ҚУРУВЧИЛАРГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги Фармонига асосан мамлакатимизда  август ойининг иккинчи якшанбаси қурилиш соҳаси ходимлари куни этиб белгиланди. Шу муносабат билан вилоят ҳокимлигининг анжуманлар саройида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда соҳа вакиллари, тажрибали муҳандислар, меъморлар, усталар ҳамда ёш мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон”ни барпо этиш йўлида қурилиш соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, халқимиз   минг-минглаб моҳир қурувчи ва муҳандисларни, уста ва меъморларни, лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар вакилларини “Янги Ўзбекистон” равнақига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонлар деб билади, дея таъкидлади.

Жорий йилда вилоятимизда катта бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, 134 та 5700 хонадонли шундан, “Янги Ўзбекистон” массивларида 26 та 1080 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар жами 22 та 1298 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Давлат дастурларига асосан 2 триллион 498 миллиард сўм маблағ ажратилиб, вилоятимиздаги 1696 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ажратилган маблағлар ҳисобидан 20 та мактаб, 8 та МТТ, 4 та тиббиёт, 2 та олий таълим ва 1 та маданият объектида қурилиш ва таъмирлаш ишлари белгиланган муддатда ниҳоясига етказилади.

Йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича 22 та кўприк, 251 км умумфойдаланишдаги ва 470 км ички йўлларни асфальтлаштириш,
90 км ички йўлларни цемент-бетон қилиш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Жумладан, Жиззах шаҳар марказидан М-39 “Тошкент-Термиз” автомагистраль йўлига чиқиш учун янги йўналишдаги 4 км автомобиль йўли ва 700 погонометрли йўл ўтказгич ҳамда икки полосали йўл ва туннель қурилиши ишлари жадал олиб борилмоқда. Натижада шаҳар марказидан тўғридан-тўғри М-39 автомагистраль  йўлига ҳамда “Янги Ўзбекистон” массивига чиқиш имконияти яратилади. Бу билан шаҳарда транспортлар ҳаракатидаги  тирбандликларнинг олди олинишига эришилади.

Қурувчилар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида бир гуруҳ соҳа фидойиларига вилоят раҳбари фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

Тадбир сўнгида байрам иштирокчилари учун концерт дастури намойиш қилинди.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото). 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *