бир қатор тадбиркорлари ҳам ҳукуматимизнинг ана шундай юксак мукофотлари билан тақдирланишди. Улар орасида Пахтакор туманидаги “WORLD TRADING COMPANY” МЧЖ директори Зайниддин Ибрагимов ҳамда “PAXTAKOR GOLD TEXTILE” МЧЖ бош директор ўринбосари Жамшид Мелибоевларнинг ҳам борлиги бизни хурсанд қилади.

—Бу йил Президентимизнинг Нукусда ўтказган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини марказий студияда ўтириб, тингладим,—дейди “WORLD TRADING COMPANY” МЧЖ директори Зайниддин Ибрагимов. Ҳар сафар очиқ мулоқотда қатор янгиликлар, тадбиркорлар учун янги имтиёзлар, енгилликларни давлатимиз раҳбари яратиб бераётганидан бошимиз кўкка етади. Бу йил ҳам сўнгги пайтларда тадбиркорларнинг эътирозига сабаб бўлаётган юридик шахсларнинг лимитдан ташқари электр ва газ истеъмоли учун тарифнинг пасайтирилиши, бюджетдан, кредитдан ва бошқалардан қарзи бор тадбиркорларнинг ҳисоб рақамига “инкассо” қўйилгани учун тўлов қила олмаётган эди. Ваҳоланки, ишлаб чиқариш тўхтамаса, қарздорлик тезроқ узилишини таъкидлади давлат раҳбаримиз. Энди “инкассо” бўлганда ҳам, коммунал хизматларга тўловлар тўхтатилмайди. Тадбиркорлар фаолияти арзимаган камчиликлар сабаб тўхтатиб қўйилишига чек қўйилади. Реестрда йўқ мезон бўйича тадбиркор фаолиятини тўхтатган мансабдор жавобгарликка тортилади.
Корхонамиз автомобилларга антифриз суюқлиги, ҳаво фильтрлари, юқори волтли свеча симлари ва мотор мойларини қайта ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, 2021-2023 йилларда 56,5 млрд. сўмлик 11605 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шу даврда 51,5 минг. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Тожикистон давлатига экспорт қилинди. 2021 йилда умумий қиймати 15 млрд. сўмлик автомобиллар учун антифриз, ҳаво фильтрлари, юқори волтли симлар ишлаб чиқариш ва ишлатилган техник ҳамда мотор мойларини тозалаб, қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳасини тўлиқ ишга туширдик.

Ишлаб чиқарилган маҳсулотларимизнинг 45 фоизи экспортга йўналтирилган бўлиб, Литва, Россия ва Украина давлатларига экспортни амалга оширишни режалаштираяпмиз. Бундан ташқари, республика бўйлаб автомобиллар ишлаб чиқарувчи заводлар билан маҳсулотлар етказиб бериш ишлари йўлга қўйилмоқда. Корхона тўлиқ қувватда ишлаш давомида йиллик 4 500 тонна автомобиллар учун антифриз, 150 минг дона свеча симлари ва 50 минг дона ҳаво фильтрлари ишлаб чиқарилади ҳамда 5 минг тонна техник ва мотор мойлари тозаланиб, қайта ишланади. Жамиятимизда 125 та янги иш ўринлари яратилган.

—Тадбиркорлар билан бўлган очиқ мулоқотда эртанги кунимиз бу тенг рақобат муҳити ва экспортга қаратилган саноат ва савдо сиёсати йўли бўлади, биз Халқаро ишлаб чиқариш занжирларига кирмасак, иқтисодий ўсиш биз кутгандек бўлмайди деб таъкидлади Президентимиз,—дейди “PAXTAKOR GOLD TEXTILE” масъулияти чекланган жамияти бош директор ўринбосари Жамшид Мелибоев. — Очиқ мулоқотда муҳтарам юртбошимиз ер сотиб олиш бўйича ҳам қатор янгиликларни айтиб ўтди.
Корхонамизда ип-калава ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасининг умумий қиймати 25,4 млрд.сўмни ташкил қилган бўлиб, йилига 5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. Бугунги кунда корхонада 175 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.

2021 йилда 6 млн. 150 минг, 2022 йилда 8 млн. 230 минг ва 2023 йилда 8 млн. 850 минг АҚШ долларлик маҳсулотлар асосан Туркия ва Россия давлатларига экспорт қилинди. Жорий йилнинг учинчи чорагида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига 7,8 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилди, яна 60 та маҳаллий ёшларни янги иш ўрни билан таъминлаймиз. Иккинчи босқичда лойиҳа бўйича 9,6 минг тонна трикотаж мато, 1059 минг дона эркаклар футболкаси, 144 минг дона аёллар халати, 568 минг дона болалар трикотаж кийим-кечакларини ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. 60 фоиз рақобатбардош маҳсулотларимиз Россия, Хитой, Польша, Литва ва Туркия давлатларига экспорт қилинади. Бунинг натижасида қўшимча 800 та иш ўрни яратилишига эришамиз.

2022 йилги тадбиркорлар билан бўлган очиқ мулоқотда юртбошимиз ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон—рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури қабул қилинди. Дастур доирасида 100 та етакчи корхоналар танлаб олиниб, уларга кредит, солиқ, божхона бўйича алоҳида режим жорий қилинди. Натижада бу корхоналар экспорти 1,5 баробарга кўпайиб, 1,2 миллиард долларга етказилганди. Сўнгги тўрт йилда бундай корхоналар сони 7,2 мингтага етди. Эндиликда бундай корхоналар сони янада кенгайиб, улар учун ҳам барча имтиёзлар сақлаб қолинди. Бу эса вилоятимиз тадбиркорларини ҳам руҳлантириб, янги лойиҳалар ва режалар устида ишлашга, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун имкон ва куч бераётгани ҳақиқат.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *