7 март. Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида тантанали байрам тадбири бошланиш арафасида. Залга элимизнинг равнақи йўлида жонбозлик кўрсатган, жонкуярлиги, меҳнаткаш ва фидойилиги сабаби ўлароқ бир гуруҳ хотин-қизларимиз жам бўлишган. Президент билан бўлиб ўтадиган учрашув олдидаги хаяжонли дақиқалар. Шу куни Юртбошимизнинг 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан муносиб хизмат кўрсатган аёлларни орден ва медаллар билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мукофотланганлар орасида Янгиобод туманининг Баландчақир қишлоғида яшовчи Зиннатой Маматқулова ҳам бор эди.
– Қувончли хабардан сўнгги хаяжонимнинг чек-чегараси йўқ эди. У ерда 80 ёшни қаршилаган чўпон, темирчи аёлларни кўриб яна ҳам завқим ошди. Уларнинг ёшигача менда кўплаб имконият борлигини ҳис қилдим. Рости ўзимни 15 йилга ёшаргандек сездим, – ҳаяжон билан шу кунни хотирлади опа. – Президентимиз қўлимдан тутганча менга “Нимани орзу қилган эдингиз?” дея савол билан юзландилар. Сизни телевизорда кўрганимда ҳавас қилиб ўтирардим. Менга ҳам юртбошимиз билан учрашиш насиб қилармикин дея ўйлардим, жавоб бердим. Шунда “Орзуингизга етдингизми?” дедилар. Оллоҳга шукр, орзуимга етдим, дедим. У киши “Менинг номимдан Янгиобод аҳлига саломимни етказинг”, дедилар. Шундан сўнг “Шуҳрат” медали билан тақдирладилар. Бу кун мен учун унутилмас, шу билан бирга янги ҳаёт бағишлаган кун бўлди. Эътибор, эътирофдан ниҳоятда руҳландим.
Зиннатой опа 1962 йилда Янгиобод туманининг Баландчақир қишлоғида таваллуд топди. Меҳнаткашлар оиласида тарбия олган опадаги самимият, шижоатни суҳбат асносида сезиш қийин бўлмади.
– Эсимни танибманки, онажонимнинг пилла етиштиришларини кузатардим. У кишининг ортидан қолмай ўрганишга уринардим. Болалик чоғимдан пилла етиштириш билан шуғулланаман. Турмушга чиққанимдан сўнг ҳам иштиёким сўнмади. Қўлимда чақалоғим бўлган вақтлар ҳам бекор ўтирмасдим. Меҳнатсевар оиланинг вакили бўлганим учун ҳам рўзғор ишлари ва фарзандларимнинг тарбиясидан ортиб ишимга ҳам вақт ажратдим. Қўшниларим бир қути пилла қурти олишса, мен икки қути олиб боқардим. Хонадонимнинг 8 тагача хонасини шу иш учун ажратганман. Туманимизда пиллахона бор. Ўша ерга етиштирганларимни топшираман. Кейин яна пилла қуртидан олиб келаман.
Бундан ташқари, тикувчилик цехларида ҳам ишладим. Меҳнатимнинг ортидан кам бўлганим йўқ. Аллоҳга шукр, беш нафар фарзандимни уйли, жойли қилдим. Шириндан шакар невараларим бор.
Опанинг ёшига нисбатан тиниб-тинчимаслиги, шукроналик билан олдинга интилиши ҳар қандай кишини илҳомлантиради. Турмуш ўртоғидан эрта айрилиқдан сўнг ҳам Зиннат опа фарзандларининг келажаги йўлида ҳаракатдан тўхтамади.
-Зиннат опа пилла етиштиришда доим илғор. Шу билан бир қаторда фидойи ва фаол аёл. Ажрим ёқасидаги оилаларни яраштиришда жуда кўп ҳолларда опанинг хизмати катта бўлди. Вақтини аямасдан нотинч оилаларга бориб суҳбатлашади. Оиланинг муқаддаслигини, ҳаётда курашувчан бўлсагина бахтга эришиш мумкинлигини тушунтиради. Тез-тез кам таъминланган оилаларга эҳсон қилиб озиқ-овқат етказиб бериш ва бошқа ёрдамларни аямайди. Шунингдек, опа ҳунарманд ҳам. Чопон, белбоғ ва кашта тикиш билан шуғулланади. Ёшларга ҳар томонлама ўрнак бўла олади. Қисқача айтганда Зиннат опа 24 соат ҳам меҳнатдан тинмайдиган метин аёл, – дейди маҳалла раиси Алишер Каримов.
Айни дамда Зиннат опанинг юқоридагилардан ташқари, маҳалладаги қурилиш ишларида ишлаётган усталарга ҳар куни тушлик ҳам тайёрлаб беришга улгураётганидан, ростдан ҳам метиндек аёл экан, дея тан бердик.
Инсон меҳнати ортидан қадр топиши ва элнинг ардоғига тушиши учун шунчаки иштиёқ ва ҳаракатнинг ўзи кифоя эканлигинининг бир намунаси шу бўлса керак. Юртимизда ана шундай фидойи инсонлар кўпайсин.
Шаҳноза МАНСУРОВА.