АНДИЖОНЧА МУЗҚАЙМОҚ ТАЪМИ ЎЗГАЧА, СИФАТИ-ЧИ?

Бу йил ёз жуда иссиқ келди. Айни кунларда кўча-кўйлару дўконларда музқаймоққа талаб ортган, бозори чаққонлашган. Шу боис музқаймоқ турлари кўпайиб, улар орасидаги сифат тафовути ҳам юзага келмоқда. Айниқса ғилдиракли аравачаларда санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайдиган тадбиркорлар кўпайиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. “Андижон музқаймоқлари” бренди билан танилган ўша ширинликни бир вақтлар ўзим татиб кўрганман. Уни сотиб олмоқчи бўлган истеъмолчи узоқ қидирмайди, чунки «Андижон музқаймоқлари» деярли барча одам гавжум нуқталарда «кезиб юради». Бироқ унинг сифати, сақланиш талаблари унча-бунча мижозни қониқтирмаслиги бор гап.

Хўш, аслида маҳсулот сифати санитария талабларига қай даражада жавоб беради? Зарари, фойдаси, сотиш қоидалари қанақа? Вилоят санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Элиёр Музаффаров билан шу мавзуда суҳбатлашдик.

– Ҳозирги кунда қаерга қараманг, қўлбола музқаймоқларнинг кўчма аравачалар билан юрувчи сотувчиларини учратасиз. Хўш, улар юқорида сўралган талабларга қанчалик жавоб бера олади? Қўлбола усулда тайёрланган музқаймоқлар соғлиғимизга зарарли эмасми? Вилоятимиз мисолида бунга қандай изоҳ берасиз?

–Бир неча йилдан бери ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокамага сабаб бўлаётган “Андижон музқаймоғи” нафақат Андижонда, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалашган.  Вилоятимиз ҳудудидаги йўл ёқаларида ҳам катта қутиларда сотиладиган бу маҳсулотга тез-тез кўзингиз тушиши табиий. Маълумки музқаймоқ сут маҳсулотларидан тайёрланади  ва у тез бузилувчан бўлиб, совуқ ҳароратда сақланиши шарт. Аммо кўчада фойдаланилаётган идишлар музлаткич эмаслиги сабабли музқаймоқнинг сифати ўзгариб, саломатликка зарар етказиши мумкин. Мавсум бошида бу бўйича вилоят санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси масъуллари томонидан мазкур музқаймоқларнинг сифати устидан шаҳар ва туман бўлимлари билан ҳамкорликда мавсумий назорат тадбирлари олиб борилди. Ҳамкорликда ташкил этилган тадбирлар давомида М-39 автомагистрал йўл ёқаларида сотилаётган қаттиқ музқаймоқлар сифати ўрганилиб, тегишли хулосалар берилди.

Жумладан, Шароф Рашидов тумани Олмачи маҳалласи ҳудудида ўтказилган назорат тадбирларида санитария талабларига жавоб бермайдиган ҳолатда фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан музқаймоқ савдоси билан шуғулланаётганлиги маълум бўлди. Амалдаги санитария қонунчилигига кўра қаттиқ музқаймоқлар махсус стационар жойда, совутгичларда махсус ҳароратда сақланиши, сотувчи ходимлар даврий тиббий кўрикдан ўтган ҳолда, махсус иш кийимларида аҳолига хизмат кўрсатилиши белгилаб қўйилган. Акс ҳолда, агар сотувчи юқумли касалликка чалинган бўлса, у мижозларга ҳам касаллик юқтириши эҳтимоли бор. Юқоридаги ҳолатда фуқаролар томонидан аҳоли истеъмолига берилаётган қаттиқ музқаймоқларнинг истеъмол учун яроқсизлиги, яъни қадоқланмаганлиги, махсус ҳароратда сақланмаганлиги, сақланиш муддати номаълумлиги, сифатини кафолатловчи ҳужжатлари бўлмаганлиги сабабли фуқаронинг ўзи иштирокида 56 килограм қаттиқ музқаймоқ истеъмолдан олинди ҳамда тўкиб ташлаш йўли билан йўқ қилинди. Икки нафар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 53-моддаси бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима қўлланилди.

Шунингдек, Ғаллаорол туман СЭО ва ЖС бўлими мутахассислари билан ҳамкорликда тумандаги Кўкгумбаз, Маданият, Сарбозор, Мирзабулоқ, Мулкуш ҳамда Хонимқўрғон фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи М-39-автомобиль йўли бўйида озиқ-овқат маҳсулотлари сифат ва хавфсизлигини таъминлашга доир ўтказилган тадбир жараёнида 3 нафар фуқаро томонидан санитария гигиена, савдо ва жамоат хавфсизлик талабларига риоя этилмаган ҳолда музқаймоқ маҳсулотлари сотилиш ҳолатлари аниқланди. Текширувлар жараёнида фуқароларга ушбу маҳсулотларни сотиш амалдаги санитария-гигиена, савдо ва жамоат хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги аниқланиб, 20 кг қаттиқ музқаймоқ истеъмолдан олинди ҳамда тўкиб ташлаш йўли билан йўқ қилинди. 1 нафар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима қўлланилди. Суҳбат жараёнида маълум бўлдики сотувчида бу музқаймоқлар қачон, қаерда ва қандай шароитда тайёрлангани ҳақида ҳеч қандай ахборот мавжуд эмас.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида ушбу маҳсулотлардан 15 та намуналар олиниб, СЭО ва ЖС бошқармаси ҳамда Ғаллаорол туман бўлимининг бактериология лабораториясида текшириб кўрилганда Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган “Озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги гигиеник нормативлари тўғрисида”ги санитария қоида ва меъёр талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Назорат тадбирлари вилоятнинг Дўстлик, Пахтакор, Зомин, Зарбдор туманларида ҳам олиб борилди, назорат тадбирлари давомида қаттиқ музқаймоқлар билан савдо қилиш ҳолатлари аниқланмади.

–Бошқарма лабораторияларида айнан Андижон музқаймоқларидан заҳарланганлар аниқланганми?

–Аслида музқаймоқлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 16 ноябрдаги “Юридик ва жисмоний шахсларни рўйхатдан ўтказишни ҳамда улар томонидан савдо фаолияти амалга оширилишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида турғун ва кўчма савдо нуқталарида сотилиши белгиланган. Юмшоқ (фрезерли) музқаймоқ фақат турғун савдо нуқтасида сотилиши шарт. Шу кунгача вилоятимизда музқаймоқлар, шу жумладан, “Андижон музқаймоқ”лари сифати, улардан заҳарланиш бўйича бирор бир шикоят ёки эътироз қайд этилгани йўқ. Лекин халқимиз, айниқса, болажонларимиз саломатлиги билан боғлиқ музқаймоқларнинг сифати, санитария-гигиена меъёрлари асосида сотилиш масаласига бефарқ қарамаслигимиз лозим. Чунки хавфсизлиги кафолатланмаган, сақлаш ва савдо қоидаларига риоя этилмаган ҳолда сотилаётган музқаймоқларни истеъмол қилиш натижасида заҳарланиш, ўткир юқумли касалликлар келиб чиқиши мумкин. Юртдошларимиз музқаймоқ сотиб олишда ўзларининг, айниқса, фарзандларининг саломатлигини ўйлаши, музқаймоқ сотиш, санитария-гигиена талабларига зид ҳолда йўл бўйларида сотилаётган музқаймоқларни имкон қадар сотиб олмасалар мақсадга мувофиқ бўлади. Қолаверса, кўпчиликнинг саломатлиги билан боғлиқ ушбу масалага кенг жамоатчилик ҳам эътиборсиз қарамаслиги лозим.

P/S: Дарҳақиқат, мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида катта йўл бўйларида “Андижон музқаймоғи”ни сотаётган баъзи фуқаролар билан суҳбатда бўлганимизда, уларнинг аксарияти ишлаб чиқарувчига умуман алоқаси йўқлиги, баъзилари эса музқаймоқ сотиш тартибларига, санитария-гигиена меъёрларига амал қилмаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Шу ўринда яна бир гап. Ўз-ўзини банд қилиш, бекорчиликка самарали ечим топиш ва иш ўринлари яратиш, текинхўр ва бошқалардан умидвор кайфиятда яшашдан кўра яхшироқ ва фойдали, албатта. Бироқ қилаётган иши атрофдагиларнинг соғлиғига зарар етказмаслиги, қонуний йўл билан даромад олиб келиши асосий масала саналади. Хулоса эса ўзингиздан…

 Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *