ШАҲРИМИЗДАГИ ДАРАХТ ХАЛҚАРО РЎЙХАТГА КИРИТИЛДИ

“Юз йил яшамоқчи бўлсанг, дарахт эк” деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Дарахтлар табиий шароитига қараб ўртача 70-90 йил умр кўради. Айрим дарахтлар минглаб йиллар умр кўриб, тирик афсонага айланади.

Дунёда ана шундай умрбоқий дарахтларни рўйхатга олиш ва уларни халқаро миқёсда муҳофаза этиш билан шуғулланувчи ҳаракат мавжуд. Бу MonumentalTrees.com рўйхати бўлиб, унинг вазифаси бутун дунё экологлари ва табиат фаоллари тақдим этган маълумотлар ва ўрганишлар асосида қадимий дарахтлар ҳақидаги маълумотларни йиғишдан иборат. Эътиборлиси, Ўзбекистон  Марказий Осиё давлатлари орасида мазкур рўйхатга табиий мерос объектларини киритган биринчи давлат бўлди. Унга юртимиздаги 20 га яқин дарахтлар киритилган. Дунёга машҳур Можрум арчаси – шарқ биотаси дарахти 1500 ёш, Зомин давлат қўриқхонасидаги бобоёнғоқ 700 ёшда, дея белгиланиб, рўйхатдан жой олди.

Апрель ойида MonumentalTrees.com сайти янги маълумотлар билан бойиди. Энди унда Жиззах шаҳри Тошлоқ маҳалласи ҳудудида ўсган 200 ёшли тут дарахти ҳам киритилди (суратда). Бир қараганда бошқа турдошларидан унчалик ҳам фарқ қилмайдигандек кўринувчи тут 1800 йиллар бошида экилган, икки асрдан буён Жиззах марказидаги ҳаётга гувоҳ бўлиб келаётган экан. У ҳамон ҳосил беради, баҳайбат танаси билан кишиларни, қушларни жазирамада пана қилади. Маҳалланинг ички кўчасида ўсган тут дарахти ҳақида маълумот “White Mulberry in the area of Toshlok village, Jizzax, Uzbekistan” номи билан сайтга жойлаштирилди.

Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан мазкур дарахтга халқаро муҳофазага олинганини билдирувчи маълумот тахтаси илиб қўйилди. Вилоятдаги зиёратгоҳларда асрларни кўрган дарахтлар кўп. Бошқармага кўра, кейинги босқичларда бундай кекса дарахтларнинг барчасини халқаро муҳофаза доирасига олиш чоралари кўрилмоқда.

 

Муқаддас САПАРОВА.

Муаллиф олган сурат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *