“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳалари ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган эди. Муҳокамага белгиланган муддат якунига етаётган бўлса-да, турли соҳада меҳнат қилаётган халқимиз вакиллари, жамият зиёлилари лойиҳада белгиланган 5 та устувор йўналиш ва 100 та мақсад замиридаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг юксак ютуқларига умид боғлаб, катта ишонч билдиришмоқда.
Маълумки, Давлат дастури лойиҳаси бўйича жорий йилда амалга оширилиши кутилаётган чора-тадбирлар, норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти юзасидан жамиятимизнинг барча аъзолари иштирокида холис ва масъулиятли муҳокамалар ўтказилди. Жумладан, Олий Мажлис Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, депутатлар, жамоатчилик назорати вакиллари, маҳаллий кенгашлар маслаҳатчилари, давлат қонунлари ва инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш органларида фаолият юритаётган тажрибали мутахассислар фаол иштирок этишди.
Қувонарлиси шундаки, лойиҳада ижтимоий соҳаларни янада ривожлантириш, халқнинг яшаш сифатини ошириш, турмушини фаровонлаштириш, ёшлар, хотин-қизлар ва ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишлар кенг қамровда давом эттирилишига эътибор қаратилмоқда. Ахборот-коммуникация технологиялари, инновацияларга қизиқиши бўлган 15 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга IT соҳасида мутахассис бўлишлари учун имконият яратиш, хотин-қизларни “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига жалб этиш белгиланган. Жараёнда аёлларнинг рақамли технологиялар ҳақидаги билимлари оширилиб, замонавий касб-ҳунарларнинг юқори даромадли ишбилармони бўлишлари кўзда тутилган. Қолаверса, жорий йилда 139 396 нафар аёлнинг турли касб-ҳунарга йўналтирилиши, 134 400 нафарини тадбиркорлик ва молиявий саводхонликка ўқитиш, 220 980 нафар хотин-қизнинг доимий иш ўринларига жойлашишига кўмаклашиш ҳам режалаштирилган.
Давлат раҳбарининг ташаббуси, қўллаб-қувватлови, одил ва маърифатпарварлик сиёсати кундан-кунга қадри ортиб бораётган хотин-қизларга ота-момоларимиз орзу қилган фаровон ҳаётни туҳфа этаётгани муболаға эмас. Уларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар, кенгайиб бораётган қулайликлар, халқимизнинг оташин юракларида Ватанга бўлган муҳаббат ва садоқатни оширмоқда. Қишлоқ хўжалиги дейсизми, техника, спорт, йўналишими, илм-фан тараққиётими, тадбиркорлик соҳаларими, барчасида ҳатто оддий уй бекасининг ҳам иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий қўллаб-қувватланиши, уларга турли имтиёз ва имкониятлар яратиш чора-тадбирлари давом этмоқда.
Шунингдек, маданий-маънавий, санъат-спорт соҳаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш белгиланган. Эндиликда, маданий меросни асраб-авайлаш, илмий ўрганиш ва оммалаштириш ишларининг самарадорлиги оширилади. Театр, цирк санъатини ривожлантириш, бадиий-ғоявий мазмундорлиги юқори бўлган саҳна асарларининг намойишлари муносиб тарзда ташкил этилиши мақсад этилган.
Кўриниб турибдики, Давлат дастури лойиҳасида назарда тутилган ҳар бир банд моҳиятида халқ розилиги, инсон қадри муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда. Яратилаётган имкониятлардан одилона фойдаланиш, муносиб ва ибратда яшаш орқали бугун ҳар биримиз Янги Ўзбекистоннинг фаол фуқароси бўлишга бурчлимиз.
Назира МУХТОРОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.