Сардорбек Эгамназаров 1991 йилда туғилган, Янгиобод туманидаги Янгиобод шаҳар фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 21 апрелдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилингач, унинг ва укаси Нурбекнинг ҳаётига ҳам ислоҳотлар эпкини кириб келди.
Юртимизда, қолаверса, воҳамизда ҳам мазкур қарор асосида ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббуслари, лойиҳалари ва амалий тадқиқотлари натижаларини рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш, ёш тадбиркорлик субъектларининг саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди. 2021 йилнинг декабрь ойида Сардорбек Қишлоқ қурилиш банкининг туман филиалидан 55 минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит олиб, “Имронбек текстиль” корхонасига асос солди. Албатта, бу осон бўлмади, кредит олиш учун бир йил югурди, хориж техникасини келтириш, тадбиркорликни бошлаб олишда анчагина тер тўкди. У отаси Ғофурназар ака билан маслаҳатлашиб, ҳар ишнинг охирига етишга муваффақ бўлди.
Отаси Ғофурназар Раимназаров 1964 йил ноябрда туғилган, маълумоти олий, Тошкент давлат иқтисодиёт институтини битирган. Уч нафар фарзанди бор, икки ўғил бир қиз. Турмуш ўртоғи ўқитувчи бўлиб ишлаган, ҳозирда ўзи билан корхона ишларига ёрдамлашади. Ғофурназар ака кўплаб давлат ташкилотларида фаолият юритди, фермерлик билан шуғулланди. Айни пайтда ўғиллари ташкил этган тўқимачилик корхонасида иш бошқарувчи бўлиб ишлайди.
—Ўғилларим фахрим, — дейди у. —Бугунги ёшларимиз анчайин журъатли. Сардорбек шу соҳа бўйича Тошкент шаҳрида таҳсил олди, у ерда Германия, Туркиядан келган мутахассислардан таълим олди. Сўнг малакасини ошириш мақсадида Жиззах вилоятидаги “Одина текстиль” корхонасида иш ўрганди. Техникаларимиз четдан келтирилган, лекин бу дастгоҳларимиз билан ишлайдиган алоҳида мутахассис жалб қилмаймиз. Ўғилларимнинг ўзлари бу етхникалар тилини яхши тушунади, ўзлари бошқаради. Мабодо, бузилгудек бўлса четдан, Хитойдан мутахассисларни келтириб таъмирлашга ҳожат йўқ. Корхонамизда эркаклар ва аёллар учун турк технологиялари асосида жемперлар ишлаб чиқарилади. Олган кредитимизнинг 100 фоизини Хитойга чиқариб, техник базамизни у ердан импорт қилдик. Тўртта компьютерлаштирилган дизайн ва тўқиш, битта ип йигирув дастгоҳи келтирдик, 10 та тикув машиналари ва техникаларни ўз маблағимиз ҳисобидан келтирдик. Туркиядан иккита тўқиш дастгоҳи келтирдик.
—Ҳозирда 10 та иш ўрни яратганмиз, — дейди ёш тадбиркор Сардорбек Эгамназаров. — Ходимларимиз асосан кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар, ёшлардан иборат. Маҳсулотларимизнинг иплари Туркиядан келтирилади. Ҳозирча маблағимиз йўқлиги боис, хом ашёни қарзга олиб келаяпмиз. Ҳамма маблағимизни асбоб-ускунага тикканмиз, қолаверса, қурилиш ва ободонлаштириш ишларига сарфлаяпмиз. Корхонада ҳар куни 100 дона маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотлар ички бозорларимизда харидоргир бўлиб, харидорларимизнинг ўзлари бизга буюртма беришади, шу асосда уларга турли маҳсулотларни тайёрлаб берамиз. Дастгоҳларимизнинг ҳаммаси компьютерлаштирилган, буюртма берилган маҳсулотларнинг чизмалари уларда тайёрланади. Келгусида компьютер дизайни билан шуғулланувчи дастгоҳимиздан яна 4 та келтириб, жами сонини 8 тага етказмоқчимиз. Ана шунда ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизнинг шакли, турлари ва қиёфаси янада ошади, кўркамлашади. Айни пайтда Тошкент шаҳридан 7 мингта буюртма олганмиз, ҳозирда шу билан машғулмиз.
—Бу тўқимачилик цехида ишлаётганимга бир йилдан ошди, —дейди тикувчи Ўғилой Холбоева. —Ишим ўзимга жуда ёқади, халқимиз учун жемпер, туникалар ишлаб чиқарамиз. Иш жараёнида тикиш-бичишнинг ўзимиз билмаган кўп жиҳатларини ўргандик. Бир неча хил тикув машиналарида тикишни ўргандим. Маҳсулотнинг ёқа, енгларини ўрнатишни билмасдим, эндиликда яхши ўрганиб олдим. Ходимларимиз билан аҳил-иноқмиз. Бизни иш билан таъминлаб, рўзғоримиз учун даромад топишимизга сабабчи бўлаётган ҳукуматимизга, қолаверса, корхонамиз раҳбарларига катта раҳмат. Бундан шу ерда ишлаётган ҳамма хотин-қизлар хурсандмиз. Ишларимиз яхши бораяпти, бугунга келиб фабрикамизда шароитларимизни янада яхшилаш ишлари кетаяпти.
—Иш бошламоқчи бўлганимизда бир муддат жой тополмай қийналганмиз, — дейди Ғофурназар ака. — Бу бино ишламаётган, вайрона ҳолатда эди, бу ерга кирмасдан олдин ўзимиз таъмирладик. Ҳозирда шу бинони харид қилаяпмиз. Кўриб турганингиздек, офисимиз йўқ, офис қураяпмиз, иссиқлик таъминотини ўтказаяпмиз, ходимларимиз учун кийиниш хонаси, ошхона қуриш ишлари бораяпти. Келгусида янги дастгоҳлар харид қилиб, янги тикув маҳсулотлари турини кўпайтириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш, ишсиз ҳамшаҳарларимизни иш билан таъминлаш ниятимиз бор. Бошланишига яна 10 та иш ўрни яратишни мақсад қилганмиз.
Ғофурназар ака келгусида ўғиллари билан ишлаб чиқариш ҳажмини, маҳсулотлар турларини кўпайтириш, ранг-баранг маҳсулотлар тайёрлаб, элимизга тортиқ қилиш устида тинмай меҳнат қилаётир. Юртимизда ёш тадбиркорларга берилаётган имкониятлар туфайли фарзандларининг ҳаётда ўз ўрнини, ўз касбини топганлигидан миннатдор. Аслида ҳаёт қувончи ҳам фарзандлар камоли, уларнинг юксалаётганини кўришда эмасми?..
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.
(“Жиззах ҳақиқати”)