САЙЛОВГА БОРАМИЗМИ, ОВСИНЖОН?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайлов санаси яқинлашиб келар экан, жараёнда хотин-қизларнинг фаол иштироки ҳар қачонгидан ҳам аҳамиятлироқ ҳисобланади. Боиси ушбу сайловда депутатликка номзодларнинг 40 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши белгиланган. Хўш, хотин-қизларимиз бундай эътибор ва рағбатга муносиб жавоб қайтара олишадими?

 Айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзолари ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатларининг 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Бу эса республикамизда гендер тенглиги, хотин-қизларнинг интилиш ва қобилиятини тўлақонли руёбга чиқариш учун янада қулай шарт-шароитларнинг таъминланаётганини кўрсатади. Гендер  тенглиги   аёллар ва эркаклар,  қизлар  ва ўғил болалар учун  тенг  ҳуқуқ,  масъулият,  имконият,  қадрият ва  натижалардир. Гендер тенглиги  фақат аёлларга тааллуқли масала бўлмасдан, у эркаклар ҳуқуқ ва мажбуриятларини  ҳам англатади. Чунки жамият ҳар икки  жинсдан  гендер нормалари ва стандартларига мувофиқ ҳаракат қилишини кутади. Демак, гендер тенглиги аёлларнинг ҳам, эркакларнинг ҳам манфаатлари,  эҳтиёжлари  ва устуворликлари ҳисобга олинганлигини кўрсатади.

Янгиланувчи депутатлар рўйхатида халқ ишончини қозонган аёл вакиллари сонининг янада ошиш эҳтимоли катта. Аммо сайловчиларнинг фаол иштироки ҳам муҳим. Вилоятимизда сайлов ёшидаги фуқароларнинг қарийб 52 фоизини (417 584 нафар) хотин-қизлар ташкил этишини инобатга олсак, сайлов куни уларнинг иштироки қанчалик муҳим эканлиги ойдинлашади. Мамлакатимизда сайлов ва референдумларнинг якшанба куни ўтказилиши қоидага айланган. Оила бекалари, якшанба кунги уй-рўзғор ва меҳмондорчилик каби одатий ташвишларни бир четга суриб, сайлов участкасига албатта оилавий боринг. Сайловда ҳар бир овоз муҳим, буни ёдда тутган ҳолда фарзандларингизга ҳам ўта аҳамиятли вазифани бажараётганингизни намуна қилиб кўрсатинг. Чунки фуқаролик жамиятини фаол фуқароларсиз шакллантиришнинг имкони йўқ.  

 

Жамила БОБОНАЗАРОВА,

Жиззах политехника институтининг “Иқтисодиёт ва менежмент” кафедраси профессори, иқтисодиёт фанлари доктор.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *