МУСТАҚИЛЛИК – ЭНГ УЛУҒ ВА ЭНГ АЗИЗ БАЙРАМ СИФАТИДА

Дунёдаги ҳар бир давлат каби Ўзбекистоннинг миллий суверенитети ва мустақиллиги унинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаши, ўз халқининг тинч ва фаровон ҳаётини, унинг энг муҳим манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган мустаҳкам сиёсий-ижтимоий замин ва куч-қудрат манбаидир.

 Мустақилликка эришиш, албатта, осон кечмаган.Машаққатли меҳнат, миллатимиз зиёлиларининг бошдан кечирган мураккаб синовлар, йўқотишлар ва қурбонлар эвазига бугунги фаровон кунларга эришдик. Бу ҳақда тўхталиб Муҳтарам Президентимиз шундай таъкидлайдилар:“Халқимиз қалбидаги ҳуррият сари эзгу интилишни ҳеч қандай босқин, зулм ва зўравонликлар йўқота олмади. Бунга кўҳна тарихимизнинг ўзи гувоҳ”.

1991 йил 31 августда мард ва олижаноб халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан қўлга киритилган миллий истиқлолимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги барча ислоҳотларимиз ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги тарихий шароитда ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилган мустақиллик, барча сиёсий-ҳуқуқий кафолатларни ўзида мужассам этган ҳолда, “Ўзбекистон–2030” стратегиямизни рўёбга чиқариш, жамиятимизда тинчлик – осойишталик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтириш, инсон шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, минтақамизда яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантириш, дунё мамлакатлари билан фаол ва самарали ҳамкорлик қилиш, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда беқиёс таянч бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ўз давлат мустақиллигини қўлга киритган буюк тарихий кун-халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаган, ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида катта шоду хуррамлик билан нишонланадиган қутлуғ айёмдир.

2025 йил 10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда миллий истиқлолнинг 34 йиллик шонли санаси Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт даражаси, жаҳон майдонидаги обрў-эътиборига ҳар томонлама муносиб тарзда, юксак савияда нишонланиши белгилаб қўйилди.

 Янги Ўзбекистон тарихидаги буюк ва шонли сана-Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамини халқимиз катта шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда.

Мамлакатимизда янги демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ўтган даврда амалга оширилган улкан ишлар, эришилган юксак натижаларда, ҳеч шубҳасиз, ҳаётимизнинг турли соҳа ва тармоқларида фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг беқиёс ҳиссаси бор.

Бундай олижаноб инсонларнинг эл-юрт олдидаги хизматларини эътироф этиш, айниқса, ёшларимизни юксак марралар сари руҳлантириш, улар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Миллий анъана ва қадриятларимизни ривожлантириш, улуғ аллома аждодларимиз илмий меросини чуқур ўрганиш, ёшларимизни Ватанга муҳаббат, илм-маърифатли, интеллектуал баркамол авлод этиб тарбиялашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда.       

Мустақиллик йиллари давомида барча жабҳаларда, жумладан, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва санъат, соғлиқни сақлаш, спорт, ижтимоий, иқтисодий, маънавият соҳаларида, турмуш тарзимиз мазмунида туб ўзгаришлар амалга оширилди.

Мустақиллик натижасида “Инсон манфаатлари – олий қадрият” шиори ўртага ташланди. Инсоннинг энг устувор ва муқаддас ҳуқуқларидан бири – бу тинч яшаш ҳуқуқи экани, давлат ва жамиятнинг бурчи ана шу ҳуқуқни барча қонуний воситалар билан кафолатлаб беришдан иборатлиги, бу ҳуқуқни амалга ошириш давлат ва жамиятни демократлаштиришнинг энг муҳим шарти экани, демократиянинг инсонпарварлиги ҳам шу билан белгиланиши кун тартибидан жой олди.

Албатта, мустақил юртимиз тараққий этган давлатлар қаторига қўшилиши, демократик жамият қуриш энг аввало, қонунларимизни такомиллаштиришни тақозо қилади, шу боисдан ҳам, қонунчилик соҳасида мисли кўрилмаган ислоҳотлар ўтказилди.

Кейинги йилларда мустақил юртимизда қонун устуворлиги биринчи ўринга чиқди. Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг бош мезони бўлиб қолди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг таълим соҳаси мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим талабларидан бири эканлигини алоҳида таъкидладилар ва янги ғояни илгари сурдилар: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб, хизмат қилиши лозим”.

Юртбошимиз ўз фикрларини давом эттирар экан: “Агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса – бутун жамиятимиз ўзгаради”, деган фикрлари билан – таълим-тарбия натижасида жамиятимиз ўзгариши ва бунда ҳар бир соҳани замонавий билимларга эга кадрлар билан таъминлашга эҳтиёж борлигини таъкидлайдилар.

Бугунги кунга келиб, мустақиллик натижасида таълим соҳасидаги ислоҳотлар илгари тарихимизда мисли кўрилмаган ўзгаришларга олиб келаётгани, мактабгача таълим тизимида қамров 2017 йилдаги 27 фоиздан ҳозирги пайтда 77 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга етгани, юртимизда ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар ва Президент мактаблари каби янги моделдаги мактаблар тизими пайдо бўлгани Янги Ўзбекистоннинг эртанги келажагини барпо этишда муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатади.

Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда: “Мустақиллик куни биз учун, келгуси   авлодларимиз учун доимо энг улуғ, энг азиз байрам бўлиб қолади”.

 

Ботир УЗОҚОВ,
ЖизПИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси доценти.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *