ЗОМИН – ХАВФСИЗ ТУРИЗМ МАСКАНИ

Зомин туманига сайёҳлар ташрифи ортиб бормоқда. Илгари фақат ёз ойларида сайёҳлик оқими кўпайган бўлса, эндиликда мавжуд инфратузилманинг яхшилангани, меҳмон уйларидан тортиб кўп юлдузли меҳмонхоналар хизмати йўлга қўйилгани боис йил давомида сайёҳлар оқими тинмаяпти. 

 Ушбу сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Зомин туманида Хавфсиз туризм таъминлаш бошқармаси яъни туризм полицияси хизмат кўрсатмоқда. 

Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасида 22 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Туризм полицияси ходимлари бетакрор Зомин туманига ташриф буюрган хорижлик туристлар учун хавфсиз шароитларни яратишга ҳамиша шайдирлар. Хушмуомала ходимлар ҳар доим керакли объектни топишга ва керакли йўналишга боришга ёрдам беришмоқда.

Туризм объектларида хизмат олиб бораётган Туризм полицияси ходимларига 2025 йил ярим йиллик давомида жами 901 нафар хорижий ва маҳаллий сайёҳлар мурожаат қилган. Шулардан, 657 нафар сайёҳ манзил ва йўналиш кўрсатиш масаласида юзланган бўлса, 115 нафар сайёҳга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий ёрдам берилди, 304 нафар  хизмат кўрсатишга доир бошқа масалалар бўйича ёрдам кўрсатилди. 

Яқинда туризм полициясида хизмат кўрсатаётган ягона аёл ходим, майор Умида Эгамова Бухоро шаҳрида “Schientifich achademy” илм-марифат маркази томонидан “Ички туризм истиқболлари ва стратегик йўналишлар” мавзусида ўтган халқаро илмий-амалий конференцияда муваффақиятли иштирок этиб, “Юксак эҳтиром” эсдалик нишони билан тақдирланди. Юксак касбий ва инсоний фазилатларга эга бундай ходимлар меҳнати сабаб Зомин хавфсиз ва осойишта туризм масканига айланиб бораяпти. 

Дилором ХОЛМУРЗАЕВА,

Жиззах вилоят туризм бошқармаси ахборот хизмати раҳбари. 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *