ЯНГИ ТАЛАБАЛАР ТУРАР-ЖОЙИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Бугун Жиззах давлат педагогика университети ҳудудида янги бунёд этилган 600 ўринли талабалар турар жойи ҳамда қайтадан реконструкция қилинган ахборот-ресурс маркази фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида университет ректори, профессор Шавкат Шарипов сўзга чиқиб, барчани қутлади.

Бугунга келиб университет тасарруфидаги талабалар турар жойлари сони 3 тага етказилди. Янги  барпо этилган 4-сонли  талабалар турар жойининг биноси етти қаватдан иборат бўлиб, талабалар яшаши учун барча шароитлар яратилган.

–Замонавий лойиҳа асосида қад ростлаган талабалар турар жойида ошхона, янги дарсликлар, бадиий-илмий ва маърифий адабиётлар билан бойитилган маънавият ҳамда , заковатчилар хонаси, ахборот коммуникация технологиялари бўйича билимларни ошириш  учун энг замонавий турдаги компьютерлар билан жиҳозланган хоналари ёшлар ихтиёрига топширилди,– деди университет ахборот хизмати раҳбари Гулчеҳра Шарипова. –Бугунги ёшлар эртанги кун бунёдкорларидир. Шу сабабли барча ҳаракатлар талабага кенг имкониятлар яратишга қаратилган.

Талабалар турар жойининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар бугунги ёшларга яратилаётган имкониятлар ва замонавий шароитлар янада яхши таълим олишларига, Ватанимиз равнақи учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишларига рағбат эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Жиззах давлат педагогика университети Ахборот-ресурс марказини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа смета ҳужжатлари “GOLD PROJECT SERVICE” МЧЖ томонидан тайёрланган. Янги таъмирдан чиққан марказ мамлакатимизда кутубхоначиликнинг сўнгги ютуқлари асосида бунёд этилган анъанавий, виртуал ҳамда электрон кутубхона хизматларини кўрсатиш орқали талабалар ва профессор-ўқитувчиларга хизмат кўрсатувчи маърифат марказига айланиши шубҳасиз. Марказда ахборот-коммуникация воситаларининг сўнгги ютуқлари мужассамлаштирилган бўлиб, унда мутолаа заллари, муҳокама ва компьютер хоналари, маълумот алмашиш имконини берувчи видео тармоқ,WI-FI мавжуд.

Очилиш маросимидан сўнг меҳмонлар янги фойдаланишга топширилган бинода яратилган шароитлар билан танишдилар. Тадбирда вилоят прокурори Бахтиёр Иброхимов иштирок этди.

 

           Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *