Президентимиз раҳбарлигида шу йилнинг 7 май куни тиббиётнинг бирламчи бўғинида хизматлар сифатини ошириш масаласида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Айтиш мумкинки, халқимизнинг сифатли ва тезкор тиббий хизматга бўлган талаб ва эҳтиёжлари давлат раҳбари томонидан чуқур ўрганилган ва самарали ечимлар кўрсатиб берилди.
Йиғилишда тизим халқ ҳаёти билан узвий боғлиқлиги, аммо касалликни даволаш билан чекланиб қолганлиги танқид қилинди. Эндиликда касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг саломатлик даражаси ҳудудлардаги тузилмалар учун сифат кўрсаткичи бўлиб ҳисобланади. Бу кўрсаткич тиббий муассасанинг молиялаштирилишига таъсир этишини ҳисобга олсак, ўзгаришлар кўлами нақадар катта эканлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Беморларнинг ҳудуд поликлиникасини айланиб ўтиб, бошқа муассасаларга, ҳаттоки бошқа вилоятларга кетиши оддий ҳол бўлиб қолгани жуда ачинарли. Тиббий суғурта тизимининг жорий этилиши кечиктирилаётгани ҳам аввало беморларнинг ана шундай сарсон бўлишига олиб келаяпти.
Исталган тиббиёт муассасасига боринг, аввало рўйхатхонадаги тирқишга эгилиб, рўйхатдан ўтишга тўғри келади. Фуқарога хизмат кўрсатиш сифати ана шу биринчи қадамдан маълум. Эндиликда “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” доирасида ҳар бир тиббий муассасада кириш қисмидан бошлаб чуқур ўзгаришлар амалга ошади. Бунинг учун 13 та мақсаддан иборат чора-тадбирлар режаси тузилган.
Аввало рўйхатхонада тиббиёт ходими ва фуқаронинг тўсиқсиз ва ўтирган ҳолда мулоқот қилиши учун шароит яратилади. Худди ДХМлардаги каби инфокиоск, электрон навбат учун махсус қурилмалар, табло ва компьютер ўрнатилади. Фориш туман тиббиёт бирлашмасида бу ускуналар харид қилинди, ногиронлар учун тўсиқсиз муҳит яратишга киришилди. Бундан ташқари, ёш болали, ногирон беморлар учун махсус кутиш жойлари яратилади.
Рақамлаштириш йўлга қўйилса, бемор учун ҳам, шифокор учун ҳам катта қулайлик бўлади. Уйдан чиқмай туриб навбат олиш, муассасада тартибли ва маданиятли ҳаракатланиш дард билан келган кишини ортиқча асаббузарликдан қутқаради. Стационар беморлар учун тиббий ходимни чақирув тугмаси ўрнатилади. Муассаса поли махсус тактил қопламалар билан қопланиб, даволаниб чиққан беморлар билан мунтазам алоқа ўрнатилади. Кесар кесиш амалиётларини камайтириш чоралари кўрилади. Умуман, тиббиётда бу каби янгиликлар жуда кўп.
Бирламчи тиббий бўғиндаги шифокор ва ҳамшираларнинг ойлик маоши оширилиши бу тизимга ҳақиқатда катта эътибор қаратилаётганидан дарак. Боиси илгари қуйи бўғинда ишлаш деб қаралган бу касблар эндиликда энг малакали, энг билимли тиббиёт ходимининг иш жойига айланади.
Фориш туманида 17 та тиббиёт муассасаси бўлиб, 12 та ОШП, 1 та оилавий поликлиника, туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси ва унинг 2 та филиали мавжуд. Ушбу муассасаларда ҳам “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” доирасида белгиланган ишлар амалга оширилади. Қувонарлиси, шу кунларда туман туғруқхонасига UNISEF томонидан 1 млрд АҚШ долларилик тиббий жиҳозлар олиб келинди. Шунингдек, узоқ вақт таъмирга муҳтож бўлиб, беморлар учун сарсонгарчиликларга сабаб бўлган МСКТ аппарати ҳам вилоят ҳокимлигининг амалий кўмаги билан таъмирланиб, ишга туширилди. Галдаги вазифа бирламчи бўғин тиббий муассасаларни янги талабларга мослаштириш ва фидойилик билан халқ хизматида давом этишдир.
Адиба ЖАББОРОВА,
Фориш туман тиббиёт бўлими бошлиғи,
ЎзЛиДеП туман кенгаши раиси.