ХАЛҚЛАР ДЎСТ ЮРТДА КУНДА БАЙРАМ

30 июль – Халқлар дўстлиги куни дунё миқёсида “бағрикенг юрт” сифатида эътироф этиладиган жонажон Ватанимизда, жумладан вилоятимизда ҳам кенг нишонланди. Ҳафта давомида туманларда, таълим муассасаларида “Дўстлик” фестиваллари ўтказилди. Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан “Адабий дўстлик – абадий” мушоираси ташкил этилиб, миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, дўстлик мадҳ этилди.

 

Асосий байрам тадбирлари 30 июль куни Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ҳайкали қошида бошланди. Бу ерга йиғилган турли ташкилот ва олий таълим муассасалари, миллий маданий марказлар вакиллари бир-бирларини байрам билан қутлашиб, жаҳонда тинчлик бўлишини ният қилдилар. Ўз вақтида Шароф Рашидов ҳам “Адабий муносабатлар  халқларимизнинг файзли дўстлиги шарофатидан тобора мустаҳкамроқ бўлади” дея миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатликка эътибор қаратган эди. Бугун 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ бўлиб яшаётган юртимизнинг бу борадаги тажрибаси ҳам халқаро миқёсда эътироф этилган. Хиёбонга йиғилган турли миллат вакиллари “Буюк карвон” юришини бошладилар. Миллий гвардия отлиқлари ва карнай-сурнай садолари ҳамроҳлигида Ўзбекистон байроғини баланд тутган ватандошлар “Ўрда” экологик боғида тантанали кутиб олинди.

 

Боғда миллий-маданий марказлар кўргазмаси, спортчи ёшларнинг ютуқлари намойишлари, миллий таомлар дастурхони, жонли ижродаги куй-қўшиқлар байрамона руҳни янада кучайтирди. Тадбирда вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Саҳобиддин Болиев сўзга чиқди ва глобал дунёда халқларнинг дўстона муносабатлари ўта аҳамият ли омил эканини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг вилоят бўйлаб ўтказилган “Дўстлик” фестивалининг фаол иштирокчилари, ғолиблари тақдирланди.

 

 

-Мен Жиззах вилояти ривожига санъатим билан ҳисса қўшаётганимдан беҳад мамнунман, – деди фестивалнинг “Энг яхши миллий қўшиқлар ижрочиси” номинацияси ғолиби, Ўзбекистон давлат Филармонияси Жиззах вилоят бўлими хонандаси Гулчеҳра Хайруллина – Татар миллатига мансуб юртдошларимиз ҳам юртимиз тараққиёти учун астойдил меҳнат қилишмоқда. Ўзбекистон ҳар бир фуқаросининг меҳнатини қадрлайдиган юрт.

  

 

 “Энг яхши миллий маданий марказ” номинациясида 1-ўрин вилоят қирғиз, 2- ўрни рус ва 3- ўрин корейс миллий маданий марказларига берилди. Қирғиз ўтови, рус балалайкаси, қозоқ текемети, корейс норигелари тадбирга алоҳида файз бағишлади. Амфитеатрда бўлиб ўтган гала концерт ҳафталикка якун ясади. Дўстлик тароналари сарҳадлар оша ўзбек диёридаги бағрикенглик ҳақида довруқ сочди.

Муқаддас САПАРОВА.

Ш.ЭГАМҚУЛОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *