ҚАЙДАСАН, “БИЛАҒОН”?

Болаларнинг маънан етук, илмга чанқоқ ва кенг фикрга эга бўлиши йўлида газетанинг ўрни борми? Мактаб ўқувчилари аудиториясига мўлжалланган нечта нашрни биласиз? Жиззахда-чи? Адабиётга меҳр қўйган ва ижодкорликка ҳавасманд бўлган ёшларни қамраб олган болалар газетаси борми?

Саволлар кўп. Жавоб эса кишини ўйлантириб қўяди. Статистик маълумотларга кўра, 2024 йил 1 январь ҳолатига вилоятимизда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 278 623 нафар бола яшайди. Улар учун мўлжалланган болалар нашри эса воҳамизда йўқ.    

Ўтмишга назар солсам. 2013 йилда ягона болалар нашри бўлган “Билағон” газетаси ўз фаолиятини бошлади. Ихчамгина жамоа. Қўлдан келгунча нашрнинг ўқувчилар кўнглидан жой олиши учун изландик. Меҳнат самараси ўлароқ бир йил ўтар-ўтмас, газета ўз мухлисларига эга бўлди. Таҳририятдан мактаб ўқувчиларининг қадами узилмай қолди. Кимдир қобилиятига яраша шеър, ҳикоя, мақола ёзган, кимдир рассомлик маҳоратини кўрсатиб, ижод намуналарини олиб келган. Билимга чанқоқлари газетада бериб борилган совринли бошқотирмаларни ечиб ғолибликни қўлга киритса, таҳририятнинг китоблар жамланмаси эсдалик совғасига эга бўлишарди. Турли мавзудаги иншолар танлови болажонларнинг илм олишга қизиқишини янада орттирарди.

Афсуски, буларнинг барчаси 2018 йилга келиб ўз поёнига етди. Тўғрироғи, газеталарга мажбурий обуна қилинишига йўл қўйилмайди, деган баҳона  болажонларнинг кўнгил масканига айланиб улгурган “Билағон”ни молиявий инқирозга олиб келди.

Газета талабга жавоб берса, ўз ўқувчиларига эга бўлса, қандай қилиб мажбурий обунага дахлдор бўлади дерсиз? Ҳа, бу қараш бизнинг жамиятимизда етарлича таъсир кўрсатди. Мажбурий обунага йўл қўйилмайди, деганда аслида ўқувчига эркин танлов имконияти берилиши, ўз эҳтиёжига қараб газетани танлаши назарда тутилган. Аммо мактабларга обунуни ташкиллаштириш мақсадида борганимизда директор ва ўқитувчилар “Обуна мажбурий эмас”, дея ўқувчиларнинг ихтиёрини ҳам инобатга олишмади. Болалар-ку эркин обуна бўлишга рози ҳам бўлишди, аммо ота-оналар харажатдан тийилишни афзал кўришди чамамда.

Ана шундай кунларнинг бирида таҳририятимизга юқори синф ўқувчиси ёзган шеърини олиб келди. Ижодкор қиз баҳорга атаган шеърида икки барг мисолида инсонларни меҳр-оқибатга чорловчи мисраларни моҳирона битган. Ижодкор озгина бўлса-да одамларга маънавий озуқа бўла оладиган шеърининг газетада берилишини илтимос қилди. Афсуски, таҳририятимизда вужудга келган қатор муаммоларни қисман тушунтирган ҳолда қизга шеърни чоп эта олмаслигимизни айтдик. Уни умидсизликка тушириб қўймаслик учун шеърни газетамизнинг телеграм каналига жойлашни таклиф қилдим.

Шунда қизнинг жавоби қуйидагича бўлди:

-Опа, ижтимоий тармоқ ҳамманинг жойи, у ерда кўпчилик тик ток, ютуб роликларидан ортиб менинг ёзган шеъримга эътибор қаратишармиди? Газетада эса ижодкорлар чиқиш қилишади.

Нима ҳам дердим, қизнинг гапларида жон бор. Шеър ижтимоий тармоққа жойланса, неча киши эътибор қаратади? Кети узилмайдиган хабарлар, янгиликлардан ортиб кимлардир кўз югуртириб қўярмикан?..

Яна бир кун мактаб кутубхонасида ишловчи опа келди. Салом-аликдан сўнг мақсадга ўтган кутубхоначининг гапларидан ҳайратим ошди.

– Бу йил ҳеч қандай болалар нашрига обуна бўлинмади. Олдинлари кутубхонамизда ҳар-хил журнал ва газеталар бўларди. Болалар кутубхонага киришганида шу нашрларни варақлаб, қисқа ҳикоя ва шеърларни ўқиб чиқишарди. Ҳозир улар учун янгилик бўладиган мавзу топиб бера олмаяпман. Таҳририятга келганимнинг боиси, газетанинг эски сонларидан бўлса ҳам кутутбхона учун бера оласизларми? Ундаги мақолалар, кросворд ва бошқотирмалар ўқувчилар учун фойдали бўларди.

Биз зиё улашишни ўзимизга мақсад қилганмиз. Бу вазиятда обуна бўлиш керак эди, деб кесатиб ҳам гапиролмадим. Обуначиларини кутиб сарғайган минглаб нусха “Билағон” хонада чанг босиб ётганди. Улардан кутубхона учун бир даста қилиб ажратиб бердим. 

Тирикчилик юки елкани босиб тургандан сўнг ноилож севимли таҳририят билан бирин кетин хайрлашишга мажбур бўлдик.

Газетанинг муассиси “Зиёбахш пресс” МЧЖ раҳбари Фарҳод Неъматовнинг ўша вазиятлардаги бир гапи ҳали-ҳануз эсимда. “Болаларни илмга ундаган газета ҳақиқий зиё ўчоғидир. Мен газетанинг ёпилиб кетишига йўл қўймайман”.

Мақола баҳона у киши билан боғландим. Жонажон  “Билағон”нинг фаолияти расман тугатилмаганлиги ҳақидаги маълумот рости мен учун хушхабар бўлди.

– Мактаб ўқувчиларининг турли ёт ғоялар ва ахборот хуружлари таъсиридан ҳимоя қилиш, уларнинг қалби ва онгига миллий истиқлол ғоясини сингдиришда болаларга мўлжалланган нашрларнинг аҳамияти жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Аммо афсуски, таҳлилларга кўра сўнгги йилларда мажбурий обуна баҳонасида нафақат ўқувчи, балки ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳам газета ва журналларга обуна бўлиши сезиларли даражада камайган.

Ўз вақтида мактаб ўқувчиларининг севимли нашрига айланган ушбу газета ҳозир ёпилиб кетиш даражасига келиб қолган. Газетанинг охирги сони 2020-йилнинг 25-апрелида грант маблағининг ҳисобидан чоп этилди. “Билағон”ни расман ёпилишига йўл қўймаётганимнинг сабаби – у ҳалигача мухлисларининг ёдидан чиққани йўқ. Ижодкор ўқувчилар таҳририят рақамига қўнғироқ қилиб газетага мақола, шеър ёки ҳикоясини бермоқчилигини айтишади. Уларнинг кўнглини чўктирмаслик учун газетанинг молиявий аҳволи яхшиланиши биланоқ хабар беришимни билдираман. Умид қиламиз, вилоят мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси газета таҳририяти билан ҳамкорлик ўрнатиб, бир вақтлар вилоятимиз мактаб болаларининг севимли нашри бўлган “Билоғон” газетаси фаолиятини давом эттириши учун кўмаклашадилар, – дейди Фарҳод Неъматов.

Зиё аҳли учун газета керак. Арзирли сабабларсиз нашр тўхтаб қолдими, демак у ерда илмсиз қатламнинг таъсири бор. Болажонларнинг маънавий озуқасига айланиб улгурган “Билағон” кўп куттирмай яна ўқувчиларининг қўлига етиб боришини кутиб қоламиз.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *