АФСОНАЛАР УЙҒОНГАН ШАҲАР

Ҳар бир киши бир мартагина бўлса ҳам эртаклар оламига тушиб қолишни, “Минг бир кеча” қаҳрамонлари билан шарқнинг қадимий шаҳарлари кўчаларини кезгиси, туялар карвонида чўлу-биёбонлардан ўтишни, Фарҳод каби тоғларни ағдариб, юртига об-ҳаёт келтиришни хоҳлайди. Лекин ҳамма орзулар ҳам амалга ошавермайди. Энг муҳими ўша орзу-хаёлларнинг эзгулигидир.

Мен ҳам эзгу ниятлар билан шарқ тамаддунининг бешиги бўлган Бухоро шаҳрига қараб йўл олдим. Жиззахдан жўнаган “Шарқ” тезюрар поезди ойнасидан экинзорлар, боғу-роғлар, янгиланиб тобора чирой очаётган шаҳар ва қишлоқлар лип-лип ўтиб бораётган манзара ижиб ҳисларни уйғотади. Ҳаш-паш дегунча бизни кутиб олган кўҳна Самарқанд ҳам рўмолини силкиб қолган келинчак мисоли поездимизни кузатиб қолди. Кўп ўтмай Навоий вилояти сарҳадларига кириб бордик. Бийдек саҳрода бунёд қилинган саноат корхоналари, узоқдаги йўлларда бир дона донни уяси томон судраб кетаётган чумолидай имиллаб олға интилаётган қудратли машиналарни кўриб ҳайратингиз ошади. Гоҳида поезд ойнаси ортида асрлар силсиласига дош беролмай нураб бораётган дўнгликлар устидаги кўҳна қўрғонлар, сардоба ва карвонсаройлар харобаларига кўзингиз тушиб қолади. Ҳа, бу ерлардан кимлар ўтмаган дейсиз?

Поезд ғилдиракларининг бир маромда «тақа-туқ» қилиши хаёлни узоқ-узоқларга етаклаб кетади. Бу саҳроларда Эрон шоҳлари, Ҳиндукуш чўққиларидан ошиб, икки дарё оралиғига селдай оқиб кирган Искандар Зулқарнайн, мўр-малахдай ёпирилган Қутайба ва ортидан қонли излар, харобалар қолдирган Чингиз қўшинларининг ҳайқириқлари эшитилиб тургандай гўё. Гоҳо эса қулоғингизга хитой чинниси ва ипакларини, Ҳинд шишасию зираворларини ортган карвон қўнғироғининг “жаранг-журинг”и, туяларнинг бўкирганлари чалингандай бўлади. Ҳали Бухорога етиб улгурмасданоқ эртаклар оламига тушиб қолгандай эдим.

Бухоро бизни «қовоғини уйиб» кутиб олди. «Когон» вокзалига тушишимиз билан шариллатиб ёмғир қуйиб берди, йўловчилар пана жой излаб қолишди. Мен ҳам такси ушлаб, Бухорога ошиқдим. Лабиҳовуз мажмуаси яқинидаги меҳмонхоналарнинг бирига жойлашганимда ёмғир секинлаб, майдалай бошлаганди. Меҳрибон ва меҳмондўст мезбонлар дарҳол иссиққина қаҳвага таклиф қилишди. Бир финжон қаҳва устида меҳмонхона маъмури Ольга Краснова шаҳарда бўлаётган ўзгаришлар, қурилишлар ҳақида сўзлаб берди. Тўғри, бундай янгилик ва қурилишлар Жиззахда ҳам бўлаяпти. Мени бу галги сафаримдан мақсад қадимий ёдгорликлар, бино ва иншоотлар, осори-атиқаларни кўриш, ўрганиш эканлигини тушунтирдим.

– Ундай бўлса, Бухорони тўлиқ айланиб чиқишингизга тўғри келади. Чунки, шаҳарнинг ҳар қадами тарихий ёдгорлик билан бошланади,- деди Ольга кулимсираб.

Шаҳарга саёҳатни меҳмонхонага яқин жойдан – Лабиҳовуз ансамблини айланишдан бошладим.

Лабиҳовуз 15 асргача бозор майдони бўлган. Кейинчалик 1620 йилда майдон ўртасида катта ҳовуз қазилиб, атрофлари синчлар билан мустаҳкамланган, тошлар йўнилиб, зинапоялар қурилган, мармардан тарновлар ишланган. Ҳовуз атрофига тупроқ ва шағал тўкилиб, шиббаланган. Айни пайтда ҳовуз эни 36 метр, бўйи эса 45,5 метрни ташкил этади. Атрофига чинорлар экилиб, чойхона барпо этилган. Жазирама ёз кунларида бухороликлар ва минглаб хорижлик сайёҳлар бу ерга келиб ҳордиқ чиқарадилар. Чойхона сўрисида ўтириб, ўзбекона одатга кўра қайноқ кўк чой ичишади. Балки, чойхонада ўтириб атрофдаги моҳабатли биноларга кўз ташлаган хорижликлар ўзларини ўрта асрларга тушиб қолгандай ҳис қилсалар керак. Зеро, чойхона ва ҳовуз атрофи ғарбида Нодир Девонбеги хонақоҳи, шарқий томонида Нодир Девонбеги мадрасаси, шимолий томонида эса Кўкалдош мадрасаси долғали асрларни ортда қолдириб мағрур қад кўтариб турибди. Қадимда Кўкалдош мадрасаси ёнида Эрназар элчи мадрасаси ҳам бўлган. Лекин асрлар силсиласида бузилиб кетган.

Нодир Девонбеги мадрасасига кириб, тўғриси ҳайратда қолдим. Мадраса ҳовлисининг чор атрофида миллий кийимлар, Бухоро зардўзлари ижоди бўлган зарбоп тўнлар, турли русумда тикилган дўппилар, қиз-аёлларнинг тақинчоқлари илинган. Нарироққа ўтсангиз ёғоч ўймакор усталари тайёрлаган мебеллар, сандиқ ва қутилар, лаҳв ҳамда бошқа миллий анжомлар териб қўйилган. Уларга шунчалик нозик дид, меҳр-муҳаббат билан ишлов берилганки, бирор жойига доғ тегиб қолмаслиги учун қўлингизга олиб кўришга ботинмайсиз. Атрофда эса юзлаб хорижий сайёҳлар айланиб юрибди. Уларнинг кўзларида ушбу санъат намуналарига ҳавас акс этиб турибди. Кимдир эсдалик сифатида миллий тақинчоқ, бошқа бири дўппи, яна биттаси ўймакор нақшлар туширилган қутича харид қилади, пулини аямайди.

Сайёҳлардан бири рус тилида ўймакор уста билан сўзлашаётганлигини эшитиб, у билан танишиш мақсадида яқинроқ бордим. Олмониядан келган Курт Майер икки кундирки, Бухорони айланиб юрган экан.

– Бухоро, Самарқанд ва Хива ҳақида авваллари ҳам эшитган эдим. Марказий Осиёнинг бу дурдона шаҳарларини кўришни орзу қилардим. Шунинг учун деярли уч йил маблағ тўпладим. Ниҳоят орзуйим амалга ошди. Бухоронинг гўзаллиги ҳақида эшитганим, тасаввур қилганимдан ўн чандон ортиқ экан.

Тўғри, Европа давлатларида ҳам тарихий шаҳарлар кўп эди. Аммо уларнинг аксарияти иккинчи жаҳон урушида вайрон бўлган. Бухорода 700-йилларда қурилган тарихий ёдгорликлар, биноларни кўрдим. Аждодларингиз ақлу-заковатига тан бермай иложим йўқ. Кўрган барча тарихий жойлар ва биноларни суратга олдим. Олмонияга борсам интернет сайтимга киритмоқчиман,- деди у қувонч ва ҳаяжон билан.

Куртнинг шарофати билан анча сайёҳлар билан танишишга мушарраф бўлдим. Уларнинг бири немисча, иккинчиси инглиз тилида ўз таассуротларини сўзлайди. Янги танишим Курт эса қурби етгунча таржимонлик қилиб турди. Уларнинг ҳаммаси Бухоро жамолини тавсифлаб адо этишолмасди.

Афсуски, вақтдан фойдаланиб шаҳарнинг ҳамма жойини айланиб чиқишни режалаштирган эдим, шунинг учун юртимиз меҳмонлари билан хайр-хўшлашиб, Чашмаи Аюб мақбараси томон йўл олдим.

Ривоят қилишларича Инжилдаги пайғамбарлардан бири Аюб Бухоро бўйлаб динни тарғиб қилиб юрган. Қурғоқчилик йилларида аҳоли ниҳоятда қийналган, кўплар сувсизликдан ҳалок бўлган. Шунда пайғамбар қақраб ётган ерга асони урган, асо теккан жойдан сув чиқиб, шифобахш булоқ пайдо бўлган. 1370-80 йилларда бу ерга илк мақбара қурилган. Кейинчалик, XIV асрда Амир Темур хоразмлик усталарни олиб келиб, булоқ ва қудуқ устида бино барпо этишга фармон беради. Бино гумбази Хоразм архитектурасига хос услубида яратилган.

Чор Минор меъморий обидаси буюк манғитлар – Амир Ҳайдар ҳукмронлиги даврида, яъни 1807 йилда барпо этилган. Қурилиш ишларига Халфа Ниёзқул ҳомийлик қилган. Чор Минор архитектурасининг ўзига хослиги билан Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Тўртта минора билан ўраб олинган бу обида ягоналиги учун ҳам ЮНЕСКО муҳофазасига олинган. Синчли пешайвон кўринишидаги масжид ҳовлининг жанубий-ғарбий томонида жойлашган. Минораларнинг тепа қисмлари гумбаз шаклида якунланиб, сиркори кошинлар билан безатилган. Икки қаватли хонанинг биринчи қавати миёнсарой кўринишида бўлиб, изоралари тошлар билан қопланган, томи эса гумбазли. Иккинчи қавати кутубхона, унинг шифти пастак гумбазли бўлиб, содда муқарнаслар ҳалқаси билан тўлдирилган. Бу қаватга минораларнинг биридаги зиналар орқали чиқилади.

Ўз даврида дарвешлар, мусофирлар қўналғаси ҳисобланган мазкур ёдгорлик шўролар ҳукмронлиги йилларида қаровсизликка маҳкум бўлиб, таъмирталаб бўлиб қолган. Ватанимиз мустақилликка эришгач, Бухородаги бошқа меъморий обидалар қаторида Чор Минор ҳам тўлиқ таъмирланган, атрофи кўкаламзорлаштирилган. Ҳозирги пайтда у ўз давридагидан ҳам обод зиёратгоҳ масканга айланганлигини кўриб мамнун бўлдим ва Бухоро Арки томон йўл олдим.

Бухоро Аркининг қурилган вақти ҳақида турли тахминлар айтилади, аниқ муддати маълум эмас. Ўрданинг аксарият қисми қурилишида тарашланган тошларнинг ишлатилганлигига қараб, мазкур бино зардуштийлик даврида ҳам ҳукмдорлар ошёни бўлганлигига ишонгинг келади.

Арк майдончасидан ўтиб, тахтиравон турган кенг ва узун хонага кираман. Тўрда катта ва чиройли қилиб ишланган тахт турибди. Унинг уст томонида Бухоронинг сўнгги амири Саид Амир Олимхоннинг катта сурати заррин ҳошияли қилиб осиб қўйилган.

Шу хонада давлат ишлари юргазилган, элчилар қабул қилинган, амр ва ҳукмларга имзо қўйилиб, муҳр босилган. Ўз даврида Аркда ҳукмдорлар, юқори лавозимли амалдорлар ва лашкарбошиларнинг уй-жойлари, давлат девонхонаси, зарбхона, масжид ва сардоба каби муҳим аҳамиятга эга бинолар бўлган. Бироқ XX асрнинг 20-йилларидаги шўролар истилосидан кейин Бухоро обрўсини тўкиш ва бухороликлар ғурурини синдириш учун Арк деворлари янги ҳукумат томонидан қасддан бузилган, вайрон қилинган.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, М.Фрунзе бошчилигидаги «қизил» империя армияси ҳар қанча ҳаракат қилмасин Бухорони ишғол қилолмаган. Шундан сўнг Фрунзе шаҳарни тўпга тутишни буюрган. Натижада кўплаб тарихий обидалар вайронага айланган, Минораи Калон деворлари бузилган. Ҳозир ҳам бу моҳабатли миноранинг тўп ўқи тегиб, кейин қайта сувалган жойлари ярадор жангчининг чандиқлари каби кўриниб турибди. Қамал қилиб Бухорони ололмаган босқинчилар шаҳарга самолётларда дўлдай бомба ёғдиради. Тарихий шаҳарни, аҳолини сақлаб қолиш учун муҳофазачилар қуролларини туширишга мажбур бўладилар. Шундай қилиб, тарихда илк бор самолётлардан фойдаланиб бомбардимон қилиш Бухорода юз берганди.

Бухоро арки эса истиқлол давридаги таъмирлашлардан кейин яна ўз гўзаллиги, мағрур қадди тиклади.

Мен Хожа Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳини навбатдаги манзилгоҳ этиб белгиладим. Мусулмон олами учун муқаддас жой ҳисобланган ушбу маскан шаҳардан 14 чақирим нарида кунчиқар томонда жойлашган. Авлиёнинг тарихда жуда катта ўрни бор, у Қуръони Каримнинг «Аср» сураси ғоялари асосида тасаввуф яратади. Илгарилари амалда бўлган қаттиқ талабларни бир қадар юмшатади, мўътадиллаштиради, оддий халқ кундалик турмушига мослаштиради. Таркидунё қилмасдан ҳам Ҳаққа етиш мумкин деган ғояни илгари суради. Қалб Аллоҳда, қўл меҳнатда бўлиши керак деган ғояси нафақат икки дарё оралиғида, балки Арабистон ярим оролигача тарқалади.

Авлиёнинг вафотидан кейин нақшбандия тариқати кенг ёйилди. XV асрда Хўжа Аҳрор Убайдуллоҳ Валий бу тариқатнинг энг йирик раҳнамоси сифатида майдонга чиқди. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби шоирлар ҳам нақшбандия тариқатида эдилар. Улар ижодида нақшбандия ғоялари кенг ва атрофлича тарғиб этилди.

Хожа Баҳоуддиннинг қабри азалдан зиёратгоҳ ҳисобланган. Илгари амирлар тахтга ўтиришдан олдин, сафарга чиқаётганда ва қайтаётганда албатта унинг дахмасини зиёрат қилишган. Венгер олими ва тарихчиси Ҳерман Вамбери ўзининг «Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи» китобида Хожа Баҳоуддин Нақшбандий қабрини уч бора зиёрат қилиш Каъбатуллоҳни зиёрат қилиш билан баробар эканлигини ёзиб қолдирган.

Бухорони айланиб юриб, ҳар бир биноси, улардаги ғиштлар аждодларимиз тарихи билан чамбарчас бўлиб кетганини ҳис қилардим. Бино безаклари бўлган кошинларни силаб, минг йиллар муқаддам ўтган усталар илкидан тутгандай бўлдим. Ҳаммаси гўзал, ҳаммаси бетакрор…

Бухорода танҳоликда беназир тарихий обидалар жуда кўп. Шаҳардан шимол томонга тўрт чақирим юрсангиз, дунёда ягона бўлган «Ой ва юлдузлар саройи»ни учратасиз. Бу сарой шунчалик бежирим қурилганки, унга маҳлиё бўлиб қолмасликнинг иложи йўқ! Унинг тарихи ҳам мозийга қизиқиш билан қарайдиганларда катта таассуротлар уйғотишига шубҳа қилмайман.

“Ситораи моҳи хоса” саройи буюк манғитлар сулоласининг учинчи авлодига мансуб бўлиб, бинолар қурилиши дастлаб Амир Насруллохон (1826-1860) томонидан бошланган. Кейинчалик Амир Музаффархон (1860-1885) қурилишни давом эттирган. Амир Абдулаҳадхон (1885-1910) даврида янги сарой ва хушманзара боғ барпо этилган. Амир Олимхон (1910-1920)ҳукмронлиги даврида ҳам мажмуага янги сарой қўшилган.

“Ситораи моҳи хоса” саройининг майдони 6,7 гектар бўлиб, эски сарой, ғишт тўшалган уч ҳовли ва кўпгина хоналардан иборат. Амир Музаффархон меҳмонхонаси кенг, икки томондаги болохонали айвонлари, европача эшик ва деразалари саройга ўзига хослик бахш этиб турибди. Уч қисмга бўлинган мурабба тарҳли Абдулаҳадхон хоналари бир бирига қарши жойлаштирилган ва бир хилда безатилган иккита зал ўртасидаги баланд супа билан бирлаштирилган. Ўз даврида супанинг ғарб томонига шоҳона тахт ўрнатилган.

Эски сарой шарқидаги Амир Олимхон бош қароргоҳи – янги саройга равоқли муҳташам дарвоза орқали кирилади. Дарвозадан кирганингизда ўнг томонда кичкина фаввора «вижирлаб» сув отиб турибди. Ҳовлининг шимолий томонида катта айвон, ғарб томонида Оқсарой, жанубида эса ойнаванд айвон, кутиш хонаси ва амирнинг қабулхонаси жойлашган. Амир қабулхонада хорижий давлатлар элчиларини, музофотлар амалдорлари билан бир қаторда арз билан келган фуқароларни ҳам қабул қилган. Вазирлар иштирокида муҳим давлат ишлари юзасидан машваратлар ўтказилган. Қабулхонадаги Европа услубида ишланган юмшоқ мебелларга олтин иплар билан тикилган зардўз матолар сирилган. Айни пайтда ушбу хонани сайёҳлар икки томондан очиб қўйилган эшиклар орқали томоша қилишлари мумкин.

“Ситораи моҳи хоса” саройи тарихига назар ташласангиз, қурилиши қарийб юз йилни ўз ичига олганлигига гувоҳ бўласиз. Ҳар бир бино, иншоот, ҳовли ва боғда ўзига хослик бор. Қурилишда Шарқ ва Европа архитектураси намуналаридан фойдаланиш, уларнинг ўзаро уйғунлашуви, уста ва муҳандисларнинг маҳоратлари билан “Ситораи моҳи хоса” саройи дунёдаги энг гўзал ва маҳобатли обидага айланган. Бухорога йўли тушган ҳар бир юртдошимизга мазкур саройни бориб кўришни маслаҳат берган бўлардим.

Бухородаги энг машҳур ва кўзга кўринган обидалардан бири Мир Араб мадрасасидир. Мадрасанинг бунёд этилишида ҳомийлик қилган Мир Арабнинг асл исми Шайх Саййид Абдулла Яманий бўлиб, у йигирма икки ёшида Самарқандга келиб Хожа Аҳрорга шогирд тушган. Туркистоннинг Саброн (Саврон) музофотида иккита кориз (ер ости ариғи) қаздирган, сув чиқарган, қалъа бино этган. Шофиркон, Вобкент, Ғиждувонда кўп жойларни обод қилган (Шофирконда Мир Араб қалъаси сақланиб қолган). У нақшбандия тариқатининг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Абдулла Яманий мадраса қурилишини ниҳоясига етказа олмаган, 1536 йил бошида вафот этган ва унинг васиятига кўра куёви Шайх Закариё қурилишни охирига етказган. Хаттот Мирали Фатҳободий – Бухорий мадраса дарвозасига: «Мир Араб фахри Ажам онки кард – Мадрасаи олий бас бул ажаб. Бул ажаб он аст ки тарихи у: Мадрасаи олии Мир Араб» деган қитъани ёзиб қўйган.

1512 йилда Ғиждувон яқинида шайбонийларнинг Эрон қўшинлари устидан ғалабасидан тушган ўлжа – маблағни Убайдуллахон ўз пири Мир Арабга мадраса бунёд этиш учун тақдим қилган. Меъморий обида сўнгги ўрта асрлар  даврининг дастлабки босқичида, 1520-1536 йиллар оралиғида бунёд этилган.

Мадраса Бухородаги меъморий ёдгорлик – Минораи Калоннинг қаршисида жойлашган.  Меъморий обиданинг бунёд этилишида хом ва пишиқ ғишт, лой, ёғоч, темир, тунука ва шу каби маҳсулотлардан фойдаланилган.

Мадраса ҳужралари гумбазли даҳлиз ва хоналардан ташкил топган. Яшаш хоналарида токчалар ясалган. Шу билан бирга хоналари бироз қоронғи ва торроқ бўлган. Ҳовлидаги бўйлама ва кўндаланг деворлар бўйлаб жойлашган порталлар ҳам бинога гўзаллик бахш этиб турибди.

Мадраса Шарқ меъморчилик анъаналарининг “Чор” услубида, эшиклари хотамкори услубида қурилган. Меъморий обиданинг ўзига хос томонлари кўп. Ривоятларга кўра, мадраса асоси чуқур қилиниб, тоғ тошлари билан мустаҳкамланган, қор, ёмғир сувини қочириш учун тазарлар ишланган, улар орқали сувлар шаҳар қўрғонидан ташқарига чиқарилган. Меъморчилик ва шаҳарсозликда Мир Араб мадрасасини Масжиди Калон ва Минораи Калондан алоҳида ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Бу учала иншоот биргаликда ажойиб “гулдаста”ни ташкил этиб турибди.

Мустақиллик йилларида Бухоронинг 2500 йиллиги муносабати билан Мадраса пештоқи ва гумбазларидаги тўкилиб кетган кошинкори нақшлар ва ёзувлар қайта тикланди.

Мир Араб мадрасаси ўз даврида олий таълим муассасаси ҳисобланган. Бухора амирлиги даврида ушбу мадрасада барча мадрасаларда таҳсил олаётган муллаваччалар ўртасида Қуръони карим сураларини ўқиш бўйича танловлар ўтказилган. Танловларда Бухора амирининг ўзи, аркону давлат, ислом илмининг билимдонлари иштирок этганлиги учун ҳақиқий байрамга айланиб кетган. Бу машҳур мадрасада ҳозир ҳам талабалар ислом динидан сабоқ олишар экан. Шўролар даврида унинг фаолияти бутунлай тўхтатиб қўйилган, 1945 йилда эса ҳукумат ўқишларни тиклашга мажбур бўлган. Айни пайтда ўқув муддати тўрт йил. Ўқув юрти кундузги бўлимига 15 ёшдан 35 ёшгача бўлган ўрта ва тўлиқсиз ўрта маълумотли ёшлар қабул қилинади. Унда диний фанлар билан бирга умумтаълим фанлари ўқитилади. Талабаларга араб, инглиз, рус ва форс тиллари ҳам ўргатилади. Дарслар ўзбек ва араб тилларида олиб борилар экан.

Бухоронинг энг қадимий меъморий ёдгорликлардан бири Минори Калон (Катта минора) ёки Арслонхон минорасидир. Минорани муҳандис ва меъмор Бақо лойиҳаси асосида Арслонхон 1127 йилда қурдирган. Минораи Калон ўрнида аввал ҳам минора бўлган, у қулаб тушгач, ҳозиргиси мустаҳкам қилиб қайта қурилган. Пойдевори тош ва махсус қоришмадан терилган. Ер сатҳидан 9 метр чуқур, баландлиги 50 метр, курсиси қиррадор, танаси ғўласимон, тепаси гумбазли давра қафаса-кўшк билан боғланган. Минора юқорига ингичкалашиб боради ва муқарнас билан тугайди. Қафасасидаги ўн олти равоқли дарчалар орқали атрофни кузатиш мумкин. Тепага минора ичидаги 104 пиллапояли айланма зина орқали чиқилади. Масжиди калон томонидан минорага ўтиладиган кўприкча бўлган. Минори Калоннинг ўзаги ҳам, безаги ҳам чорси ғишт ганчхок лойида терилган.

Минори Калон ўз даврида шаҳар ва атрофини кузатишга мўлжалланган ҳарбий бино ҳисобланган. Карвонлар ҳам узоқдан кўриниб турадиган минорага қараб, Бухорога мўлжални тўғри олишган.

Бухорода ўтказган уч кун мен учун энг мазмунли, таассуротларга бой дақиқаларни армуғон этди. Албатта, ҳар бир соатдан фойдаланиб, кунига уч-тўртта меъморий обида ёки зиёратгоҳни бориб кўришга, улар тарихини ўрганишга ҳаракат қилдим. Ва бир нарсага амин бўлдим: Бухоро – шаҳар музей, уни асраш, авайлаб келажак авлодга етказилиши керак бўлган миллий бойлигимиз. Хўжа Говкушон ансамли, Арк, Чор Минор, Чашмаи Аюб мақбараси каби обидалар ЮНЕСКО муҳофазасига олингани бежиз эмас. Вақти келиб бошқа ўнлаб меъморий обидалар ҳам улар қаторидан жой олишига шубҳа қилмайман.

 

Асад МУСТАФОЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *