Эко-акция
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан республикамиз бўйлаб кеча, 25 октябрь куни яна бир муҳим эко-акция ўтказилди. “Қоғозсиз бир кун” доирасида барча ташкилот ва муассасаларда бир кун мобайнида имкон қадар қоғозни тежаш тавсия қилинди.
Тавсия ўз номи билан тавсия. Илгари ҳам “Автомобилсиз кун” ҳақида танқидий фикрларимизни билдирган эдик. Аммо республикамизда илк бор таклиф этилаётган ушбу ташаббус замирида исрофгарчиликка қарши кураш ҳамда қоғоз манбаи бўлган дарахтларни асраб қолишдек эзгу ният мужассам. Шу сабаб бу мавзуда тарғибот ва ҳақиқий билим самарали бўлиши мумкин.
“Халқаро қоғозсиз кун” акцияси Ахборот ва тасвирни бошқариш ассоциацияси (АIIM) томонидан 2016 йилда ташкил қилинган бўлиб, қоғоздан оқилона фойдаланишни тарғиб қилишга қаратилган. Ассоциация маълумотларига кўра, 1 тонна қоғозни тежаш ёки қайта ишлаш 17 та дарахт, 26 000 литр сув, 3 куб метр ер, 240 литр ёқилғи ва 4000 кВт/соат электр энергиясини “тежаб қолади”.
Тарғибот иш жараёнларида ва баъзан кундалик ҳаётда қоғоздан асоссиз фойдаланишдан воз кечишга қаратилган. Ишни автоматлаштириш ва қоғоз ресурсларини тежаш учун оддий усуллар мавжуд ва улар орқали экологик маданиятли бўлиб бориш мумкин. Жумладан, нутқ ёки тақдимотнинг асосий фикрларидан иборат харита тузиш, электрон чипталардаги штрих-кодни сканерлаш, мобил тақвимдан фойдаланиш каби амаллар орқали ҳам ишни автоматлаштириш, қоғозларни ахборот-коммуникация технологияларига алмаштириш билан бирга қоғоз ресурсларини тежаш мумкин.
«Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегияси барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади. Жумладан, бугун барча учун оддий ҳолга айланган жисмоний ва юридик шахсларга барча белгиланган мажбурий тўловларни электрон тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда онлайн режимда тўлаш, масофадан кредит маҳсулотларини реализация қилиш, омонатлар ва ҳисоб рақамларни очишни ўз ичига олган кенг турдаги онлайн хизматлар кўрсатиш каби амаллар қоғоз тежовчанлигини ҳам ўз ичига олади.
Бу йилги сайловларда E-saylov ахборот тизими ишга туширилган бўлиб, мазкур ахборот тизими сайловларни самарали ташкил қилишда рақамли технологиялардан фойдаланиш орқали сайлов жараёни иштирокчилари томонидан сайлов комиссияларига ҳужжатларни тақдим этиш, сайлов комиссияларининг қарорларини қабул қилиш, шунингдек сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳаракатларни электрон шаклда амалга ошириш имкониятларини кенгайтирди. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра “E-Saylov” ахборот тизими жорий этилгач, 8 тонна қоғоз ёки 5 млрд сўмлик харажатнинг олди олинган.
Демак, қоғозни маърифий шаклда ҳам, бюрократик шаклда ҳам ишлатиш мумкин. Бутун дунё бўйича ўрмонзорларни сақлаб қолишга интилиш “инсон оёғи етмаган” дея таърифланувчи Амазонка ўрмонларига ҳам путур ета бошлаган бугунги кунда жуда долзарб. Акция доирасида нафақат ташкилот ва корхоналарда қоғоз сарфини камайтириш, балки мебель жиҳозларини ясашда қайта ишланган хом ашёлардан кенг фойдаланиш, қоғозларни ахборот-коммуникация технологияларига алмаштиришни тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Муқаддас САПАРОВА