Бугун ҳаётимизни, жамият тараққиётини алоқа ва интернет хизматларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Тизимдаги узилишлар фуқаролар ва барча соҳалар иш фаолиятига таъсир қилиши ҳаммамизга маълум. Албатта, алоқа ва интернет хизматларининг барқарор ва узлуксиз ишлаши қайсидир маънода ҳар биримизга ҳам боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Телекоммуникация линиялари ва иншоотларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 210-сон қарори қабул қилинган. Қоидага кўра, Ўзбекистон Республикасида телекоммуникация линиялари ва иншоотлари муҳофаза қилинадиган ҳудудларда қурилиш ишларини олиб бориш, уларни сақлаш тартиби белгиланган. Ушбу қоида талабларини бажариш ва унга риоя қилиниши барча корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, юридик ва жисмоний шахсларга мажбурийдир.
Афсуски, кейинги йилларда жисмоний ва юридик шахслар томонидан қоида талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Жорий йилнинг октябрь ойи давомида Ғаллаорол, Фориш ва Пахтакор туманлари ҳудудларида 2 та ҳолат содир этилди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ер қазиш ишларини олиб борган шахслар иш бошлашидан олдин алоқа коммуникациялар эгаларининг ёзма равишдаги розилигисиз, хабардор қилмасдан ва уларнинг иштирокисиз ер қазиш ишларини амалга оширишган. Натижада алоқа линияларини узиб юбориш ҳолатлари содир этилган.
Айбдорлар алоқа коммуникациялари эгаларига 14403518 сўм миқдорда моддий зарар келтириш билан бирга, алоқа ва интернет хизматларининг барқарор ва узлуксиз ишлашига ҳам салбий таъсир кўрсатишган.
Албатта, телекоммуникация линиялари ва иншоотларини муҳофаза қилиш қоидалари талабларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 154-моддаси билан маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Юқоридаги аниқланган ҳолатлар юзасидан “Ўзкомназорат” инспекцияси Жиззах вилояти ҳудудий шуъбаси томонидан белгиланган тартибда баённомалар расмийлаштирилиб, айбдор деб топилган шахсларга нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланилди.
Хулоса қилиб айтганда, барча жисмоний ва юридик шахслар телекоммуникация линиялари ва иншоотларининг муҳофаза ҳудудларида алоқа коммуникацияларининг узилишига ва шикастланишига олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатларни амалга оширишдан олдин, ушбу ҳудудда алоқа линияларининг ўтган-ўтмаганлигини аниқлаштиришлари мақсадга мувофиқ бўларди. Бунда алоқа коммуникация корхоналари ва ташкилотларини хабардор этиш, ёзма равишдаги розилик олиш ва уларнинг иштирокида ишларни амалга ошириш лозим.
Олим МАМАСОЛИЕВ,
Анвар ШАЙЗАКОВ,
Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида
назорат инспекциясининг Жиззах вилояти
ҳудудий шуъбаси етакчи мутахассислари.